Андижон: сукунат овози - BBC News O'zbek тарихидан, 2005 йил, Ўзбекистон O'zbekiston

  • Хайрулло Файз
  • Андижон, 2005 йил 24 май

Андижонга сўнгги сафарим қонли ҳодисалардан бир кун аввал якунига етганди.

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Орадан бир ҳафтача ўтиб, яна "водий марвариди" га қайтдим.

Шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, қуролланган аскарлар ва ҳарбий машиналарнинг кўпайганини назарга олмасангиз, Навоий проспектига яна нимадир етишмасди.

Етишмаётган нарса, аввалги сафаримизда хотирамизга ўрнашиб қолган Президент Каримовнинг ярим табассум ва худди хайрлашаётган каби, қўлини силкиб тушган ҳайҳотдай расми эди.

Сурат тагсўзи,

...Етишмаётган нарса, аввалги сафаримизда хотирамизга ўрнашиб қолган Президент Каримовнинг ярим табассум ва худди хайрлашаётган каби, қўлини силкиб тушган ҳайҳотдай расми эди.

Президент расми ўрнига Уздунробита уяли алоқа хизматининг рекламаси осилганди.

Аввалига кўнгилдан бир савол кечди - Каримов жанобларининг расмига нима бўлди экан?..

Кейинроқ эса, хаёлимдаги бу биргина расм ўрнини 23 нафар тадбиркорнинг диний ақидапарастликда айбланиб, маҳкама тортилишидан норози минглаб андижонликларнинг намойиш пайти тушган расмлари эгаллади.

Мен президентнинг гўё хайрлашаётган каби қўлини силкиётган расмини суратга туширмагандим, аммо намойишчилар - ёшу қари, болаларнинг расмлари ҳали ҳам камерамда эди.

Ҳамроҳим билан биз камерада қолган чеҳраларни қидирардик, 300 мингдан ортиқ аҳоли яшаётган бу шаҳарда хотирага ўрнашиб қолган ўн-ўн беш кишини ахтариш игна билан қудуқ қазишдай гап эди.

Бу мақолни ўшанда ақлимиз идрок этарди, аммо кўнгилда, ҳозир улардан кимдир қаердандир чиқиб келадигандай эди...

Бенаво кўчалар

Навоий кўчаси деярли бўм-бўш эди.

Вилоят ҳокимлиги жойлашган ва қонли ҳодисаларга тилсиз гувоҳ бўлган кўчада том маънода ўлик сукунат ҳукмрон эди.

Уч-тўрт зирҳли машиналарни айтмаса, яна аскарларни айтмасак, қуролланган ва чарчаган аскарларни...

Биринчи андижонлик билан суҳбатимиз шундоққина болалар клиникаси биноси атрофида кечди.

Ёши элликларни қоралаб қолган бу одам аввалига шубҳа билан бизга разм солди.

Ишонмади шекилли, ўша машъум тунда тонг ёришмасдан шовқиндан уйғонгани, аввалига, "бу ҳаво айниди чоғи, момақалдироқмикан" деб ўйлагани, кейин эса, ўзининг айтишича, соддадиллик билан ҳарбийларимиз машқ қилишаяпти экан дея гумон қилиб, яна ўрнига чўзилганини гапира бошлади.

Орадан бир муддат ўтиб у, "мен клиника биноси девори остида бир аёл ва бир эркак жасадини ўз кўзим билан кўрдим",- деди.

Кейин у биздан нарироқда турган аскарлар томон қаради.

Биз ҳам худди уруш киноларидагидай, тиш-тирноғига қадар қуролланиб олган аскарларга ўгирилдик , қайтиб бу одамга қараганимизда у шоша-пиша биздан узоқлаша бошлаганди.

Бу кўчадаги мактаб деворлари ўқдан илма-тешик бўлганди.

Баъзилари Калашников автомати, баъзилари эса нимагадир ундандан каттароқ қуролдан отилгандай - коваклар..

Кўп қаватли маҳаллий маъмурият биносининг тепа қаватлари ёниб кетганди.

Сурат манбаси, AFP Getty Images

Томидаги катта ва беўхшов шиор ҳам чўккандай эди: "ЎЗБЕКИСТОН -КЕЛАЖАГИ БУЮК ДАВЛАТ"

Бизни марказ ичкарироғи, Бобур ҳайкали томонига ўтказишмади.

Қонли воқеалар кечган жойлар ўраб олинганди. У тарафга ҳеч ким қўйилмайди.

Кимдир бунинг сабаби текширувлар деса, бошқа бир манба у ерда намойишда қурбон бўлганларнинг бир қанчаси кўмилгани ҳақида айтади.

Ортга қайтдик. Қаердандир велосипед миниб, болакайлар чиқишди.

Кейин уларнинг ортидан икки ёш аёл пайдо бўлди. " Сизлар журналистмисизлар, террорчилар ёмон одамлар, улар гаровга олинганларни отишди, аёлларни ҳам болаларни ҳам ўлдиришди," - деб кутилмаганда гап бошлашди.

-"Сиз намойишга чиқдингизми?",- деб сўраймиз бу икки аёлдан. - "Йўқ, чиқмадик, қўрқдик",- деб жавоб беришади улар…

-"Ким айтди террорчилар ҳақида?"

-"Президентимиз айтди телевизордан, маҳалламиз раиси айтдилар…"

Бу аёллар бизнинг ортимиздан соядай эргашиб, Навоий кўчасини "сайр" қилишди.

Орада ўн ўн бир яшар болакай бу бўм-бўш кўчанинг вилоят ҳокимияти томонига қараб югурди. Орқасидан ундан сал каттароқ қизалоқ - опаси чопиб чиқди, қизалоқ бор овозда, "у томонга ўтма, у ерда мелисалар бор, сани ҳам ваҳҳобий, деб отиб ташлашади" дерди… Болакай дарров орқага қайтди.

"Келинг, қабрларни санаб кўрайлик"

Президент Каримов бундан бир ҳафтача аввал журналистлар ва дипломатларга қараб, ғазабнок тарзда, тинч аҳолига ўқ узилмагани, тинч аҳоли қурбон бўлмаганини уқтириш ҳаракатида , "келинг, қабрларни санаб кўрайлик", деркан, уни носамимий эди, деб айтиш адолатдан бўлмас…

Сурат манбаси, BBC/VARIOUS

Ўзбекистондаги анъаналар назарда тутилса, майитни ўша куниёқ тупроққа топширилиши ҳисобга олинса, эҳтимол, қурбонлар сонини аниқлашнинг бу-ягона йўлидир.

Андижондаги қабристонлардан бирида ишлайдиган гўрков биз билан суҳбатда, "майитларни асосан Боғишамолга кўмдик, уларнинг аксарияти бошидан ўқ еганди, бир куннинг ўзида бир гўрга икки жасаддан тўғри келди, камида олтмиш кишини тупроққа топширдик", дейди.

Бошқа бир андижонлик эса, қабрга қўйишдан аввал жасадлар расмга олинаётгани ва кейин қидириб келган яқинларига, расмлар берилиб, жасад кўмилган - рақамланган қабр кўрсатилиб, "марҳамат, қазиб олинг", дейилаётганини айтади.

Шаҳардаги маҳалларидан бирига йўл солдик.

Биргина қабристонда олтита янги қабр. Бизни кўриб олдимизга келган маҳалла ёшларининг ҳикоялари эса, бу қабрларни кўриб музлаган этингизни янада музлатади.

" Бу ерга камроқ олиб келишди. Қабристон эски, жой йўқ, аммо сал нарига ўтсангиз, янги қабристон бор у ерда кўп... ҳаммаси биз тенги йигитлар, кимдир намойишга кимдир томоша чиққанди , " дейди улардан бири атрофга хавотир билан қараб, деярли пичирлаб давом этади - " мен ўз кўзим билан аскарлар икки кишини, бир аёл ва бир эркакни отиб ташлаганларини кўрдим, улар одам ажратиб ўтиришмади, зўрға қочиб қутулдик..."

Қабристон маҳалла ҳовлиларига туташиб кетган.

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Ёши олтмишларда бир отахон яқинлашади, икки қабрга ишора қилади, " мана булар менинг жиянларим, ака - ука, ҳеч қанақа исломчи эмас, буларни нимага отади, камбағалнинг боласини нимага отади, ҳар бирининг орқасидан уч нафардан етим қолди…" дейди.

Қабристоннинг нариги бетидан бошқа бир киши кела бошлайди. Кўзида ёш билан бу отахон, "ана маҳалла раиси, ҳукуматнинг одами келаяпти", деб ортига қайтади.

Маҳалла раиси "нима учун бу корхонага берухсат кирдингиз?", деб сўрайди. Биз бу ер корхона эмас, қабристон эканини айтиб, унинг маҳалла қўмитасига "юринглар, рўйхатдан ўтинглар" деган қистовларига қарамай, қабристонни тарк этамиз.

Боғишамол

Боғишамолга кириш худди фронт чизиғидай… Қуролланган аскарлар, милиция ва искович итлар.

Машинамизни тўхтатишиб, обдон текширишади.

Кейин милиция ходимларидан бири, "кутиб туринг, сизга махсус кузатув машинасини чақирамиз, қаерга борсангиз, ўша ерга олиб боришади", деди.

Кутишни бошладик.

Аскарлар толиққан кўринарди. Милиция ходимларидан бири кутилмаганда сўзамол бўлиб чиқди.

"Қўшни вилоятдан 13 май куни бу ерга олиб келишди бизни, -деди у, биринчи куниёқ бир юз элликка яқин "ваҳҳобий" ушладик. Бизникиларни ўлдиришгани учун, биз ҳам уларни ўлардай калтакладик, башараларини бузиб ташладик, оналари ҳам таний олмайди бу террорчиларни", дерди милиция ходими.

"Жума Намангонийни биласизми?,- сўрайди бу ҳуқуқни муҳофаза этувчи идора вакили, Наманганда уларнинг маҳалласи бор, бу ердаги " Акромийлар" ҳув анави ерда, Боғишамолга тўпланиб олган. Аммо уларнинг ҳам ҳам онасини кўрсатамиз ҳали…"

Изоҳга ҳожат йўқ

Ниҳоят, бизга ваъда қилинган кузатув машинаси ҳам етиб келади. Аммо орадан кўп ўтмай, хавфсизлик хизматидан бўлган икки йигит, биз бу ерда ноқонуний турганимизни айтиб, тезда " Спорт" меҳмонхонамизга боришимизни, у ердан рўйхатдан ўтиб, мулозимлар билан бамаслаҳат иш кўришимизни ва қайсидир чет эллик мухбирни ёмон одамлар калтаклаб кетишганию, биз ўзимизни асрашимиз кераклигини айтишади.

Кейин Андижон вилояти чегарасидан то Тошкент вилоятига довур, бизга милициянинг машинаси ҳамроҳ бўлади.

Худди муҳим давлат арбобларини кузатишаётган каби водийдан чиқариб қўйишади...

Видео тагсўзи,

2005 йил 13 май куни Андижон марказидаги майдонда айтилган сўзлар

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek