Нидерландия экспертлари Сардоба фожиаси ҳақида аслида нима деганди? Ўзбекистон O'zbekiston

Нидерландия экспертлари
Сурат тагсўзи,

Нидерландия экспертлари

Нидерландиянинг Делтарес номли мустақил тадқиқот маркази экспертлари Сардоба сув омборининг ўпирилиши борасида интернетда мавжуд маълумотлар, ҳамда ҳатто ортга қайтиб тасвирларни кўрса бўладиган сателлит суратлари асосида ҳисобот тайёрлаганлар, аммо Би-би-сига айтишларича, уларнинг ҳисоботи Ўзбекистон матбуотида нотўғри талқин қилинган.

Ҳисобот муаллифларидан бири бу борада Ўзбекистон расмий доираларига боғланиб ўз норозилигини изҳор қилганини айтди.

Ўзбекистон ҳукуматига тегишли «Дунё» хабар агентлиги 17 майда ўзининг рус тилидаги саҳифасида Нидерландияда жойлашган экспертлар Сардоба сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши бўйича чиқарган таҳлил хақида хабарни чоп этди ва «докладнинг муаллифларига кўра, ўпирилиш кўп ёққан ёмғир, шамол тўлқини ёки қувурларнинг ички емирилиши туфайли содир бўлган бўлиши мумкин» деб ёзди.

Сурат манбаси, researchgate

Айни ҳисоботдаги бошқа фикрлар, хусусан, тўғон лойиҳалаштириш ва қурилишдаги инсоний хатолар туфайли ҳам ўпирилган бўлиши мумкин деган хулосалар бу расмий хабардан тушириб қолдирилганини кўриш мумкин.

Ушбу хабар ортидан қатор ўзбек тилидаги нашрлар ва блогерлар хорижий экспертларнинг бу фикрини гўёки Сардоба фожиасига асосий сабаб сифатида сарлавҳаларга олиб чиқдилар.

Делтарес экспертлари ҳисоботи билан researchgate.net сайтида батафсил танишиш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов Сардоба фожиаси бўйича аҳолини хабардор қилиш тизими нима учун ишламагани ҳақида гапира туриб, бу каби тизим жуда қиммат туришини айтганди. Аммо экспертларнинг менга айтишларича, бу тизим қиммат эмас, Ўзбекистондаги сув омборларидаги тизим эса ҳали ҳам эски усулда ишлаяпти.

Ибрат Сафо Сардоба ҳодисаси бўйича ҳисобот муаллифлари, Делтарес экспертлари Санжай Гири ва Геннадий Дончицдан аввало текширувлари нималарни аниқлагани ҳақида сўради.

Ҳисобот муаллифларидан бири Геннадий Дончиц ўз тадқиқотлари спекуляция қилинганидан таафсуфда эканини айтади.

"Ҳисоботимиздан бундай спекуляция юзага келганидан афсусдаман. Бу каби ҳисоботлардан яна бир мақсад - ана шундай ҳоллар юзага келганда, қандай йўл тутиш кераклигини ўрганиш. Ҳатто тижорий компаниялар ҳам офат юз берганда бажонидил реал вақтдаги сателлит тасвирларни улашишга тайёрлар, шундай экан улардан фойдаланса бўлади. Ундан ташқари, ҳодисанинг каттароқ таъсирини ўрганишни истадик - очиқ маълумотлар ёрдамида дунёнинг ҳар бурчагидаги тўғонга қараб, агар у ўпирилса, қанча ҳудудга хавф туғдиришини аниқлаш мумкин. Ҳозирча бу каби таҳлиллар ҳамма давлатда ҳам, ё ҳар бир сув омбори бўйича ҳам қилинмаяпти", дейди у.

1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонидан сув ўпирилиши рўй бериши оқибатида бир неча аҳоли пунктлари сув остида қолган, йўллар ва қишлоқ хўжалиги ерлари зарарланган ва вайрон бўлган. Қўшни Қозоғистоннинг жанубий туманларида ҳам уй ва экинзорлар ҳаробага айланган.

Сурат манбаси, kun.uz

Расмий маълумотга кўра, олти киши табиий офат қурбони бўлди (икки аёл ва тўрт эркак), яна бир киши бедарак йўқолган.

Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг "Мансабга совуққонлик билан қараш" ва "Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Терговчилар томонидан рўй берган воқеанинг тўртта версияси кўриб чиқилмоқда: лойиҳалаш хатолари, қурилиш қоидаларига риоя қилмаслик, фойдаланиш жараёнидаги хатолар ва табиий офат.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek