Ўзбекистон: Сирдарёда бедарак кетганлар ҳамон топилмоқда, коронавирус ва очилаётган Андижон - янгиликлар O'zbekiston

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 май соат 23:00 дан 5 май соат 10:00 га қадар ўтган 11 соат ичида Ўзбекистонда янги коронавирус ҳолатлари аниқланмаганини хабар қилган.

Айни вақтда, аниқланган коронавирус ҳолатлари 2189 тани ташкил этганча қолмоқда.

Бу касалликдан 1454 инсон тўлиқ соғайган, 10 ўлим ҳолати қайд этилган.

Андижон очилмоқда

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 4 май куни жами 3750 субъектлар фаолиятини тиклаш зарурлигини билдирган.

Натижада, вилоятда 82 транспорт компанияларига тегишли 4700 тадан зиёд лицензияга эга енгил автомобиллар ҳаракатланишига рухсат берилган.

Шунингдек, 3643 сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари ҳамда 25 меҳмонхона фаолияти ҳам қайта тикланган.

Бир вақтнинг ўзида фаолиятини қайта бошлаган тадбиркорлик субъектларига санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш талаби юклатилган.

Сирдарёда бедарак кетганлар топилмоқда

Сурат манбаси, Mudofaa Vazirligi

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган хабардан Сардоба фожиаси оқибатларини бартараф этиш доирасида бедарак кетган инсонларни қидириш ишлари давом этаётгани англашилади.

Вазирлик тарқатган хабарда 5 май куни ўтказилган қидирув давомида сув остида қолган ҳудудлардан икки киши топилгани айтилади.

Бироқ 3 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тошқин оқибатида ҳалок бўлган ёки бедарак кетган инсонлар аниқланмаганини таъкидлаган эди.

Мудофаа вазирлиги хабари эса ушбу баёнотни савол остига қўймоқда.

Ҳозирча, ҳалок бўлган ёки бедарак кетганлар тўғрисидаги маълумотлар расман очиқланмаган ёда тошқинда инсонларнинг ҳалок бўлгани ва йўқолгани тан олинмаган.

4 май куни қутқарув ишларида қатнашган бир Миллий гвардия ходими ҳалок бўлгани, яна бир ходим бедарак кетгани хабар қилинган эди.

Қозоғистон нота йўлламайдиган бўлди

Сурат манбаси, Kirill Pavlov/Facebook

Сурат тагсўзи,

Қозоқ расмийларига кўра, 5 овулни сув босиб, яна 10 овулга сув кириши хавфи мавжуд

Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ортидан Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудлари ҳам сув остида қолиб, 30 мингдан зиёд инсон эвакуация қилинган эди.

Бунинг ортидан Қозоғистон экология, геология ва табиий захиралар вазири ўринбосари Сергей Громов Ўзбекистонни сув омборини қўшниси билан келишмай туриб қуришда айблаб чиққан.

Қозоғистон экология, геология ва табиий захиралар вазирлиги халқаро шартномаларга биноан давлатлар трасчегаравий дарёлар ҳавзаларида қурилган гидроиншоотлар бўйича келишишга мажбур эканини таъкидлаган.

Шунга асосан вазирлик трансчегаравий сувларда Ўзбекистон томонидан қурилган гидроиншоотлар тўғрисида маълумот сўраб, расмий Тошкентга нота юборилишини маълум қилган.

Бироқ кейинроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга нота жўнатилмаслиги, икки давлат мавжуд муаммо юзасидан мувофиқлаштирилган иш олиб боришга келишиб олгани айтган.

Қозоғистон расмийлари тошқин оқибатида деярли 900 бинога зиён етгани, 7600 гектардан ошиқроқ майдон сув остида қолиб кетганини хабар қилмоқда

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek