Сардоба сув омбори ишида ким ва қандай тергов қилиниши очиқ бўлиши керак - ҳуқуқшунос O'zbekiston

sardoba

Сурат манбаси, kun.uz

"Сардоба" сув омборидаги ўпирилиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Иш Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми "б" бандига мувофиқ очилган.

207-модда "Мансабга совуққонлик билан қараш" дея номланиб, у қуйидаги қилмишларни назарда тутади:

«Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса.»

Ушбу қилмиш одам ўлишига етаклаган бўлса, жавобгар шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

258-модда «Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш» дея номланади ва қуйидагиларни назарда тутади:

«Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса,

а) одам ўлишига;

б) бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса.»

Бу моддага биноан ҳам айбдор деб топилган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳозиргача расман 4 кишининг ўлимига ва бир кишининг бедарак йўқолишига сабаб бўлган Сардоба фожиаси бўйича жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бориш Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати органларига юклатилган.

Сурат манбаси, Toyir Davlatov

Сурат тагсўзи,

Мустақил ҳуқуқшунос Тойир Давлатов

Би-би-си мустақил ҳуқуқшунос Тойир Давлатовдан Сардоба ишига асос бўлган моддалар, тергов очиқлиги, компенсация ва ишнинг бошқа ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида сўради.

Би-би-си: Сардоба иши қайси қонунларга кўра тергов қилиниши керак?

Давлатов: Фуқароларнинг ҳаётига, соғлигига, мулкига, табиий муҳитга зарар етказилганда, ушбу ҳолат буйича тезлик билан жиноят иши очилиши керак. Менинг назаримда, 1 май куни бўлган сув омбори ўпирилиши ҳолати юзасидан аввало Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 203-моддаси, яъни «сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш» буйича жиноят иши очилиши керак эди. Сардоба воқеасида содир бўлган дамбанинг емирилиши ҳолати Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги» қонунининг нормаларига амал қилмаслик окибатида содир бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бу қонун талабларини бузиш эса Жиноят Кодексининг 203-моддасида кўрсатилган жиноятни келтириб чикариши мумкин.

Би-би-си: Қўлланилаётган моддалар тўғрими? Улар бўйича қандай жазо назарда тутилган?

Давлатов: Ҳозирда Жиноят кодексининг 207-моддаси, яъни «Мансабга совуққонлик билан қараш», ҳамда 258-моддаси, яъни «Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги бузиш (баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилиш) буйича жиноят кузгатилган. Тергов жараёнида ушбу жиноятни келтириб чикарган бошка жиноятлар аникланадиган бўлса, терговчи Жиноят Кодексининг тегишли моддаси буйича хам жиноят ишини очиши мумкин. Тергов якунланмагунча, кимлар қандай жиноят содир қилганлиги ва жазоси қандай бўлишини тахмин қилиш қийин, чунки вазият кескин ўзгариши ҳам мумкин.

Агар мазкур ишнинг коррупция, талон-тарожлик белгилари бўлса, 167-модда «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш», 209-модда «Мансаб сохтакорлиги», Пора олиш ва бериш, порага воситачилик қилишга қарши 210,211 ва 212-моддалар ҳам қўлланиши мумкин. Фуқаро сифатидаги фикримча, улар қайси мансабни эгаллаган бўлмасин, вазирликдан тортиб маҳаллий ҳокимликкача барча айбдорлар топилиб жавобгарликка тортилиши керак.

Сурат манбаси, kun.uz

Би-би-си: Тергов қанчалар шаффоф бўлиши керак?

Давлатов: Тергов жараёни тўла очиқ бўлиши керак, чунки жабрланувчиларнинг сони 10 минглаб кишидан иборат бўлиши мумкинлиги назарда тутилса, уларнинг деярли барчаси албатта жавобгарларни адолатли равишда жазоланиши, ўзларига етган зарарнинг қопланишини исташади. Тергов бўйича қилинган тадбирлар ҳақида Ўзбекистон фуқароларига, хусусан оммавий ахборот воситалари орқали ва тергов органларининг матбуот хизматлари баёнотлари орқали жамоатчиликка маълумот бериб борилиши зарур деб ўйлайман. Жумладан, жиноят ишида гумонланаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар, хусусан уларнинг исми-фамилияси, мансаби, манфаатлари тўқнашуви борасида жамоатчилик билишга ҳақли. Шунингдек, терговга таъсир кўрсатмаслиги учун баъзи мансабдор шахслар вактинчалик вазифасидан четлатилганми-йўқми, уларнинг тергов жараёнига таъсир кўрсатиш эҳтимоли олди олинганми-йўқми - булар борасида ҳам маълумот шаффоф бўлиши керак.

Кимлар сўроқ қилингани, қайси модда бўйича ким ҳибс қилинди, дастлабки тергов жарёнида неча кун ҳибсда сақланиш тўғрисида суднинг қандай ажрими чиқарилди, айбдор деб кўрилаётган шахсларга нисбатан качон суд иши белгилангани - бу ҳолатлар ҳақида ҳам жамоатчиликка кенг маълумот бериб борилиши керак. Бундан мақсад нафақат жиноятчиларни топиш, балки бегуноҳ шахсларнинг адолатсиз равишда айбланмаслигини бартараф қилишдир. Бу каби маълумотларнинг бериб борилиши терговнинг қонуний олиб борилишига, ҳақиқат руёбга чиқишига ҳеч қачон салбий таъсир қилмайди, ундан ташқари, қонун билан тақиқланмаган.

Би-би-си: Ҳалок бўлганлар оиласи ва жабрланганларга компенсация қандай белгиланади?

Давлатов: Терговчи жиноят иши доирасида ушбу жиноят оқибатида жабрланганларни аниқлаши ва жабрланувчилар ҳақида қарор чиқариши керак бўлади. Жабрланувчи деб эътироф этиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради. Жиноят-процессуал кодекснинг 82-моддасига кўра, терговчи ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, жабрланувчининг шахсини тавсифловчи ҳолатлар исботланган бўлиши керак.

Жабрланувчилар жиноят ишида фуқаровий давогар ҳам бўлиб ҳисобланади, келтирилган зарар эса Фуқаролик Кодексининг 14-15 моддалари асосида қопланиши назарда тутилади. Давлат органи ходими томонидан етказилган зарар ушбу давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ёки давлат бюджетидан қопланади. Шу сабабдан, терговчи энг аввало жабрланувчиларни аниклаб, уларнинг рўйхатини эълон қилиши керак. Бу жиноят ишида жабрланувчилар, ҳали айтганимдек, ўн минглаб одам бўлиши мумкин. Албатта, жабрланувчиларнинг ўзлари ҳам ўзларини жабрланувчи сифатида терговчи томонидан тан олиниб қарор чиқарилишини талаб қилишлари ҳам керак бўлиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek