Россия-Ўзбекистон: чегарадаги 598 муҳожирнинг тақдири нима бўлади? (Видео)O'zbekiston

BBC

Сурат манбаси, Social Media

Автобусларда тунаётган муҳожирлар ортга қайтариладими ёки ҳукумат ватанга қайтаришга чора топадими? Чегаралар ёпиқ пайтда ўзбекистонликларни йўлга чиқишга нима мажбур қилди?

Қарийб 10 кундирки, Самара вилоятидан чиқиш ва Оренбург вилоятига киришдаги Большечерниговский туманида, "Маштаково" назорат-ўтказиш пункти яқинида 98 та автомобиль колоннаси тизилиб турибди: 89 та енгил автомобил, 7 та минивэн ва 2 та автобус (ҳар бири 50 ўринли).

Уларда жами 598 нафар Ўзбекистон фуқаролари бор, ораларида 42 нафар аёллар ва 9 нафар болалар билан бирга.

Бу меҳнат муҳожирлари карантин бошлангунича Россияда ишлаб оила боқишарди. Март ойидан бери ишсиз ва пулсиз қолган мигрантлар ватанга қайтиш умидида йўлга чиқишганди.

Айни пайтда ҳаво ва темир йўлларнинг халқаро қатновлари тўхтатилган. Транспортда Ўзбекистонга бориш Оренбург ҳудуди ва Қозоғистон орқали юришга тўғри келади. Аммо Оренбург вилояти ҳокимияти ҳудудлардаги коронавирус пандемияси тарқалиши ҳавфи билан боғлиқ вазият сабабли муҳожирларни ўтказишни рад этди.

Шу тариқа 598 нафар ўзбекистонлик бир неча кундирки, автомобилларда яшашмоқда. Уларнинг тақдири қандай кечади?

Консуллик телефони «жим», ҳокимият егулик ташиётганини айтди

Сурат манбаси, Social Media

Шу саволга жавоб олиш мақсадида Би-би-си ўзбек хизмати билан Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги консуллиги билан боғланишга ҳаракат қилди. Қайта-қайта уринишимизга қарамай, расмий манбаларда кўрсатилган телефон рақамларга уланишнинг имкони бўлмади.

Сўнг саволимизни ўзбекистонлик муҳожирлар бўлиб турган Большечерниговский туман маъмуриятига бердик. Ҳокимият ахборот хизмати бизга туман ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.

- Уларга егулик ва ичимликларни ҳокимиятимиз вакиллари элтишмоқда. Ўзбек диаспоралари ҳам келиб ҳолларидан хабар олишмоқда, озиқ-овқат маҳсулотлари келтиришмоқда. Муҳожирлар вакилларимизга Оренбург полицияси барибир раҳм қилиб, ўтказиб юборишидан умид қилишаётганини айтишган. Аммо вазият жиддий, бу Самара ва Оренбург вилоятлари раҳбарияти назоратидаги масала.

Россия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари мазкур вазият бўйича келишиб, бир қарорга келмагунликларигача, муҳожирлар 500 ўринлик чодирларда вақтинча яшаб туришади, - Большечерниговский туман маъмурияти ахборот хизмати.

Полиция куну тун қўриқламоқда

Сурат манбаси, Social Media

Оренбург вилояти маъмурияти эса Би-би-си ўзбек хизматига Ўзбекистон фуқароларининг Большая Черниговка қишлоғи ҳудудига тўпланиши 11 майдан бошланганини билдирди.

- Хорижликлар бу ҳудуд орқали Ўзбекистонга қайтиш мақсадида бўлишган. Аммо Қозоғистон чегараси ёпиқлиги боис, улар мураккаб вазиятга тушиб қолишган. Улар 11 майдан буён куну тун полиция ҳодимлари назоратида, - деди ахборот хизмати.

Маъмурият вакилининг айтишича, ўзбекистонликлар туриб қолган ҳудудда вилоят Ички ишлар бошқармаси Россгвардиянинг 20 нафар, пост-патрул хизматининг 22 нафар ходимлари ва йўл-патрул хизматининг 3 экипажи навбатчиликда ишлашини ташкиллаштирган.

- Ўзбекистон фуқаролари ўзини яккалаш тартибига асосан, маҳаллий аҳоли билан мулоқотда бўлмасликлари чора-тадбирлари кўрилмоқда. Улар ичимлик суви, егуликлар, ўзини ҳимоялаш воситалари билан таъминланмоқда. 14 май ҳолатига кўра, мураккаб вазиятлар қайд этилмаган, - билдирди ахборот хизмат вакили.

«Қолай десанг, пул йўқ, кетай десанг йўл йўқ»

Москвада бир муҳожир ҳозирги шароитда пулсиз қанча яшаши мумкин? Айни пайтда пойтахтда қолаётган Бахтиёр ўз харажатлари ҳақида гапириб берди:

- «Бир ойда ўртача 35 минг рубль пул топаман. Шундан ҳар ой ўртача 400 долларини уйга пулни юбораман. Ўзимизнинг еб ичишимиз, квартира ижараси ва патент тўловига ўртача 15 000 рубль олиб қоламан.

Яхшики, апрель ойида патент тўлови вақтинча бекор қилинди, тўламадим. Барибир тўламоқчи ҳам эмасдим. Чунки патентга асраган пулимни апрель ойи учун квартирага тўлагандим.

Март ойидан бери қўлимдаги 7 000 рубль пулни тежаб-тергаб, 2 ойга яқин вақтда еб-ичишимга сарфладим. Май ойига келиб, на квартира учун ва на озиқ-овқатимга пулим қолмади.

Жуда ғалати вазият: ишлай десанг, иш йўқ. Қолай десанг, пул йўқ. Кетай десанг, йўл йўқ.

Яна олдинда карантиндаги 3 хафта бор. Нима қилишимиз керак?»

Мигрантлар нега йўлга чиқди?

Сурат манбаси, Social Media

Шу чорасизлик муҳожирларни таваккал қилишга етаклади.

Москвада карантиннинг 7-чи хафтаси кетмоқда. 26 мартдан буён ишсиз қолаётган меҳнат муҳожирларининг яшаш учун пуллари қолмаган. Еб-ичишларидан ташқари квартира ижарасига тўлашга пул керак.

Ишсиз мигрантларнинг кучи бир ой кун кўришга етди. Москвада вазият ёмон: вирус ҳавфи кундан кунга ортиб, карантин муддати узайтирилиши эҳтимоли кучайди.

Айни шу вазиятда, 28 апрель куни ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик расмийнинг чегаралар тўлиқ ёпилмагани, Ўзбекистонга ҳар куни хориждан 500-600 нафар фуқаро кириб келаётгани ҳақидаги хабари тарқалди.

«Чегарамиз бутунлай ёпилган десангиз, хато қиласиз»

АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда карантинда бўлган аҳолининг сони нега ўзгаришсиз турганлиги ҳақидаги саволга Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков «карантин эълон қилингандан кейин ҳам анча пайтгача ҳамюртларимиз чартер рейсларида олиб келинди», дея жавоб берди:

- Агар Сиз чегарамиз бутунлай ёпилган, деб ўйласангиз, бу хато фикр. Негаки, ҳар куни давлатимизга хориждан 500-600 нафар фуқаро кириб келяпти (Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон орқали). Уларнинг барчаси карантинга жойлаштирилмоқда, - деди Нурмат Отабеков.

Москва «қамали»да базўр ўтирган ўзбекистонликлар учун бу туйнук бошидаги ёруғлик бўлиб кўринди. Ва ватанга қайтиш тараддуди бошланиб кетди. Россияда ишсиз ўтирган таксистларга иш, ишсиз мигрантларга эса уйга қайтишга чора топилгандек бўлди. Россия-Ўзбекистон оралиғида йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар билан келишилди.

Шу тариқа юзлаб муҳожирлар кўч-кўронини кўтариб, йўлга тушдилар. Натижаси эса ҳаммага маълум.

Ўзбекистон мигрантларни қўллайдими?

Оренбург ва Самара вилояти чегараларида туриб қолишган юзлаб ўзбекистонликлар оралиқда «осилиб» қолишган: ортга қайтиш ҳам, олдинга юриш ҳам икки минг километрга яқин. Москванинг ҳам, Тошкентнинг эшиклари улар учун ёпиқ.

Муҳожирлар ватанига қайтишга умид боғлашган, Президентдан ёрдам кутишмоқда.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари уларга бу масала ҳукуматлар даражасида ҳал этилгунга қадар кутишларини айтишган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида 5 кундирки автобусларда яшаётган ўзбекистонликларни тинчлик сақлаб, ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилишга чақирган.

Ва ТИВ Оператив штаби Россия-Қозоғистон чегарасидаги мавжуд вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборганини билдирган.

Бу борада ҳукумат қандай қарор беради? Ёпиқ чегаралар вақтида бу муҳожирлар ортга қайтариладими, ёки Ўзбекистон уларни ватанига кириши чорасини топадими?

Кутишдан бошқа чора йўқ

Ватанга қайтишга илҳақ бўлиб кўчада тунаётган муҳожирлар расмийларнинг жавобларини кутишмоқда. Ва бошқа чоралари ҳам йўқ.

Москванинг ўзида бир ярим миллиондан зиёд меҳнат муҳожирлари бор. Чегара олдида қолиб кетган 598 мигрант чорасиз миллионларнинг бир томчиси.

Бундай вазиятда уларга ким ёрдам беради?

Бугун ватанига киролмаётганлар кеча иш топиб беролмаган давлатига оғирлигини туширмай мусофирчиликка чиққанлар эди.

Бугун чегарада сарсонлар кеча оиласидагиларнинг ойлиги озлигидан йиртиқ рўзғорини ҳар ой машаққат билан топган пули билан бутлаётган эди.

Бугун остонада бош уриб турганлар кеча миллиардлаб доллар пул юбориб узб иктисодига салмоқли ҳисса қўшиб келишаётган эди.

Ўзбекистон уларни оғир кунида қўллайдими?