Сўз сизга: Бугун Андижон қирғини унутилса, эртага Сардоба фожеаси унутиладими? - O'zbekiston

Andijon

Сурат манбаси, Getty Images

Сўз сизга: Бугун Андижон қирғини унутилса, эртага Сардоба фожеаси унутиладими? - Бу бугунги сана арафасида ўзбекистонликлардан бирининг билдирган фикрлари. Бугун, 13 май куни мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг қонли воқеа - Андижон қирғини юз берганига роппа-роса 15 йил тўлди. Хунрезлик камида 500 кишининг умрига зомин бўлгани ишонилади. Аммо ўшанда Андижонда айнан нималар юз бергани ҳануз номаълум:

Каримов даври Ўзбекистони халқаро ҳамжамиятнинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини изчил равишда рад этиб келган.

Каримовнинг Андижон меросини Мирзиёев текширадими?

Бу йилги сана Ўзбекистонда янги Президент - Шавкат Мирзиёев қудратда бўлган бир пайтга тўғри келмоқда.

Андижонда 2005 йилнинг 13 май куни айнан нималар юз бергани ҳануз номаълум.

Аммо шу йил бошида янги Ўзбекистон ҳукумати вакили илк бор ўшанда ҳукумат кучларининг тинч аҳолига ўт очишганини расман эътироф этган.

Бунга масъул давлат амалдорларининг аллақачон жазога ҳам тортилганини айтган.

Таъбир жоиз, бу каби иқрор Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари томонидан янграган.

Бунинг ортидан, орада кечган вақт давомида Андижон қирғинига масъулларнинг жавобгарликка тортилгани кенг жамоатчиликка илк бор маълум бўлган.

Аммо, шунда ҳам, айнан кимларнинг, қачон ва қандай жавобгарликка тортилишгани тафсилотлари ноаён қолган.

Сурат манбаси, Getty Images

Орада Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов 2005 йилнинг майида Андижонда ҳукумат кучлари содир этган амаллар учун масъул эканини ҳам айтиб чиққан.

Истеъфодаги генерал-полковник бу ҳақда қонли воқеаларнинг 14 йиллик санаси арафасида Qalampir.uz нашрига берган интервьюсида гапирган.

Интервьюда Алматов Андижондаги намойишчиларга қарши куч ишлатиш қарорини ҳимоя қилган.

Зокиржон Алматов ўз вақтида Андижон воқеалари сабаб халқаро санкциялар остига тушган ўзбекистонлик мулозимлардан ҳам бири бўлган.

2018 йилда 68 ёшда экан, Зокиржон Алматов Ўзбекистон Ички ишлар вазири маслаҳатчиси этиб тайинланган - вазирликда янги лавозим жорий этилган.

Ўзбекистоннинг эски ҳукумати эса, қурбонлар сонини расман 187 тага нисбат берган.

Уларнинг қуролли жангарилар томонидан ўлдирилганлиги мавқеида қатъий қолган.

Сурат манбаси, Getty Images

Шундай экан, сиз нима дейсиз: Янги Ўзбекистон - Президент Шавкат Мирзиёев Андижон қирғини юзасидан адолатни қарор топтириши қанчалик муҳим ва керак?

Би-би-си Ўзбек хизмати сана арафасида худди ана шундай савол билан ўз ўқувчиларига мурожаат қилди.

Саволимизга қолдирилган жавоблар ўнлаб, уларда янграган фикру мулоҳазалар эса, турлича:

Жумладан, фолловерларимиздан бирининг ёзишича, "бугун Андижон қирғини унутилса, эртага Сардоба фожеаси унутилади. Демакки миллатнинг ўтмиши, бугуни ва табиийки, келажаги унутилади. Шундай экан, тарихни тузатмасдан, ҳақиқатни англамасдан келажакни қуриб бўлмайди. Адолат қарор топиши керак".

Бошқа бирларининг наздларида, "Ҳозир президентнинг 15 йил олдин бўлган ишларни ўйлашга вақтлари йўқ. Ўйлашга бошқа нарсалар бор: Коронавирус, Сардоба, иқтисодиёт...".

"Яна билмадиму, бу темани сал кейинроқ, тинчроқ пайтда кўтарса бўлармиди", - дея фикр-мулоҳаза юритган у киши.

Бошқа бир жавобда эса, "Андижон воқеаларида бевосита раҳбарлик қилган ва қатнашганлар ҳаммаси ҳозирги кунда юқорида ўтирибди. Эртага бу ҳолат яна қайтарилмаслиги учун ҳам, аслида у ерда нима бўлганини халққа тушунтириш керак. Эртага Сардоба воқеаси ҳам шунга ўхшаб унутилиб кетмаслиги учун ҳам, бу масалани кўтариб чиқиш керак. Бу Ўзбекистон келажагини таъминлаб, жуда кўп нарсага йўл очиб беради", - дейилган.

"Ўтганларнинг руҳлари шод бўлсин, қолганларга ёрдам", - берайлик деркан, яна бир фолловеримиз, "Кўриб чиқишга тема жуда кўп. Машина чиқаяпти. Лекин уни олиш учун ҳалол ишлаб топган пулимиз етмаяпти-ку....Нима қилайлик, биз ҳам ҳаром пул топишга ўтайликми?", - дея ўз коментига якун ясаган.

Бошқа бир коментда эса, "Қанақа террор. Давлатдан норози халқ эди-ку Ислом Каримовни учрашувга чақирган. Уларнинг бошқа айби йўқ эди. Аммо ҳозир очиқланмайди. Вақти билан билармиз. Ҳозир кераги йўқ. Бошқа муҳим нарсалар бор. Оғир, ҳаммага оғир. Қанча бегуноҳлар оқланармиди. Бу урушнинг совуғини емаганга керак эмас. Шунчаки кўтармасдан, бегуноҳларни оқлаб берса, бўлди эди. Андижон воқеаларининг асл сабабларини ошкор этиш - келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслигининг кафолати бўлар эди", - дейилган.

Худди шу манзарада, "Мен Ислом Каримовсиз ҳозирги Ўзбекистонни тасаввур қила олмайман. Ўтган иш ўтди. Шу ишлар қилинмаганида, Ўзбекистон ҳам Суриядан баттар бўлса бўлардики, кам бўлмасди. Ўз юртида нотинчлик чиқарган одамни одам ҳисоблаб бўлмайди", - қабилида мушоҳада юритилган жавоблар ҳам кўзга ташланган.

Яна бир фолловеримиз эса, ўз коментига, "Ҳозир оғир кунлар, хотираларни эсга солишнинг нима кераги бор", - дея ўз жавобига кириш қилган.

Бунинг ортидан, "Ўша пайтда кимнингдир оиласидан ака-синглиси, ота-онаси, қариндошларидан вафот этганлар бўлиши мумкин. Ярасини янгилашнинг кераги йўқ. Яна ҳозир бу ерда тортишувлар бошланади. Рамазон ойида инсонлар бир-бирларининг қалбларини яралашади. Ҳозирги кундаги энг катта муаммо - коронавирус, сув омборида жабрланганлар ва чет давлатларда қийналаётган халқимизни Ватанга, оилаларига эсон-омон олиб келиш. Президентнинг, менимча, ўтган ишлар билан шуғулланишга вақти йўқ ёки ҳозирда кўз олдимизда бўлаётган ишларни ҳал қилиш билан шуғулланаяпти...эски кунларни ковлашнинг кераги йўқ, ўтди-кетди, Аллоҳга шукр", - деган.

Яна бирлари саволимизга жавобан, "Каримов бутун умрини шу юртга бағишлади. Тинчлигини сақлади. Уларни билмасак, нонкўр бўламиз", - деб ёзиб қолдирган.

Бошқа бир фолловеримиз эса, "Агар, бугун 2005 йил 13 май воқеаларида адолатсизлик бўлгани эътироф этилса, ўша 500 дан ошиқ қурбон қайтиб келармиди????", - дея ўз жавобига тўртта сўроқ белгиси билан якун ясаган.

Коментлар орасида, "Поезд проехал", деб фикр қолдирилганлари ҳам кўрилган.

Худди шу манзарада, "15 йил олдинги ишни эмас, 12 кун олдингисига аниқлик киритайлик, адолат қарор топсин", - деганлар ҳам бўлган.

"Салом, қадрдонларим. Фарғона водийси азалдан меҳрибон халқ, деб машойихларимиз айтиб келганлар", - дея бошланган бошқа бир коментда эса, "нега энди биз мусулмонлар ўтганлар руҳини безовта қиламиз. Бу тўғри иш эмаслигини жуда яхши биласиз. Шавкат Миромонович давлатимизни адолат билан бошқариб келмоқдалар. Нима тўғри ёки нотўғри эканлигини ўзлари ўз ўрнида муҳокама қиладилар. Давлатимиз осуда, тинч эканига шукрона келтирайлик. Ўзга инсоннинг орқасидан тош отишни бас қилинг, азизларим", - дейилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сиз нима дейсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek