Коронавирус, Россия, муҳожирлар: кимлар ватанга қайтаяпти? Koronavirus

Россия аэропортида рўйхатдан ўтиш

Сурат манбаси, official

Хорижда, айниқса Россияда коронавирус пандемияси ортидан оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш давом этмоқда. Ўзбекистондан келаётган расмий хабарларга кўра, 40 мингга яқин ўзбекистонликлар ватанга қайтарилган, яна 12 минг нафари олиб келиниши чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида Москвадан Тошкентга жўнатилаётган йўловчиларнинг суратлари ва видеоларини эълон қилди. Суратларда аэропортда учиш олдидан лавҳалар, видеоларда эса Ўзбекистонга қайтаётган муҳожирларнинг миннатдорчиликлари акс этган.

- Мана, Москва аэропортида уйга кетиш учун йўлга чиқдик. Билетлар олиб бердилар, 3 маҳал овқатлар олиб бердилар. Каттадан-катта раҳмат, - дейди йиғламсираб 50 ёшлардаги аёл.

Тасвирларда ногиронлик аравачасидаги эркаклар, ёш болали аёллар ҳам кўринган. Муҳожир йигитлардан бири ишсизлик сабабли консулликка мурожаат қилганини билдирган.

- Кўчада қолишимга сал қолганди. Консуллик хостелга жойлаштирди, шароитлари яхши, худди уйдагидек. Вирус учқуни чиққанда ҳам, барибир, бизга ғамхўрлик қилишди, - дейди рус тилида гапирган ўзбекистонлик.

Видеодан англашилишича, ватанга жўнатилаётганларнинг маълум қисми Ўзбекистоннинг Россиядаги муҳожирларга ёрдами тариқасида ташкил этилган хостелга жойлаштирилган муҳожирлардир.

70 минг муҳожир навбатда

Сурат манбаси, official

Аввалроқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича айрим рақамларни маълум қилган, улар орасида хориждаги ўзбекистонликларга алоқадор маълумотлар ҳам бор эди.

- Ҳозирги кунгача хориждан 39 минг нафар юртдошларимизни олиб келдик. Ташқарида оғир аҳволда қолган яна 12 минг нафар фуқаромизга тегишли ёрдам кўрсатиб, уларни юртимизга олиб келиш чоралари кўрилмоқда, - дея иқтибос келтирилди Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан.

Россияда карантин сабабли минглаб муҳожирлар танг вазиятда қолишган. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчилиги ватанга қайтишни истаган муҳожирлар учун чартер рейсларга рўйхатга олиш ва жўнатиш ишларини ташкиллаштирган.

Аммо консуллик вакилларига кўра, ватанга қайтишни истаган "ҳаммани қайтаришнинг имкони йўқ".

- Бугунгача 70 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар рўйхатга ёзилишган, беморларнинг ўзи 5000 нафардан зиёд, - деган Москвадаги консуллик ўринбосари Тоҳир Арипов элчихона ёнидаги мигрантлар билан учрашувда.

Ҳудудлар очилмоқда

Сурат манбаси, official

Россияда карантин чоралари юмшатилаётгани билдирилмоқда. Энг оғир вазият қайд этилаётган пойтахтда ҳам 12 майдан бир қатор ташкилотлар фаолияти давом эттирилиши белгиланди. Шу ҳафтада Москва вилоятида ҳам ишлаш тартиши анча "бўшатилди".

Россиянинг бошқа ҳудудлари ўз вазиятига қараб иш тутмоқда. Масалан, Камчатка ўлкаси карантиндан босқичма-босқич чиқмоқчи. 12 майдан бошлаб аҳолига якка ҳолда ва бола билан сайр қилишга рухсат берилди. Бир қатор чекловлар билан сартарошлар, кийим тозаловчилар ва косиблар фаолияти ишга тушди.

Бошқирдистонда ниқоб тартиби шарти билан сайрга рухсат берилди, Мурманск вилоятида эса ўзини яккалаш тизими ихтиёрий этиб белгиланди.

Калининградда савдо марказлари ҳам ишга тушиши маълум қилинди, Сахалинда мактаб, боғча ва бир қатор идоралар ўз фаолиятини давом эттиради.

Татаристонда 12 майдан бошлаб шаҳарда ҳаракатланиш бўйича SMS-рухсатномалар тизими ва тақиқлар бекор қилинди. Жамоат ва шаҳарлараро транспортлар қатнови янгиланди, 14 шаҳар чегарасидаги ҳудудга эпидемия кириб келинишининг олдини олишга қўйилган тўсиқ-блокпостлар олинди. Аммо бу ерда ҳам ниқоб тартиби сақланиб қолади.

Шунга қарамай, Россия ҳамон пандемия тарқалиши борасида энг хавфли ҳудудлардан бўлиб қолмоқда. Айниқса, пойтахтда вазият анча жиддий. Москва мэри Сергей Собянин шаҳарда коронавирус билан боғлиқ ўлимлар сони кўпаяётганини билдирган. Россия бўйича COVID-19 ташхисидаги 3000 га яқин қайд этилган ўлимларнинг катта қисми пойтахтга тўғри келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek