Россия, коронавирус: Ишимизни кескин қисқартиришга мажбурмиз - Koronavirus

  • Соҳиба Ҳаёт
  • Би-би-си, Москва
Россия

Россияда бир ойлик карантиннинг эълон қилиниши нафақат ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига, балки уларга хизмат кўрсатишга асосланган бизнес турларига ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

Ўзбекистонга ҳаво, темир йўллар ва автоуловлар орқали юк ташиш билан шуғулланувчи «Юмэкс» компанияси бу инқирозли вақтда фаолияти қисман чекланганини билдирди.

- Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб авж олган коронавирус пандемияси барча соҳаларда салбий таъсирини кўрсатмоқда. Шу маънода карантин биз учун ҳам анча ноқулайликларга сабаб бўлди. Бироз аввалроқ бизнинг асосий хизмат кўртсатиш транспорт воситамиз ҳаво йўллари учоқлари орқали амалга ошириларди. «Внуково» аэропортидан Ислом Каримов аэропортига Москва-Тошкент йўналишида совға-юклар жўнатилар эди. Асосан, муҳожирларнинг буюмлари ва интернет буюртмаларни 3-5 кунда ўз эгаларига етказиларди, - дейди «Юмэкс» МЧЖ раҳбари Аъзам Каримбердиев.

Март ойидан бошлаб Россия ва Ўзбекистон бўйлаб қатновчи авиапарвозлар ва темирйўллар қатновининг тўхтатилиши компания ишини ҳам қисқартирди.

Тадбиркорлар бу инқирозли вазиятда ўз бизнесини асраб қолиш учун нималар қилмоқда?

- Апрель ойи Россия президентининг қарорига биноан, карантин ойи деб эълон қилингани муносабати билан биз ҳам иш фаолиятимизни кескин қисқартиришга мажбур бўлдик. Шу шароитдан келиб чиққан ҳолда, катта юк ташувчи машиналар юкларни етказиб беришни йўлга қўйдик. Табиийки, вазиятга кўра етказиб бериш муддатлари узайтирилди, - дейди фирма раҳбари.

Аммо компания фаолиятининг чекланиши фақатгина йўллар бекилиши ва қатновларнинг тўхтатилиши билан боғлиқ эмас. Карантин вақтида кўплаб муҳожирларнинг ишсиз қолиши уларнинг моддий имкониятларини чеклади ва бу ўз навбатида уйга ва оила аъзоларини совға-саломлар юборишларини тўхтатди. Юк ҳажми камайди, компанияга мурожаат қилувчилар сони кескин қисқарди.

- Шунга қарамай, Москвадаги манзилимизда юкларни йиғишда давом этаяпмиз. Бу борада ҳамкорларимиз, мижозларимизнинг таклифларига тайёрмиз, - дейди Аъзам Каримбердиев.

Ўтган ҳафта Президент Путин Россияда карантинни 30 апрелгача узайтирган, бу муддат давомида аҳолининг маош ва нафақалари тўлаб берилишини айтганди.