Коронавирус ва Марказий Осиё: Жаъми олти ўзбекистонлик ўлди, Туркманистон ва Тожикистон ҳам хавотирдами? Koronavirus

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Коронавирус ва Марказий Осиё: Ўлим сони яна ошди, Туркманистон ва Тожикистон ҳам хавотирдами? - минтақада коронавирусдан ўлим ҳоллари 14 тага етди.

Сўнгги икки ҳолат Ўзбекистон ва Қозоғистонда қайд этилди.

Ўзбекистонда ўлим ҳоллари учта, Қозоғистонда еттитага чиқди. Қирғизистонда эса, бу рақамлар тўрттани ташкил этиб турибди.

Ўтган уч кун ичида илк бор хориж - Америка Қўшма Штатларида ҳам уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусдан вафот этгани расман ўзининг тасдиғини топди.

Ўзбекистон четдаги фуқаролари коронавирус сабаб ҳаётдан кўз юмган биринчи минтақа давлатига ҳам айланди.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

Коронавирус ҳозирга келиб дунёнинг энг кўп сонда ўзбекистонликлар ҳозир бўлган барча давлатларига кириб бориб бўлган.

Уларнинг орасида биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони расман икки миллиондан ортиши айтилувчи Россия ҳам бор.

Россия жорий пайтда энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилаётган собиқ Шўро давлати бўлади.

Бугунга келиб Россияда коронавирусга чалинганлар сони расман қарийб 9 минг кишига яқинлашган. Уларнинг 60 дан ортиқроғи вафот этган.

Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлигига оид расмий маълумотлар шу пайтгача Россиянинг ўзида эълон қилинмаган.

Коронавирус, дунё ва ўзбеклар

Сурат манбаси, officia

Хориждаги миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари орасида энг кўп коронавирус юқтириш ҳоллари ва дастлабки ўлим ҳолатлари эса, айнан Америка Қўшма Штатлари ҳисобига тўғри келиши маълум бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 7 апрел куни янги рақамларни эълон қилган.

Четдаги коронавирус юқтирган Ўзбекистон фуқаролари сони 23 тага етгани маълум бўлган.

Улардан 10 таси Америка Қўшма Штатлари ҳисобига тўғри келган. Қолганлари Австрия (1), Арманистон (1), БАА (1), Корея Республикаси (1), Покистон (5), Россия (1), Таиланд (1) ва Қозоғистон (2) да қайд этилган.

Вазирлик бу ҳақдаги маълумотларни сўнгги бор 26 март куни эълон қилган.

Ўшанда Австрияда бўлиб турган бир нафар ўзбекистонликка коронавирус ташхиси қўйилгани маълум бўлган.

Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари орасидаги коронавирусдан дастлабки уч ўлим ҳолати ҳам АҚШда кузатилган.

Барчаси ўтган саккиз куннинг ичида Нью-Йоркда юз берган.

Марҳумлардан бири аллақачон Нью-Жерси шаҳрида дафн ҳам этилган.

Америка Қўшма Штатларида турли иш, юмуш, таҳсилда банд ва Грин карта ёрдамида яшаш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонликлар сони уч юз мингга яқин экани айтилади.

АҚШ жорий пайтда дунёнинг коронавирус билан боғлиқ энг ёмон вазият қайд этилиб турган давлати бўлади.

Бу ерда коронавирусга чалинганлар сони 360000 кишидан ортган. Ўн мингдан ортиқроғи вафот этган.

Коронавирус, чоралар ва дипломатия

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда коронаврус пандемияси сабаб, ҳафталарки, кучайтирилган тартиб амалда.

Қозоғистонда фавқулодда вазият, Қирғизистонда эса, бунгақўшимча яна комендантлик соати кучда.

Ҳар уч минтақа давлатида ҳам бир кунда аниқланаётган коронавирус ҳолларининг сўнгги кунларга келиб изчиллик билан ортиб бораётгани кузатилади.

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон жорий пайтда коронавирус расман қайд этилган уч Марказий Осиё давлати бўлиб туришибди.

Марказий Осиёда коронавирус ҳолати илк бор Қозоғистон мисолида шу йилнинг 13 март куни аниқланган.

Бугун, 8 апрель ҳолатига келиб, минтақада коронавирусга чалинганлар сони расман жаъми бир ярим минг кишидан ортган - рақамлар 1513 тага етган.

Ўзбекистоннинг ўзида бу рақамлар бугунга келиб 534 кишига чиққан.

Ўзбекистон жаъми коронавирус ҳоллари бўйича сўнгги бир неча куннинг ўзида Қозоғистондан кейин иккинчи минтақа давлатига айланган.

Ўзига бевосита чегарадош ва дунёнинг иккинчи энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи давлати бўлган Афғонистонни ҳам ортда қолдирган.

Президент Шавкат Мирзиёев бунгача, яъни, ўзининг коронавирус пандемиясига бағишланган сўнгги - 3 апрель кунги видеоселектор йиғилишида вазият янада мураккаблашиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Барчани бунга тайёр бўлишга ҳам чақирганди.

Ўзбекистонлик масъуллар ҳам куни-кеча карантин остида бўлганлар бор экан, бу рақамлар яна ортиши эҳтимолини назардан соқит этишмаган.

Яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, жорий пайтда Ўзбекистонда стационар ва уй шароитида карантин остида тутиб турилганларнинг жаъми сони 100000 кишидан ортади.

Бугун, 8 апрель куни ҳозирга қадар олтмиш мингдан зиёд одамнинг коронавирусга текширилгани маълум бўлган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта сондаги давлати бўлади.

Сўнгги расмий маълумотларда Ўзбекистон фуқароларининг сони 34 миллиондан ортиши айтилади.

Президент Шавкат Мирзиёев худди шу манзарада Ўзбекистонга бевосита чегарадош барча минтақа давлатлари президентлари билан коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни муҳокама этиб олган. Улардан айримларига ҳатто такрор сим қоққан.

Ҳамкорликда иш олиб бориш, ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришнинг муҳимлигига эътибор қаратган.

Ўтган ҳафта Қирғизистон ва Афғонистонга махсус инсонпарварлик ёрдамлари ҳам юборган.

Мамлакатидаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият манзарасида Ўзбекистон Президентининг бу каби саъй-ҳаракатлари куни-кеча Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари нигоҳига ҳам тушган.

Бугун, 8 апрель куни Қозоғистон Президенти ҳам янгича ташаббус билан чиққан. Минтақа давлатлари ҳукуматлари кўмак сўрайдиган бўлишса, ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирган. Твит қилган.

Ўзбекистоннинг ўзига шу пайтгача АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой кўмак беришган. Махсус инсонпарварлик ёрдамларини юборишган.

Туркманистон ва Тожикистон хавотирдами?

Сурат манбаси, official

Сўнгги кунларда ҳалича бирор бир коронавирус ҳолати расман қайд этилмаган Тожикистон ва Туркманистон ҳам эҳтиёт чоралари ҳаракатида эканига оид расмий хабарларнинг сони ортган.

Шу кунларда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов коронавирус пандемиясига расман эътибор қаратгани маълум бўлган.

Туркманистон раҳбари куни-кеча Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисини ўтказган.

Глобал пандемиянинг ўз иқтисодларига салбий таъсири оқибатларини юмшатиш масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Худди шу йиғиннинг ўзида масъул вазирига дунёдаги коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни кузатиб туришни топширган.

Туркманистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун лозим бўлган тақдирда қўшимча профилактик чоралар кўришни буюрган.

Бу ҳақда яна Туркманистон давлат ахборот агентлигининг ўзи расман хабар берган.

Таъкидлаш жоиз, аксарият Марказий Осиё давлатларига коронавирус кириб келган ўтган қарийб бир ой вақт давомида Туркманистондан бу каби расмий хабар деярли бўй кўрсатмаган.

Яқинда мавжуд вазиятга, ҳатто, "Чегара билмас мухбирлар"халқаро ташкилоти эътибор қаратган.

Ташкилот Туркманистон давлат оммавий-ахборот воситаларида коронавирус сўзини тилга олиш тақиқлангани ҳақида ёзган.

Шавкат Мирзиёевнинг Гурбангули Бердимуҳаммедов билан коронавирус пандемиясини ҳам муҳокама этиб олган кетма-кет икки телефон мулоқотидаги муҳим нуқталар ҳақида Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг буткул жим қолгани ҳам эътиборни тортган.

Ашхободдаги йиғинда эса, Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Хитойдаги коронавирус хуружига оид хабарни эшитишлари билан Туркманистон чегараларини ёпгани, чет элликларнинг келишини тақиқлаб қўйганини яна бир бор тилга олган.

Туркманистон раҳбарига кўра, худди шу нарса коронавируснинг ўз мамлакатларига кириб келишига йўл бермаган.

"Ўзлари бу йўлда кўраётган барча чоралар мутлақ фуқароларининг саломатлигини сақлаб қолишга қаратилган"ини айтган ва улар узуккун олиб борилиши кераклигини таъкидлаган.

"Хроника Туркменистана" нашрининг ёзишича, пойтахт Ашхободга киришда аҳволига қараб, одамларнинг ҳароратлари ўлчанмоқда.

Шаҳардаги дўконлар вақти-вақти билан дизинфекция этилмоқда.

Четдан келаётган одамлар эса, Туркманободда карантинга олинмоқда.

Туркманистон коронавирус масаласида БМТ ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан бирга иш олиб бораётгани маълум бўлган.

Аммо нейтрал бу мамлакат дунёдаги энг ёпиқ ва таҳлилчилар баҳосида, ҳануз авторитар давлатлардан бири сифатида кўрилади.

Расмий Ашхобод тақдим этиб келаётган маълумотлар ҳам шунга яраша эътибор, талқин, таҳлил топиб келади.

Орада Туркманистондаги коронавирус ҳолларига оид киберфазода бўй кўрсатган хабарлар эса, туркманистонлик масъуллар томонидан изчил равишда рад этилган.

"Тожикистонда коронавирус йўқ..."

Сурат манбаси, official

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган ҳафта айнан коронавирус масаласида расман раддия билан чиққан.

Бунга Тожикистон шимолида 60 ёшли беморнинг коронавирусдан вафот этганига оид хабарлар сабаб бўлган.

Вазирлик ўз баёнотида "Тожикистонда коронавирус йўқ"лигини айтиб, бу каби "гап-сўзларга ишонмаслик"ка чақирган.

Вазирликка кўра, Тожикистон шимолидаги 60 ёшли бемор коронавирусдан ўлмаган.

Бунга пневмония сабаб бўлган. Ўлимига қадар олинган намуналарда коронавирус аниқланмаган.

Бемор аввал хабар берилганидек Қирғизистонда ҳам бўлмаган.

Қирғизистон жорий пайтда Ўзбекистон ва Қозоғистондан кейин коронавирус расман аниқланган учинчи Марказий Осиё давлати бўлиб турибди.

Унинг вафоти ортидан карантинга олинган 11 нафар тиббиёт ходими ва икки яқинида ҳам такрорий тестлар манфий натижа берган.

Аммо, барибир, уларнинг яна 14 кун тиббий назорат остида бўлишлари айтилган.

Бемор ётган касалхонанинг карантинга ёпилгани маълум бўлган.

Вазирлик Тожикистонда шу пайтгача уч мингга яқин киши коронавирусга текширилганини ҳам айтиб ўтган.

Аён бўлишича, уларнинг бирортасида коронавирус тасдиқланмаган.

Ўттиздан ортиқ намуна эса, ҳатто, қайта текширув учун Лондон ва Москвага юборилган. Шунда ҳам коронавирус аниқланмаган.

Вазирликка кўра, карантин остида қолаётган уч мингга яқин кишининг ҳам аҳволи барқарор.

Бу ҳақда куни-кеча вазирлик баёнотига таяниб Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашри хабар берган.

Ўлим ҳолати шимолий Сўғд вилоятининг Жаббор Расулов туманида юз берган.

Сўғд куни-кеча Президент Эмомали Раҳмон бир неча кун бўлиб, кўп минг кишилик Наврўз айёми тантаналари ва қатор фестивалларни ўтказиб қайтган вилоят бўлади.

Тожикистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош вилояти саналади.

6 апрел куни Президент Раҳмон Душанбе шаҳар ҳокими бўлган тўнғич ўғли билан пойтахтдаги қатор хиёбонларни кезган. Лола фестивалида ҳам иштирок этган.

Тожикистон ҳам жорий пайтда дунёнинг коронавирус расман қайд этилмаган саноқли давлатларидан биттаси бўлиб турибди.

Аммо яқинда Президент Раҳмон яна коронавирус масаласига расман эътибор қаратган.

Қирғизистон ва бунинг ортидан Ўзбекистон Президентлари билан гаплашиб олган.

Тожикистонга пандемияга қарши курашда ёрдам бериш ҳаракатида бўлган халқаро ташкилотларнинг сафи ҳам кун сайин ортиб бораётгани кузатилган.

Жаҳон Банки ортидан, АҚШ ҳукумати ва Халқаро Валюта жамғармасининг ҳам шунинг режасида эканига оид хабарлар олинган.

Шу кунларда расмий Душанбе коронавирус боис, четда қолиб кетган фуқароларини ортга қайтариш ҳаракатида экани кўрилган.

Тожикистон Бош вазири россиялик ҳамкасби билан бунга қўшимча коронавирусга қарши кураш масаласини ҳам муҳокама этиб олган.

Коронавирус пандемияси сабаб дунёда бўй кўрсатиши мумкин бўлган бўҳроний вазият манзарасида Тожикистон давлат бюджети тушуми ва чиқими қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Аммо дунёдаги футболнинг ватани бўлган давлатлар қадар эҳтиёткорликни афзал билган бир паллада Тожикистонда шу кунларда янги футбол мавсуми бошланган.

Ҳатто Саудия Арабистони Ислом оламида энг муқаддаслари бўлган икки масжиди қадар ёпиб, бу йилги Ҳаж зиёратига шошмасликка чақираётган бир манзарада коронавирус хавфи боис беркитган барча масжидларини икки ҳафтадан сўнг яна қайта очиб юборган.

Атлас, адрас, асал, нон, картошка, лола фестиваллари бўладими ёки бошқа, оммавий тадбирларда ҳам узилиш кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek