Америка ва дунё: Жорж Флойдни ўлдирган полиция бошқармаси тарқатиб юборилади

Сурат манбаси, Getty Images
Дунё бўйлаб полиция зўравонлигига қарши намойишлар бўлиб ўтган
АҚШ бўйлаб Жорж Флойднинг ўлими ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари манзарасида ҳодиса юз берган Миннеаполис шаҳар кенгашининг 13 аъзоси шаҳар полиция бошқармасини тарқатиб юбориш ва ўрнига "жамоат хавфсизлигининг янги модели"ни тузишни таклиф қилишди.
4 июнь куни Флойд билан хайрлашиш маросимида унинг тобути олдида тиз чўккан шаҳарнинг демократ ҳокими Жейкоб Фрайнинг резолюцига қарши чиқиши унинг уйи олдида тўпланган оломоннинг норозилик хайқириқларига сабаб бўлди.
Аммо полицияни тарқатиб юбориш тарафдори бўлган маҳаллий кенгаш депутатларининг сони ҳокимнинг ветосини ошиб ўтиш учун етарли.
Йиллар давомида полиция бошқармасининг тугатилиши учун кампания олиб борган фаоллар шаҳар кенгашидаги овоз беришни бурилиш нуқтаси, деб аташмоқда.
Аввалроқ суд-тиббиёт экспертизаси Жорж Флойднинг ўлими қотиллик натижаси, деган хулосани берган эди.
'Covid-19 дан ҳам ёмон вирус'
Сурат манбаси, DARNELLA FRAZIER
Полиция ходими одам ўлдиришда айбланмоқда
Дунё бўйлаб минглаб одамлар ирқчилик ва полициянинг зўравонликларига қарши намойишларга чиқишган.
Деярли барча намойишлар тинч ўтган, фақат Лондонда якшанба куни кечга яқин бош вазир қароргоҳи жойлашган Даунинг- стритда намойишчилар полиция билан тўқнашган.
23 нафар полиция ходимлари жароҳат олгани хабар қилинади.
Аксар намойишчилар қўлқоп ва ниқобларни тақийб чиқишган.
Сурат манбаси, Getty Images
Айримлари "Дунёда Covid-19 ҳам ёмонроқ вирус бор, бу - ирқчиликдир" деган шиорларни кўтаришган.
Францияда ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши намойишларда 20 мингдан ортиқ одам иштирок этган.
Дунё бўйлаб намойишлар Жорж Флойднинг Миннеаполисда полиция томонидан ҳибсга олиниши тасвирлари акс этган видео интернетда тарқаши ортидан бошланиб кетган.
Унда полиция ходими Флойдни бўғиб ўлдиргани яққол кўринади.
Флойд қуролсиз ва қўли кишанланган ҳолда ерда ётарди.
Полиция ходими уни тиззаси билан томоғидан қарийб 9 дақиқа босиб турган.
Сурат манбаси, EPA
Флойднинг "нафас ололмаяпман", деган сўзларига қулоқ солмаган.
Полиция ходими одам ўлдиришда айбланмоқда, унинг уч нафар ҳамкасби эса шерикликда.
АҚШда намойишлар ортидан бошланиб кетган тартибсизликлар пасайгани туфайли якшанба куни эрталаб хавфсизлик чоралари юмшатилган.
Душанба куни Флойд туғилиб ўсган Техас штатининг Хьюстон шаҳрида яна бир видолашув маросими режаланган. Унда минглаб одамларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Оилавий дафн маросими сешанба кунига белгиланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
Нафас ололмаяпман: Америка ҳозир ҳам ирқчими ё нега зўравонлик кучаймоқда?
Америка бўйлаб ёйилган намойишлар зўравонлик тусини олмоқда. Оқ танли полициячи қора танли қуролсиз Жорж Флойднинг бўйнидан тиззаси билан босган ва сўнг Жорж ўлганди. Унинг ўлими ортидан АҚШ бўйлаб намойишлар бошланиб кетади. Аммо кўп ҳолларда зўравонлик тусини олаяпти. Намойишлар бир саволни яна ўртага чиқармоқда: Америка ҳалиям ирқчими?