Ўзбекистон: Сардоба фожиаси жабрдийдаларига қандай ёрдам берилади? – янгиликлар - O'zbekiston, Sardoba

Prezident Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Сардоба фожиаси жабрдийдаларига қандай ёрдам берилади? Андижон очилмайдиган бўлди (ми?). Жабрдийдаларга кўп қаватли уйлар қуриб берилади ва "депутатлар Сардоба масаласини муҳокама қилмади" - янгиликлар:

7 май соат 12:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 2266 нафарни ташкил этган.

Қарийб 1600 инсон, яъни умумий беморларнинг 70 фоиздан зиёдроғи бу касалликдан буткул соғайган.

Расмийлар 11 беморнинг аҳволи оғир эканини маълум қилган.

Андижон очилмайдиган бўлди (ми?)

Андижон вилояти ҳокимлиги карантин чораларини юмшатиш бўйича ўзи тарқатган хабарга раддия берган.

4 май куни вилоятда таксилар, гўзаллик салонлари, сартарашхоналар ва меҳмонхоналар фаолиятига рухсат берилиши хабар қилинган эди.

Аммо вилоят ҳокимлигининг ўзи 5 май куни бу хабарни рад этган.

Аввалроқ Республика махсус комиссияси эпидемиологик хавф даражасига қараб мамлакатни «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга бўлиб чиқилиши юзасидан қарор қабул қилган.

Охирги бор 2 май куни касалланиш ҳолати қайд этилган Андижон «қизил» ҳудуд ўлароқ белгиланган.

Хавф даражаси юқори бўлган ҳудудларда эса чекловлар ҳозирча қатъийлигича қолдирилган.

"Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари - сартарошхоналар, меҳмонхоналар ва таксилар фаолиятини тиклаш жараёнларига босқичма-босқич тайёргарлик кўриш назарда тутилгани ҳамда Республика бўйлаб маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, сартарошхоналар, меҳмонхоналар ва таксилар фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш Республика махсус комиссияси қарорига асосан амалга оширилишини маълум қиламиз", дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Жабрдийдаларга кўп қаватли уйлар қуриб берилади

Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясига тошқиндан жабрланган сирдарёликлар учун кўп қаватли уйлар қуриб бериш вазифасини топширган.

1 май куни санаси билан эълон қилинган президент фармойишида уйлар 2020-2021 йиллар давомида қурилиши лозимлиги кўрсатилган.

Фармойишда ёзилишича, янги қурилган уйлар турар-жойи тошқиндан жиддий зарар кўрган инсонларга беғараз ажратилади.

Шунингдек, уйлар давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда хорижий кредитлар эвазига тикланиши ҳам айтилган.

"Депутатлар Сардоба масаласини муҳокама қилмади"

Сурат манбаси, official

6 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қурилиш вазирлигининг коррупцияга қарши амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотини тинглаган.

Айни дамда Парламентнинг расмий сайтидан олиб ташланган хабарда тинглов давомида қурилиш объектлари бўйича ўтказиладиган тендер (танлов) жараёнида энг кўп коррупция ҳолатлари рўй бериши алоҳида таъкидланган"и айтилади.

Шунингдек, депутатлар қурилиш объектларини қуриш учун ғолибларни аниқлашда манфаатлар тўқнашуви бевосита намоён бўлиши, бу борада шаффофлик ва очиқликнинг йўқлиги унда коррупцион ҳолатлар авж олишига олиб келишини билдиргани ҳам хабар қилинган.

Журналист ва блогер Нозим Сафаров эса ушбу тинглов давомида депутатлар Бухоро ва Сардоба воқеалари борасида "чурқ этмагани" ҳақида ёзган.

Айнан, Бухородаги бинолар сифатсиз қурилгани учун улар кучли шамолга дош бера олмагани ҳамда Сардоба сув омбори қурилишидаги ношаффофлик ва коррупция ҳолатлари тошқин фожиасига сабаб бўлгани юзасидан тахминлар мавжуд.

"Бутун ўзбек халқи ўй фикридаги мавзуни, хохиш истагини алоқадор вазирлик билан эшитишда акс эттирмаслик уят эмасми? Энг камида Сардоба ва Қоракўл, Олотдан сайланган депутатлар қаерда? Нега Сардоба бўйича жамоатчилик вакилларидан иборат мустақил экспертларни жалб қилишни талаб қилмаяпти парламент. Нега бу мавзу бўйича савол бера олмаяпти? Нега ҳатто Сардоба сўзини тилга ола билмаяпти? Нега уни сайлаган халқ хохиш ва манфаатини акс эттира олмаяпти? Ўзбек Парламенти шунчалик ҳам ожизми?", - ёзади Сафаров.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek