Ўзбекистон: Мирзиёев Тошлоқ ҳокимини олишга кўрсатма берди, Ғаниев қолади, - ҳокимлар сайланадими?

ganiyev

Сурат манбаси, Xabar.uz

Фарғона вилоятига сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев Тошлоқ тумани ҳокимини ишдан олиш бўйича кўрсатма берди. Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ишдан олиниши тўғрисидаги хабарлар тасдиғини топмади. Ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини йўлга қўйиш мурожаати керакли овозни тўплади.

Сўхликлар томонидан тошбўрон қилинган ва бундан олдинги таҳдидлари билан эътиборга тушган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўз ўрнида қолди.

Шавкат Мирзиёевнинг 5 июнь куни Фарғона вилоятига сафари бошланганидан Ғаниевнинг ишдан олиниш масаласи Ўзбекистондаги сайтлар ва ижтимоий тармоқдагилар томонидан диққат билан кузатиб борилди.

6 июнь куни Президентнинг Фарғона шаҳрида вилоят ва туман ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказаётган бир вақтда azon.uz, human.uz каби сайтлар Шуҳрат Ғаниев ишдан олиниб, ўрнига Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров тайинлангани тўғрисида ёзди.

Бироқ кейинчалик тасдиқланмаслиги ортидан бу хабарлар сайтлардан олиб ташланди.

Президент расмий сайти Фарғона тажрибаси асосида «лойиҳалар фабрикаси» ташкил қилинганини эътироф этган.

Президент Мирзиёев фаолиятида сусткашликка йўл қўйган Тошлоқ тумани ҳокими ва солиқ бошқармаси бошлиғини вазифасидан озод этиш бўйича кўрсатма берган.

Ҳокимларни сайлаш керакми?

Ижтимоий тармоқдагилар икки кундан буён Президент Фарғона ҳокими тақдирини қандай ҳал қилиши ҳақидаги хабарни кутаётган ва таҳлил қилаётган бир вақтда Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталида ҳокимларни сайлаш мурожаат керакли овозларни тўплади.

Энди ушбу мурожаат кўриб чиқиш учун парламентга юборилади.

Афзал Холиқов томонидан қўйилган мурожаатда фақат шаҳар ва туман ҳокимларини сайлаш ҳақида гап боради.

«Ижтимоий тармоқлардан маълумки, ҳозирда кўплаб ҳокимларга нисбатан аҳолининг норозилик кайфияти мавжуд. Шу туфайли, ҳудудларда аҳолини бошқарадиган ҳокимларни халқнинг ўзи танлаши ва сайлаш амалиётини жорий этиш зарур», - дейилади унда.

Нима учун вилоят ҳокимларини сайлаш киритилмаганига изоҳ берилмаган.

Шу вақтгача мурожаатга 10684 киши ёқлаб овоз берган, 99 киши қарши бўлган.

«Аллақачон қилиниши керак бўлган иш! Нафақат туман ва шаҳар, балки ВИЛОЯТ ҳокимларини ҳам халқ сайлаши керак ва улар сенатор ёки депутат бўлмаслиги керак. Ҳамма ўзини ишини қилсин!», дейди Аҳаджон Илёсов.

Бироқ ҳокимларни сайлаш амалиётини жорий қилишга танқидий кўз билан қараганлар ҳам бор.

«Битта ёмон томони борда. Ҳокимларни халқ сайлашига қаршилик қилишмайдию лекин сайланиши аниқ инсонни сайлаб беришимиз учун яна бюджетдан кўп пулни ўмаришадида», дейди Шамшод Содиқов.

@davletouz номи остида ёзадиган блогер Twitterда Ҳокимларни сайлов орқали ҳокимиятга келишини жуда-жуда исташини, лекин ҳозирги бошқарув шароитида иллюзияга берилиш нияти йўқлигини ёзди.

«Чунки охирги парламент сайловида жуда кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ҳокимларни сайлашдан олдин очиқ, шаффоф, муқобил, рақобатли ва эркин сайловларни ўтказа олишимиз керак. Депутатларни сайлаган ҳокимлар ўзларини қандай сайлашини тасаввур қилиш қийин эмас», дейди у.

Блогерга кўра, сайлов сайлов ҳуқуқи ёки сайлов орқали сайлашдангина иборат эмас, бунинг учун кучли ОАВ, кучли фуқаролик жамияти, чинакамига мустақил суд ва ҳақиқий партиялар керак.

«Ҳокимлар сайловини ҳозирги ҳолатда ташкил қилиш рейтинг агентлигини ташкил этишдек гап. Гап рейтинг агентлигида эмаслигини ҳамма биладику. Сўз эркинлиги яхши бўлса, суд хусусий мулкни ҳимоя қилса, парламент ҳукуматни тийиб, назорат қилиб турса, рейтинг агентлиги керак бўлмайди. Давлатнинг иккита расмий ҳокимияти — суд, вакиллик органи кучли бўлса, битта норасмий ҳокимият — ОАВ мустақил ва кучли бўлса, ҳокимлар сайловига ҳам ўрин қолмайди. Тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати яхши ишлайди, шунда», деб ёзади у.

Маҳаллий ҳокимларни сайлаш таклифи ҳақида Шавкат Мирзиёев Президент бўлиб сайланиши билан 2016 йилнинг 7 декабрида гапирганди.

«Маҳаллий сайловлар ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Албатта, бу бир кунда бўладиган иш эмас, лекин буни келажакда амалга оширса бўлади. Сайловлар маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг жавобгарлигини оширишга ёрдам беради. Улар халқ олдида ҳисобот бериб туриши керак», - деганди Мирзиёев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek