Маҳкумлар ва коронавирус: Ўзбекистон қамоқхоналарига киришмоқчи, вазиятни кўришмоқчи, ўрганишмоқчи - O'zbekiston, koronavirus

Mahkum

Маҳкумлар ва коронавирус: Ўзбекистон қамоқхоналарига киришмоқчи, вазиятни кўришмоқчи, ўрганишмоқчи - бунақаси Ўзбекистонда коронавирус расман қайд этилган 15 мартдан буён кузатилмаган.

Бу ҳақда бугун, 7 май куни Ўзбекистондаги "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати расман хабар берган.

Маълум бўлишича, режа Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман билан ҳамкорликда амалга оширилади. Унинг ижросига 11 майдан бошлаб киришилади.

Аммо расмий хабарда режа кимнинг ташаббуси бўлгани ва нега айнан ҳозир бу ишга қўл урилмоқчи бўлинаётгани сабаби расман очиқланмаган.

Унинг Ўзбекистондаги барча жазони ижро этиш муассасаларини қамраб олиши-олмаслиги ҳам ҳозирча номаълум қолган.

Ҳаракатнинг расмий хабарида бу ҳақда ҳам батафсил маълумотлар кўзга ташланмайди.

Нуқтаи назар: Мирзиёев репрессия муҳитини яратмоқчи эмас:

Коронавирус, қамоқхоналар ва маҳкумлар

Глобал коронавирус пандемияси шароитида қамоқхоналардаги аҳвол ва маҳкумларнинг тақдири дунёнинг аксарият давлатларида кун тартибига чиққан, айрим ҳукуматлар жадаллик билан эътибор қаратган, уларни муддатидан илгари озод этишгача борган масалалардан бири бўлади.

Бу каби давлатларда қамоқхоналар коронавируснинг эҳтимолий янги ўчоқлари хавфи сифатида кўрилган ва баҳоланган.

Фақат куни-кеча коронавирус илк бор расман қайд этилган Тожикистон эса, бу ишга ҳали март ойида киришган.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун мамлакатдаги барча қамоқхоналарда қўшимча эҳтиёт чоралари киритилган.

Маҳкумларнинг ўз яқинлари билан ҳар қандай кўринишдаги учрашувларини буткул тақиқлаб қўйган.

Уларга бирор нарса келтириш ва қамоқхонага киритиш ҳам маън этилган.

Қамоқхоналар ходимлари ва маҳкумларга юз ниқоблари ва респираторлар ҳам тарқатилган.

Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларида профилактика ва дезинфекция ишлари олиб борилгани ҳам айтилган.

Бу ҳақда ўшанда тожикистонлик масъулларнинг сўзларига таяниб, қатор минтақавий интернет нашрлари хабар беришганди.

Агар, бу каби хабарларга таянилса, тожикистонлик масъуллар маҳкумлар учун ҳарорат ўлчагичларгача сотиб олишган, коронавирусга чалинган маҳкумлар учун махсус карантин ҳудудлари ташкил қилишган.

Афғонистон, Эрон, Судан в Баҳрейн каби маҳкумларни озод этиш режасидами ёки йўқликлари саволига эса, коронавирус билан боғлиқ вазият юқори раҳбариятнинг назорати остида эканини айтиб жавоб беришган.

"Агар, Тожикистонда коронавирус билан боғлиқ вазият фавқулодда тус олса, сўзсиз, бу масала ҳам қайта кўриб чиқилиши"ни айтишган.

"Аммо ҳозирча бунга эҳтиёж йўқлиги ва бўлмаслиги умидида эканликлари"ни ҳам билдиришганди.

Тожикистонгача Ўзбекистон илова коронавирус аллақачон расман қайд этилган қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан бунга ўхшаш хабарлар олинмаганди.

Таъкидлаш жоиз, 29 апрелга келиб Тожикистонда ҳам коронавирус ҳоллари борлиги расман эътироф этилган ва ўтган ўн кунча вақтнинг ичида жаъми рақамларнинг қарийб тўрт юзтага етай деб қолгани кўрилган.

Мамлакатда коронавируснинг тарқалиш суръати аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Тожикистон мухолифати томонидан ҳукумат хавфни ўз вақтида англаб етмаганига оид кескин тандқидлар остида ҳам қолган.

Аммо қамоқхоналаридаги бугунги аҳвол борасидаги расмий маълумотлар ҳалича имконли эмас.

Ўзбекистон, қамоқхоналар ва маҳкумлар

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Ўзбекистонда коронавирус илк бор шу йилнинг 15 март куни расман қайд этилган.

7 май соат 10:00 ҳолатига мамлакатда жаъми коронавирусга чалинганларнинг сони икки минг икки юз кишидан ортгани кўрилган.

Аммо, кундалик эълон қилинаётган расмий маълумотларга таянилса, орада кечган вақт давомида улар орасида бирор бир маҳкум кўзга ташланмаган.

Устига устак, янги режага оид хабар Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашаётган, эпидемия ўз чўққисига чиқиб тушаётгани расман маълум қилинган ва карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилаётган бир пайтга тўғри келган.

Шу йилнинг 22 апрель куни эса, бу масалага шахсан мамлакат президентининг ўзи эътибор қаратгани кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда глобал коронавирус пандемиясига бағишланган видеоселектор йиғилиши чоғида тўхталиб ўтган.

Коронавирус боис, жазони ўтаётган, ўрнатилган тартиб-қоидаларни бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларнинг жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилишаётганини маълум қилган.

Аммо бу ишга айнан қачондан бошлаб киришилгани ва орада қанча маҳкумнинг озод этиб бўлингани тафсилотлари ноаён қолганди.

Президент Мирзиёев чиқишидан аввал Тошкентдан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти координатори Ўзбекистондаги маҳкумларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатганига оид хабарлар олинган.

Уларда ёрдам 15 турдаги турли тиббий ҳимоя, кир ювиш, шахсий гигиена ва антибактериал воситаларни ўз ичига олгани айтилган.

Ўзбекистон яқин-яқингача Марказий Осиёнинг қамоқхоналарида энг кўп маҳкумлар сақланаётган давлати бўлиб келган.

Худди шу фонда жазони ижро этиш муассасалари яна энг ёпиқларидан бири сифатида кўрилган.

Қамоқхоналаридаги шарт-шароитлар ва маҳкумларнинг сонларига оид расмий маълумотлар ҳам халқаро ташкилотлар томонидан анчайин скептик қарши олинган.

Халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари томонидан Ўзбекистонда биргина диний ва сиёсий маҳкумлар сонининг ўзи мингларга нисбат берилган.

Айнан улар тутиб турилган шарт-шароитлар узоқ йиллар давомида халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келган.

Маҳаллий фаоллар эса, ҳатто, бугун - янги президенти бошқаруви остида вазият анча яхшиланган бир муҳитда ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарининг тезда коронавирус ўчоғига айланиши учун шароит етарли эканини айтишади.

Янги режа

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Омбудсман билан бирга жазони ижро этиш муассасаларида жамоатчилик мониторинги тадбирларини ўтказмоқчи.

Маҳкумлар хавфсизлигининг таъминланишини ўрганмоқчи, коронавирус пандемияси шароитида у ерларда яратилган шароитлар, ҳимояланиш чоралари билан танишмоқчи.

Бу каби муассасаларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш эса, шундоқ ҳам мамлакат Омбудсмани фаолияти доирасидаги иш бўлади.

Маълум бўлишича, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти куни-кеча Омбудсманга коронавирусга қарши шахсий ҳимоя воситаларини топширган.

Айнан ана шу ҳимоя воситалари жазони ижро этиш муассасаларига ташрифлари давомида фойдаланишлари учун мониторинг гуруҳи аъзоларига тақдим этилади.

Яъни, бу ҳам ходимлар ва ҳам маҳкумларга коронавирус юқишининг олдини олади.

Ҳар қандай давлат мисолида эса, қамоқхоналардаги маҳкумлар эмас, айнан ўша ерда ишловчи ходимлар коронавирус манбаси сифатида кўрилади.

Ўтган ой Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги жазони ижро этиш муассасалари, шу жумладан, тергов изоляторларига кириш-чиқиш, муассасада сақланаётган ва у ерга кирувчи фуқароларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан вақтинча тўхтатилгани расман хабар берилган.

Юритувдаги барча терговга қадар текширув материаллари ҳамда жиноят ишлари бўйича фақат кечиктириб бўлмайдиган терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатларини қонунчиликка қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилаётгани маълум бўлган.

Шу кунларда айрим ўзбекзабон Ғарб нашрларида айнан коронавирус хавфи боис, Ўзбекистондаги ўндан зиёд маҳкумларнинг яқинлари ва фаоллар Ўзбекистон Президенти портали ва Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига мурожаат этишганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Улар ўз мурожаатларида, "қамоқхоналарда коронавирус юқтириб олиш хавфи жуда юқорилиги боис" хавфли жиноят содир этмаган ва кекса ёшдаги маҳкумларни вақтинча уй қамоғига чиқаришни сўрашган.

Имконли бўлган хабарларлардан мурожаатчилар ўзларининг 2 апрель кунги хатларига ҳалича расман жавоб олмаганликлари англашилган.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Омбудсманнинг ҳамкорликдаги режаси борасидаги хабар эса, худди шу фонда бўй кўрсатган.

Ўтган ой бошида Би-би-сининг коронавирусга қарши чоралар доирасида айрим маҳкумлар вақтинча озод этилиши мумкинми, деган саволига ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов "ҳозирда ундай маълумот йўқ" деб жавоб берган.

Аммо худди шу манзарада Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида ҳам қатъий карантин тартиби жорий этилгани, маҳкумлар билан ҳар қандай учрашувлар, передачалар ва бандероллар қабули ҳам вақтинчалик тўхтатилгани маълум бўлганди.

Орада айрим ҳуқуқшунослар томонидан ҳам пандемия шароитида айрим маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги таклифлар илгари сурилган.

Ўзбекистон Президентининг навбатдаги афви Рамазон Ҳайити арафасида кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek