Коронавирус: Тошкент нимадан хавотирда, от ва жон қайғуси, Путин барибир қўрқдими? - O'zbekiston, koronavirus

O'zbek so'mi

Сурат манбаси, CISNEWS.NET

Коронавирус: Нақд пул хавфлими, от ва жон қайғуси, Путин барибир қўрқдими? - Ўзбекистон ва минтақада нималар юз бермоқда?

Ўзбекистон:

Ўзбекистон минтақанинг нақд пул кенг истеъмолда бўлган давлатларидан бири бўлади.

Агар, вирусолог мутахассислар хулосаларига таянилса, нақд пул хавфли. Коронавирус тарқалишида асосий манба, воситалардан бири.

Ўзбекистонда коронавирус илк бор расман тасдиқланганига кеча, 15 апрель куни роппа-роса бир ой бўлди.

Расмий Тошкент бу хавфни англаб етдими? - Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, айни шу боис, пенсия ва нафақалар май ойидан бошлаб, тўлиқ банк карталарига ўтказилади.

Ўзбекистон Марказий банки ҳали ўтган ой охирида эҳтиёт чоралари билан чиққан.

Тўловларни амалга оширишда имкон қадар банкларнинг масофавий хизматларидан фойдаланишни тавсия қилган.

Пул омборхоналари ва қайта санаш кассаларининг вақти-вақти билан дезинфекция қилинаётгани ҳам маълум бўлганди.

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда жаъми коронавирусга чалинганлар сони шу соатларда ҳам 1349 кишини ташкил этиб турибди.

Бир кунда аниқланаётган коронавирус ҳолларига оид расмий маълумотлар эса, бугун, 16 апрел ҳисобидан сўнгги бор маҳаллий вақт билан соат 10:00 даги ҳолат билан янгиланган.

Бунақаси Ўзбекистон тажрибасида ўтган бир ой давомида кузатилмаганди.

Бухоро вилоятида эса, яна 20 нафар бемор коронавирусдан соғайган.

Шу пайтгача тузалганлар сони 129 кишига етган.

Улар барчасининг маълум муддат реабилитация остида бўлишлари айтилган.

Ўзбекистонда пандемиянинг иқтисодий оқибатларини юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг ҳам давом этаётгани кўрилган.

Расмий Тошкент Cotton Campaign халқаро коалициясига очиқ мактуб билан чиққан. Пахтасига эълон қилган бойкотини бекор қилишини сўраган.

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асослан Ўзбекистон яқин-яқингача дунёнинг пахта монополияси ҳукмрон саноқли давлатларидан бири бўлиб келган.

Бошқа бир томондан, шу кунларда Ўзбекистоннинг ўзида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи мамлакат президенти даражасида эътиборга лойиқ ва молик масала бўлиб тургани ҳам кўрилган.

Ўзбекистон аҳолиси минтақада энг катта сондаги давлат бўлади.

34 миллион фуқаросидан аксарияти мамлакатнинг камбағаллик ва ишсизлик ҳамон долзарб муаммолигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Воқеаларнинг бу каби ривожи нимани англатиши саволини Би-би-си Ўзбек хизмати тадқиқ қилмоқда.

Ўзбекистон, коронавирус: Карантин пайтида сўмнинг қадри тушиб кетиши эҳтимоли мавжудми? - BBC Uzbek

Минтақада нима гап?:

Сурат манбаси, official

Қозоғистон жаъми коронавирус ҳоллари бўйича минтақада яна пешқадам мавқеъга кўтарилган - умумий рақамлар бугунги янги ҳолатлар ҳисобидан 1362 тага чиққан. Бу ҳозир Ўзбекистондагисидан 13 тага кўпдир.

Соғайганлар сони эса, 277 тага етган. Аммо ўлим ҳоллари ортган - шу пайтгача жаъми 17 кишининг коронавирусдан вафот этгани расман тасдиқланган.

Кеча, чоршанба куни қозоғистонлик масъуллар мамлакат коронавируснинг чўққисига кўтарилиш босқичига кирганини маълум қилишган.

Худди шу боис ҳам, тиббиёт муассасалари эпидемияга қарши кучайтирилган тартибда ишлашга ўтишини айтишган.

Ўзбекистон илова коронавирус қайд этилган қолган бирор бир минтақа давлати ҳозирча бу каби баёнот билан чиқишмаган.

Қозоғистонда амалда бўлган фавқулодда вазият тартиби яқинда шу ой якунига қадар узайтирилган.

Худди шу манзарада Қозоғистондаги муайян ширкатларнинг 20 апрелдан қайта иш бошлашлари ҳам маълум бўлган.

Уларнинг рўйхатини фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссияси тасдиқлаган.

Аммо қатъий санитария ва эпидемилогия тартиб-қоидаларига риоя этишлари шарт қилиб қўйилган.

Қирғизистон:

Сурат манбаси, official

Қирғизистон ҳозир ҳам минтақада энг кам коронавирус ҳоллари қайд этилган давлат бўлиб турибди - мамлакатда коронавирус илк бор расман 18 март куни аниқланган.

Жаъми рақамлар эса, ҳали ҳам бир неча юзда экани кўрилади. Жорий пайтда 466 тани ташкил этиб турибди.

Аммо улардан 91 нафари аллақачон коронавирусдан соғайган. Ўлим ҳолати ҳам бешталигича қолган.

Худди шу манзарада бугун Қирғизистонда глобал пандемия шароитида эҳтиёжмандларга ёрдам бериш масаласи кун тартибига чиққан.

Қирғиз ҳукумати бунинг учун 200 миллион сўм ажратиш қарорида экани маълум бўлган.

Айтилишича, бу пул эҳтиёжларига қараб, минтақаларга тарқатилади. Озиқ-овқат сотиб олинади. Маҳаллий масъуллар назорати остида ночор оилаларга тарқатилади.

Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг нисбатан камбағал иккита давлатидан биттаси бўлади.

Коронавирус пандемияси боис, Қирғизистонда ҳафталарки фавқулодда вазият ҳолати ва комендантлик соати амалда.

Куни-кеча Қирғизистон худди Қозоғистон каби фавқулодда вазият ҳолатини май ойига қадар узайтирган.

Бу каби қатъий тартиб-қоидалар эса, озмунча оилаларни танг аҳволда қолдирмаган.

Устига устак, глобал пандемия четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларидан келаётган пул оқимига ҳам таъсир этмай қолмаган.

Қирғизистондаги кўпчиликнинг тирикчилиги эса, худди Ўзбекистондагиси каби, асосан айни шу пуллар орқасидан ўтиб келган.

Худди шу манзарада коронавирусга қарши курашга сарфланаётган маблағларни онлайн назорат этиш учун махсус сайт ишга туширилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Қирғизистон: Шифокорлар хавф остида. Коронавирус юққан ҳар бешинчи бемор - доктор

Қолган икки давлатда нима гап?:

Сурат манбаси, official

Агар, сўнгги кунларда бераётган устма-уст расмий баёнотларига таянилса ҳам, Тожикистон ва Туркманистонда ҳалича коронавирус расман қайд этилмаган.

Аммо президент ва ҳукуматлари бошчилигида эҳтиёт чораларининг кучайтирилаётганига оид хабарларнинг кети бугун ҳам узилмаган.

Хабарларга кўра, Тожикистонда "Пойтахт куни"га режаланган оммавий сайиллар ва тадбирлар бекор қилинган.

"Пойтахт куни" шу йил 18 апрель кунига режаланган.

Душанбе шаҳар ҳокими Президент Эмомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли бўлади.

Яқиндагина Душанбе шаҳар ҳокимлиги бу санани ҳам катта тантаналар билан байрам қилиш режасида эканини маълум қилганди.

Энди эса, ҳокимлик матбуот хизматининг хабар беришича, айнан коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини ҳимоя этиш мақсадида ўз қарорларини ўзгартиришган.

Худди шу манзарада Туркманистон оммавий велопойга ортидан, яна бир байрамга қўл урмоқчи эканига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Аён бўлишича, Президент Бердимуҳаммедов глобал пандемия шароитида ҳам "Ахалтекин отлари" кунини ўтказмоқчи.

25 апрелда ўзининг зотдорлиги билан дунёга машҳур отлари орасида халқаро гўзаллик танлови уюштирмоқчи.

Уларни ўз ижодида энг зўр ифодалаган рассом, ҳайкалтарош, гиламдўз, заргар ва сураткашларни ҳам танламоқчи.

Аммо имконли бўлган хабарларда Туркманистон буни қандай ташкиллаштириш режасида экани маълум эмас.

Президент Бердимуҳаммедов яқинда масъул вазирига дунёдаги коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни кузатиб туришни топширган.

Туркманистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун лозим бўлган тақдирда қўшимча профилактик чоралар кўришни буюрган.

"Хитойдаги коронавирус хуружига оид хабарни эшитишлари билан Туркманистон чегараларини ёпгани, чет элликларнинг келишини тақиқлаб қўйганини яна бир бор тилга олган", худди шу нарса коронавируснинг ўз мамлакатларига кириб келишига йўл бермаганини эслатганди.

Россияда-чи?:

Сурат манбаси, official

Россияда жаъми коронавирус ҳоллари 30 мингга яқинлашаркан, Президент Владимир Путин яна бир кутилмаган қарорини эълон қилган.

Охиригача байрам қилиш мавқеида турганлари - Ғалаба куни тантаналарини бекор қилган.

Президент Путин бундан аввал бунга ўхшаш баёнот билан ўтган ой охирида чиққан.

Айнан коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 22 апрелга режаланган референдумни ортга сурган.

Бу референдумда овоз беришга қўйилажак конституцион тузатишлар Владимир Путиннинг яна камида 16 йил қудратда қолишига йўл очиши кутилганди.

Россия жорий пайтда коронавирус билан боғлиқ энг ёмон аҳвол кузатилаётган собиқ Шўро давлати бўлиб турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek