Ўзбекистон, коронавирус: Эпидемия қачон ўз чўққисига чиқади? O'zbekiston, koronavirus

Тошкент, карантин

Ўзбекистонда 1 апрелдан жорий этилган «ўзини яккалаш» тартиби 6 апрелдан мажбурий тус олди. Расмийлар халқ орасида «карантин» номи билан маълум ушбу тартиб қачонгача давом этиши номаълум эканини билдирган бир пайтда, Хитойда тадқиқот олиб бораётган биолог Бахтиёр Шералиев бу борада ўз тахминларини билдирди.

6 апрелдан "ўзини яккалаш" ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилган.

Мазкур тартибга биноан шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва бошқалар) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади.

65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар эса ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.

Одамлар орасида ушбу тартибнинг қанча пайт давоми этиши мумкинлиги юзасидан саволлар кўпайган.

Айни вақтда Хитойнинг Чунсин шаҳрида докторлик тадқиқотини олиб бораётган ўзбекистонлик биолог Бахтиёр Шералиев ўзининг Телеграм каналида эълон қилган видеоизоҳида, агар жорий этилган қоидаларга амал қилинмаса, карантин «бемалол кузга қадар давом этиши»ни тахмин қилади.

"Хитойда вазият юмшамоқда"

Сурат манбаси, Telegram

Коронавирус пандемияси бошлангандан бери Хитойда яшаётганини айтган Бахтиёр Шералиев одамлар карантин талабларига қатъий амал қилгани ортидан бу мамлакатда вазият яхшилана бошлаганини маълум қилади.

Унинг фикрича, ушбу омил аҳолиси 1,5 миллиардга яқин бўлган Хитойда эпидемиянинг кенг тарқалиб кетмаслигига замин яратган.

«Бу ерда январь ойи охирида карантин эълон қилиниб, жамоат жойларига чиқиш, кўчаларга чиқиш тақиқланган бўлса, шундан кейин кўчаларда деярли ҳеч кимни кўрмадим», сўзлайди мутахассис.

"Бизнинг шаҳар [Чунсин]да маска билан юриш мажбурий бўлмаган бўлса ҳам, одамлар юз фоиз маска билан юрганди", қўшимча қилади у.

Шералиев шу кунларда Хитойда вазият юмшаб, шаҳарларга одатий ҳаёт қайта бошлаганини айтади.

76 кунга чўзилган локдаундан сўнг коронавирус илк бор аниқланган Хитойнинг Ухан шаҳри 8 апрелда қайтадан очилган. Йўлларга машиналар қайтган, поезд ва учоқларга шаҳардан чиқишга рухсат берилган.

«Менимча, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш Хитойда вируснинг кенг тарқалиб кетмаслигига сабаб бўлди», дейди Шералиев.

«Эпидемия Ўзбекистонда ҳали чўққига етиб бормади»

Сурат манбаси, IIV.uz

Бахтиёр Шералиевнинг таъкидлашича, касаллик тарқалган ҳудудда аҳолининг барча қисми карантин талабларига тўлиқ амал қилган тақдирда, эпидемия, ўртача, икки ҳафтада ўз чўққисига кўтарилиши мумкин.

«Ҳозирда давлат карантин қоидаларига жуда қаттиқ эътибор қилмоқда, лекин ҳамма ҳам кўриб турган бўлса керак, карантин қоидаларини бузаётганлар талайгина», сўзлайди у.

Мутахассис уйда ўтирмаётган ўзбекистонликлар орасида вирус тарқатувчилар бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

У ана шундай шахслар тўлиқ карантинга олинмагунга қадар эпидемия давом этаверишини таъкидлайди.

«Агар ҳозирдан карантинга тўлиқ амал қилишни бошласак ҳам, эпидемиянинг чўққисига апрель ойининг охирида етиб борамиз».

"Қоидаларга амал қилган тақдиримизда эпидемиянинг тушиши июнь ойининг ўрталарига тўғри келади. Июлга бориб, пандемиядан батомом халос бўламиз", башорат қилади мутахассис.

Бахтиёр Шералиев ўзбекистонликларни ўзини яккалаш тартибига бўйсуниш, айниқса, камқонлик, қандли диабет, нафас йўллари касалликлари каби сурункали хасталикларга чалинган одамларга уйдан ташқарига чиқмасликни тавсия қилади.

"Биз ҳозир кўтарилиш босқичидамиз"

7 апрель куни телевидение орқали чиқиш қилган Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирус эпидемиясининг кўтарилиш босқичи бошланганини маълум қилган.

«Ҳар қандай пандемиянинг бошланиши, кўтарилиши, авж олиши, пасайиши ва бартараф бўлиши, деган босқичлари бўлади. Биз ҳозир кўтарилиш босқичидамиз», билдирган мулозим брифинг давомида.

Отабековнинг сўзларига кўра, карантинда сақланаётган 100 минг нафар ўзбекистонлик 14 кун давомида ҳали кузатиб улгурилмаганидан эпидемиянинг янада кучайиш эҳтимоли мавжуд.

Айни вақтда, Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси қачон ўз чўққисига чиқиши мумкинлиги борасида ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Бундан аввалроқ - 1 апрель куни Нурмат Отабеков Ўзбекистонда карантин даври қачон ўз ниҳоясига етиши мумкинлигини тилга олган эди.

У карантин даврини тугатиш масаласи энг охирги аниқланган бемор ҳам шифохонага ётқизилганидан 14 кун ўтгач, бошқа ҳеч кимда касаллик аниқланмаганига тўлиқ ишонч ҳосил қилингандан сўнг кўриб чиқилишини маълум қилган.

Бош давлат санитария инспекторининг қайд этишича, карантин даврини тугатиш Республика махсус комиссияси қарорига кўра амалга оширилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek