Коронавирус: Шавкат Мирзиёев дипломатияси, иқтисодга нима бўлади ва оппоқ қор - Ўзбекистон, koronavirus

Prezident

Сурат манбаси, official

Коронавирус: Мирзиёев дипломатияси, иқтисодга нима бўлади ва оппоқ қор - ўтган бир суткада Ўзбекистон, минтақа ва дунёда нималар ўзгарди?

Ўзбекистон:

Сурат манбаси, official

1. Бугун, 9 апрелга келиб, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 582 кишига етди. Яна 36 та янги ҳолат аниқланди. Аммо бундан ортиқ тафсилотлар берилмади. Ўзбекистонда коронавирус расман шу йилнинг 15 март куни аниқланган. Шу пайтгача 38 бемор соғайган.

Уч нафари ҳаётдан кўз юмган. Вирус мамлакатнинг деярли барча вилоятига кириб бориб бўлган. Ўзбекистон жаъми коронавирус ҳоллари бўйича сўнгги бир неча куннинг ичида минтақада Қозоғистондан кейин иккинчи давлатга айланган. Ўзбекистонда коронавирус манбаси мамлакатнинг четдан қайтган фуқаролари бўлиб турибди.

Ўтган уч кун ичида илк бор хориж - Америка Қўшма Штатларида ҳам уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусдан вафот этгани расман ўзининг тасдиғини топган. Ўзбекистон четдаги фуқаролари коронавирус сабаб ҳаётдан кўз юмган биринчи минтақа давлатига ҳам айланган.

2. Карантин остида қолаётган ўзбекистонликлар сони камайган. Сўнгги расмий маълумотларга кўра уларнинг сони 86 минг кишига тушган. Ўтган бир неча кун давомида бу рақамларнинг юз мингдан ортиқроқ экани айтиб келинган. Карантин чоралари янада кучайтирилган - Тошкент вилоятининг тўрт шаҳри ҳам карантин остига тушган. Бу каби тартиб ўтган бир ҳафта давомида Ўзбекистоннинг барча марказий шаҳарларида амалда эди.

Президент Шавкат Мирзиёев бунгача, яъни, ўзининг коронавирус пандемиясига бағишланган 3 апрель кунги видеоселектор йиғилишида вазият янада мураккаблашиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Барчани бунга тайёр бўлишга ҳам чақирганди. Ўзбекистонлик масъуллар ҳам куни-кеча карантин остида бўлганлар бор экан, бу рақамлар яна ортиши эҳтимолини назардан соқит этишмаган.

3. Ўзбекистонда коронавирусга текширилганлар сони расман 70 минг кишидан ортган. Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади. Расмий рақамларда Ўзбекистон фуқароларининг сони ҳозир 34 миллион кишидан ортади. Ўзбекистон яқинда Хитойдан 200 минг дона тест-тизими сотиб олган. Хитой дунёнинг коронавирус ўчоғи бўлган давлатидир. Вирус Хитойда ўтган йил 31 декабрь куни расман қайд этилган. Бугунга келиб, мамлакат пандемия устидан тўлиқ ғалаба қозонганини айтмоқда.

4. Коронавирус боис 24 мартдан кучайтирилган тартиб амалда бўлган Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ўтган бир кеча-кундуз давомида қор ёққан. Кучли шамол кузатилган. Апрель ойида кузатилган ғайриодатий об-ҳаво деярли барча вилоятларда ноқулайликларга сабаб бўлган. Дарахтлар қулаган. Электр таъминотида узилишлар кузатилган. Айрим маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ўн минглаб оилалар электр таъминотисиз қолган. Кутилмаган қор ва электр таъминотидаги узилишлар Ўзбекистонда коронавирус пандемияси боис пойтахт Тошкент ва вилоят марказларида, уч кундирки, кучайтирилган ўз-ўзини иҳоталаш тартиби амалда бўлган бир пайтга тўғри келган. Коронавирус пандемияси фонида кузатилган табиатнинг бу каби аномалияси ҳам оддий ўзбекистонликлар орасида иқтисодий вазиятнинг янада оғирлашиши мумкинлигига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаган. Бу хусусда расмий баёнотлар ҳалича бўй кўрсатмаган.

5. Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 8 апрель куни ўтган уч ҳафтанинг ичида коронавирус борасида ўзининг бешинчи видеоселектор йиғилишини ўтказган. Яна муаммонинг кўлами ва ечимларига эътибор қаратган. Пандемиянинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш масаласига диққат қилган. Яна халққа гапирган. Томорқалар қадар тўхталган. "Худо хоҳласа, бутун дунёнинг бошига келган бу синовдан ёруғ юз билан чиқиб олишлари"ни айтган.

Аммо бу гал йиғилишдан эълон қилинган расмий суратлар айрим маҳаллий нашрларда унинг илк бор масофадан туриб олиб борилганига оид талқинларга сабаб бўлмай қолмаган. Лекин расмий хабарда бу ўзининг ифодасини топмаган. Худди шу манзарада йиғилишда масофадан туриб иштирок этган деярли барчанинг юз ниқобларида экани кўрилган.

Аввалгиларидан фарқли тарзда, бугунги расмий суратларда фақат биргина бевосита йиғилиш иштирокчисининг борлиги ҳам кўзга ташланган. Бунгача Ўзбекистонда Президент Администрацияси биносига киришда одамларнинг коронавирусга текширилгани ҳолати маълум. Аммо Шавкат Мирзиёевнинг бундай текширувдан ўтгани ёки бунга бирор бир эҳтиёж бўлгани ёки йўқлиги ҳақидаги хабарлар ҳозирча бўй кўрсатмаган. Лекин сўнгги ҳафталарда вилоятларга сафарлари сийраклашган. Асосан пойтахт Тошкентда экани кўрилган.

6. Коронавирус пандемияси шароитида ҳам янги Ўзбекистон ўзининг дипломатик саъй-ҳаракатларини давом этдирган. Бу гал яна бир қўшниси - Тожикистонга махсус инсонпарварлик ёрдами юборган. Тожикистондаги айрим етакчи интернет нашрларининг ёзишича, кўмак шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармойиши билан кўрсатилган. Тожикистонга 18 вагон тиббий ва озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилган. Тожикистон ва Туркманистон шу пайтгача Марказий Осиёнинг коронавирус расман қайд этилмаган икки давлати бўлиб туришибди. Худди шу боис ҳам, сўнгги янгилик айрим маҳаллий нашрларда Ўзбекистон ҳали коронавирус қайд этилмаган давлатга кўмак юборди қабилидаги талқинларга ҳам сабаб бўлган. Ўзбекистон бунгача коронавирусга қарши курашида Хитой, Эрон, Афғонистон ва Қирғизистонга ёрдам берган. Тожикистон борасида нега бу каби қарорга келгани сабаби маълум эмас. Аммо бунда бир ҳафтача олдин Тожикистон Президенти қирғизистонлик ҳамкасби ортидан, Шавкат Мирзиёев билан ҳам коронавирус мавзусини гаплашиб олган. Расмий Душанбенинг "бизда коронавирус йўқ", деган баёнотларига қарамай, сўнгги кунларда Тожикистонга кўмак бериш ҳаракатидаги халқаро ташкилотлар сафи кенгайиб бораётгани кўрилган.

Сурат манбаси, official

Минтақадаги вазият:

Марказий Осиёда коронавирус илк бор Қозоғистон мисолида шу йилнинг 13 март куни аниқланган - ҳозирга келиб, минтақада коронавирусга чалинганлар сони расман жаъми бир ярим минг кишидан ортган - 1599 кишига етган. Уларнинг юздан ортиқроғи соғайган. 14 нафари ҳаётдан кўз юмган. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон жорий пайтда коронавирус расман қайд этилган учта Марказий Осиё давлати бўлиб туришибди.

Ҳар уч кўрсаткич бўйича ҳам энг кўп ҳоллар Қозоғистон ҳисобига тўғри келиб турибди. Қозоғистонда жаъми коронавирус ҳоллари бугун, 9 апрель ҳолатига 764 кишига етган. Қирғизистонда эса, бу рақамлар 280 тани ташкил этган.

Ўзбекистонда кучайтирилган тартиб, Қозоғистонда фавқулодда вазият, Қирғизистонда эса, бунга қўшимча комендантлик соати ҳам амалда. Қозоғистон икки шаҳрида фавқулодда вазият ҳолатида хавфсизликни таъминлаш учун яна юзлаб ярим ҳарбийларни жаб этганига оид хабарлар ҳам олинган. Қирғизистон эса, пандемиянинг ўз иқтисодларига салбий оқибатларини юмшатиш масаласига эътибор қаратган. Уч ойлик махсус режа қабул қилган. Аммо унинг ижроси учун четдан молиявий кўмакка эҳтиёжлари борлиги кўрилган. Ҳукумати бу борада халқаро донор давлатлар билан аллақачон музокараларга киришгани маълум бўлган. Нейтрал ва халқаро таҳлилчилар таъбирида "ёпиқ" Туркманистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ воқеалар ривожланишда давом этган.

Кўрилишича, Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов боғчадан тортиб, мактаб, унивеситетгача - ҳаммани тиббий текширувдан ўтказишни буюрган. Бунинг учун махсус шифокорлар гуруҳи тузилиши айтилган. Аммо текширувнинг қандай асосда олиб борилиши тафсилотлари ноаён қолган. Туркманистонда ҳозир қанча тест-тизими борлиги маълум эмас. Би-би-си ҳам яқинда бу саволига аниқ жавоб ола билмаган. Яна айрим бошқа хабарларга кўра, коронавирус боис, Туркманистон тўйларни ихчамлаштиришга ҳам қарор қилган. Бундан буёғига меҳмонлар сони 200 тадан ошмаслиги айтилган. Маълум бўлишича, Тожикистон коронавирус кириб келишининг олдини олиш учун Сўғддан Қирғизистонга элтувчи барча йўлларни ҳам вақтинча ёпган.

Шавкат Мирзиёев худди шу манзарада Ўзбекистонга бевосита чегарадош барча минтақа давлатлари президентлари билан коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни муҳокама этиб олган минтақа президенти сифатида халқаро саҳнада бўй кўрсатган. Улардан айримларига ҳатто такрор сим қоққан.

Ҳамкорликда иш олиб бориш, ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришнинг муҳимлигига эътибор қаратган. Мамлакатидаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият манзарасида Ўзбекистон Президентининг бу каби саъй-ҳаракатлари куни-кеча Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари нигоҳига ҳам тушган. Шавкат Мирзиёев шундоқ ҳам янги Ўзбекистоннинг ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсати билан халқаро миқёсда эътибор, эътироф топган президенти бўлади.

Дунёда нима гап:

Сурат манбаси, official

Собиқ Шўро давлатлари орасидан энг кўп коронавирус ҳоллари ҳануз Россия ҳисобига тўғри келиб турибди - Ўтган икки ойнинг ичида Россияда коронавирус ҳоллари расман 10 мингтадан ортган - бугун, 9 апрель ҳолатига 10131 тага етган. Бир кунда аниқланган энг кўп коронавирус ҳоллари ҳам бугунга тўғри келган - 1459 тани ташкил этган. Россияда коронавирус илк бор расман шу йилнинг 31 январ куни қайд этилган.

Россияда коронавирус билан боғлиқ аҳвол сўнгги кунларга келиб жиддий ёмонлашган. Бунинг ортидан, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун Россия фавқулодда чораларга қўл урмоқда. 27 март куни чартерлари илова халқаро парвозлар бекор қилинган.

Айрим жузъий истиснолар билан 30 мартдан бошлаб давлат чегараларини ёпишга қарор қилинган. Худди шу кундан бошлаб пойтахт Москва ва Москва вилоятида карантин жорий этилган. Кейин қолган минтақаларида ҳам кучга кирган. Тартиб бутун аҳолини назарда тутади. Улар ўзларини уйда иҳоталашлари шарт бўлади. Заруратсиз уйларидан чиқишлари маън этилади. Муайян шартлари белгилаб берилган. Мажбурий тартиб қачонгача амалда бўлиши санаси очиқланмаган. Аммо янги тартиб фуқароларнинг шаҳарга келиш ёки ундан чиқиб кетиш ҳуқуқини чекламайди. Бунгача тартиб фақат 65 ёшдан ошганларни кўзда тутганди. Россия жорий пайтда расман энг кўп коронавирус ҳоллари аниқланган собиқ Шўро давлати бўлиб турибди. Россияда коронавирусга чалинган бирор бир Ўзбекистон фуқаросига оид расмий хабар ҳозирча бўй кўрсатмаган.

Россияда энг кўп - миллионлаб ўзбекистонликлар ташқи миграцияда банд. Аммо Ўзбекистонда расман коронавирус аниқланганлар орасида ўнлаб Россияда қайтган фуқароларнинг ҳам борликлари кўрилган. Ўзбекистон Россия ҳукумати билан келишган ҳолда орада махсус чартер рейслари билан юзлаб фуқароларини ортга қайтаришга улгурган. Карантинга олган.

Дунёда коронавирусга чалинганлар сони бугунга келиб қарийб ярим миллион кишига етган. Улардан 90 мингга яқини ҳаётда кўз юмган. Уч юз мингдан ортиқроғи соғайиб кетган. АҚШ жорий пайтда дунёнинг коронавирус билан боғлиқ энг ёмон вазият қайд этилиб турган давлати бўлади. Бу ерда коронавирусга чалинганлар сони 432000 кишидан ортган. Ўн беш мингга яқини вафот этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek