Ўзбекистон: Тошкент кенгаймоқда ва мамлакатда диний эркинлик ҳолати яхшиландими? O'zbekiston

29 апрель соат 12:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 1955 нафарга етган.

Шу вақтга қадар касалликдан 992 инсон соғайиб, 8 ўлим қайд этилган.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков айни вақтда 8 беморнинг аҳволи оғир экани ҳақида маълум қилган.

Тошкентга кўплаб ҳудудлар қўшилиши мумкин

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

"Тошкент шаҳрини 2041 йилгача ривожлантириш бош режа лойиҳасини ишлаб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида" президент қарори лойиҳаси эълон қилинган.

Айни вақтда муҳокамага қўйилган лойиҳада шаҳар таркибига Хонобод посёлкаси, Ўзгариш посёлкаси, Юнусободнинг шимол қисми (Зангиота тумани), Салар посёлкасининг, Олмос посёлкаси (Қибрай тумани) бир қисми, Сергелига туташ бўлган (Зангиота, Янгийўл, Юқори Чирчиқ туманлари), Бектемир туманининг жанубий ҳудудлари (Қуйи Чирчиқ тумани)ни киритиш режалаштирилётгани маълум қилинган.

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, ваколатли давлат органлари билан биргаликда 2020 йилнинг 1 майига қадар Концепция доирасида Тошкент шаҳрининг янги маъмурий чегараларини (ҳудудларини) белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилсин, дейилади лойиҳада.

"Ғалаба боғи" ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси сайтида яна бир қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

Вазирлар Маҳкамасига тегишли бўлган бу қарорда "Ғалаба боғи мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" сўз боради.

Айни вақтда қурилиши давом этаётган ушбу боғ Иккинчи Жаҳон Урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган бўлиб, у Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги генерал Собир Раҳимов ҳайкали ўрнатилган хиёбонда жойлашган.

Ўтган йилнинг июнь ойида бу ҳудудда бўлга президент Мирзиёев "Ғалаба боғи" қурилиши бўйича топшириқлар берган эди.

"Ўзбекистонда диний эркинлик ҳолати яхшиланди"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясининг 28 апрель куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатидан чиқарилганини кўриш мумкин.

Комиссия (USCIRF) ҳисоботида Ўзбекистонда 2019 йил давомида диний эркинлик билан боғлиқ вазият сезиларли яхшилангани, айниқса, таниқли Жаслиқ қамоқхонаси ёпилганини алоҳида эътироф этган.

Сурат манбаси, offical

Шу муносабат билан комиссия АҚШ Давлат Департаментига Ўзбекистонни "махсус кузатувдаги давлатлар" рўйхатига ўтказишни тавсия қилган.

Ўзбекистон 2005 йилдан 2019 йилга қадар комиссия томонидан "алоҳида хавотирга молик давлат" ўлароқ кўриб келинган эди.

Диний эркинлик билан боғлиқ вазият яхшилангани қайд этилганига қарамай, комиссия ўтган йили Тошкент ва Наманганда кузатилган эркаклар соқолини оммавий қириб ташлаш ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ҳижоб тўғрисидаги қарашларини диний эркинликка рахна сифатида мисол келтирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek