Ўзбекистон: Мирзиёев Сўхни Фарғонада муҳокама қилди, Тошкентга Фарғонадан қайтди - O'zbekiston, So'x

Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Мирзиёев Сўхни Фарғонада муҳокама қилди, Тошкентга Фарғонадан қайтди - Сўх йўли тақдири масаласи ноаён қолди. Ташрифга оид хабарларда ўз ифодасини топмади.

Президентнинг Фарғонага сафари Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида юз берган ва икки юзга яқин сўхликнинг ҳам яраланиши билан якун топган зўравон можародан беш кун ўтиб амалга ошган.

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида икки кун бўлган.

Мавжуд воқеълик Ўзбекистон президентининг Фарғонага сафари давомида кибер фазодаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ҳам ўзига тортмай қолмаган.

Ташриф айрим минтақавий нашрларда Ўзбекистоннинг Сўхдаги вазиятдан жиддий ташвишда эканига ҳам йўйилган.

Можаро сатҳидаги сўнгги аҳволга оид расмий хабарлар имконсиз, аммо жанжалдан кун ўтиб, ҳар икки томон ҳам вазият тўлиқ назорат остида эканини баён қилишган.

Президент "айтганини қил, қилганини қилма"ми? Мирзиёев, O'zbekiston, дунё - BBC Uzbek

Қирғизистон Давлат Чегара хизмати бу масалага 5 июнь куни яна қайтган.

Бунга шу кунларда ҳам чегараларида юз бераётган тартибсизликлар ва тўқнашувларга оид айрим оммавий ахборот воситаларида чоп этилаётган видеолар сабаб бўлгани англашилган.

Қирғизистон Давлат Чегара хизмати буларнинг барчаси "ҳақиқатдан йироқ" эканини баён қилган.

Тасвирлар 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида олинганлари эканини айтиб, ёлғон ахборот тарқатмаслик ва одамларни чалғитмаслик, адаштирмасликни сўраган.

Худди шу билдиришномасида Қирғизистоннинг бутун давлат чегаралари бўйлаб вазият барқарор эканини маълум қилган.

Яраланганлар

Сурат манбаси, official

Қирғизистон билан чегарадаги жанжал ортидан, Ўзбекистон томонидан касалхонага ётқизилганлар сонининг ўзи 187 кишига нисбат берилган. Уларнинг ораларида аҳволлари оғирлари борлари ҳам айтилган.

Сўнгги бор уларни 1 июнь куни Сўхга ташрифи аввалида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бориб кўргани хабар берилган.

Орада кечган вақт давомида яраланганларнинг аҳволларига оид расмий хабарлар кўзга ташланмаган.

Устига устак, ўзаро чегарадаги зўравон можаро глобал коронавирус пандемияси шароитида кузатилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридан Сўхда рўй берган воқеаларга муносабатини билдирган.

Сўх ҳам "Бухоро ва Сардобадан кейин ўзлари учун яна бир синов бўлгани"ни айтган. Бу йил оғир келганини таъкидлаган.

"Қирғиз халқи, қирғиз дўстларимиз, биродарларимиз, жон қўшнимиз билан охирги 3-4 йилда жуда катта ишларни амалга оширдик", деркан, "бу ножўя воқеалар дўстликлари, борди-келдилари, эртанги кун режаларига таъсир кўрсатмаслиги керак"лигини айтган.

"Қирғиз Республикаси президенти, ҳурматли Сооронбай Шарипович билан телефон орқали гаплашиб, ҳаммасини келишиб олганликлари"ни ҳам маълум қилган.

Бу "келишув" Сўх йўлини очиш масаласини ҳам кўзда тутганми-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон президенти "битта нарса - сабр-тоқат керак"лигини хосан урғулаган. Буни қайта-қайта такрорлаган.

Икки давлат президентларининг телефон мулоқотларига оид расмий хабар Тошкентдан 1 июнь куни - Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги зўравон можародан кун ўтиб олинган.

Расмий хабар тафсилотларидан телефон қўнғироғи қай бир тарафнинг ташаббуси бўлгани ноаён қолган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги эса, орада 31 май куни жанжални "маҳаллий ҳодиса"га қиёс бериб чиққан.

Глобал коронавирус пандемияси боис, Ўзбекистонда кучайтирилган тартиб ва карантин режими амалда эканига қарамай, президент Шавкат Мирзиёев Бухоро ва Сирдарёда шахсан ўзи бўлган, вазият билан бевосита яқиндан шахсан ўзи танишган, жабрдийдалар билан ҳам ўзи юзма-юз мулоқот қилган.

Қирғизистон ва Сўх

Сурат манбаси, official

Қирғизистон президентининг эса, ўзбекистонлик ҳамкасби билан телефон мулоқоти ортидан, Сўх масаласига яна қайтгани кўрилмаган.

Бунга оид бирор бир хабар унинг расмий веб саҳифасида ҳалича кўзга ташланмаган.

Аксинча, пойтахт Бишкекда ўзининг кундалик фаолияти ижроси билан банд экани кузатилган.

Зўравон можаро сатҳига борган, ўзаро чегарадаги вазият билан яқинда танишган, Ўзбекистон Бош вазири билан учрашган ҳам Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.

4 июнь куни эса, Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари ва Қирғизистон Жоқорғу Кенеши вице-спикери ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтган.

Кенеш матбуот хизматининг расман хабар беришича, томонлар парламентлараро ҳамкорликка оид мавзуларни муҳокама этиш баробарида чегаралар масаласига ҳам тўхталишган.

Уни ҳал этишда хос, алоҳида ёндашув, яхши қўшничилик ва икки қардош халқ ўртасидаги дўстликка риоя этилишининг муҳимлигини урғулашган. Аммо Сўх номи кўзга ташланмаган.

Худди ана шу расмий хабар тафсилотларидан Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг ҳам Қирғизистонга бориши англашилган.

Мулоқотчи томонлар бу масалани ҳам муҳокама этиб олишган.

Ўзаро чегарадаги зўравон можаро ортидан кечган етти кун расмий Тошкентнинг Сўх масаласини тумандаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топиш билан ҳал этиш ҳаракатида эканини кўрсатган.

Ўзбекистон Бош вазирининг 1 июнь кунги изоҳи ортидан, Сўх йўли масаласининг кун тартибига чиққанига оид расмий хабарлар ҳалича бўй кўрсатмаган.

Сўх йўли

Сурат манбаси, official

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, 2019 йилнинг 30 август куни Сўх-Риштон йўли ҳам расман очилган. Аммо орадан бор-йўғи саноқли кун ўтиб, қайта ёпилганди.

Абдулла Ариповнинг сўзларидан англашилишича, Қирғизистон томони бунинг сабабини ўзларининг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо эканликлари билан боғлаб тушунтирган.

Сўх йўли - мустақил Ўзбекистон тарихидаги ҳали-ҳануз ўзининг якуний ечимини топмай келаётган энг долзарб муаммолардан бири бўлади.

Ҳатто, расмий хабарларда ҳам, Сўх йўли маҳаллий аҳолини қийнаб келаётган энг асосий муаммо сифатида талқин этилади ва тилга олинади.

Ўзбекистон давлат чегарасининг айни шу ҳудуди эса, мамлакат мустақиллиги тарихида энг кўп ва энг зўравон можароларга саҳна бўлгани, бўлаётганларидан бири экани кўрилади.

Ўзбекистон ҳозирча бу иттифоққа аъзо эмас, кузатувчи мақомида киришга аҳд қилган, аммо шунда ҳам, Олий Мажлис Сенатининг бу ҳақдаги якуний қарори ҳалича президент томонидан расман маъқулланмаган.

Расман кузатувчилик мақоми Сўх йўли муаммосига ечим бўла олиши ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас, аммо Ўзбекистон Бош вазирига кўра, Қирғизистон томони олдига қўйилган биринчи масала - қисқа вақт ичида Сўх-Риштон йўлини очиш бўлган.

Бунга иттифоқ ва унинг раиси бўлган Беларуснинг расмий муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари орада Абдулла Арипов билан 1 июнь кунги мулоқоти юзасидан Жоқорғу Кенешга ҳисоб ҳам ҳисоб беришига ҳам тўғри келган.

Бунга Қубатбек Бороновнинг Сўх йўли юзасидан ўзларидан узр сўраганига оид Ўзбекистон Бош вазирининг сўзлари сабаб бўлгани англашилган, қирғизистонлик депутатлардан бири бу хусусда изоҳ сўраб чиққан.

Қирғизистон Бош вазири биринчи муовини Сўх йўли ёпиқлиги юзасидан Ўзбекистон томонига фақат "ўз таассуфларини изҳор этишгани", узрхоҳлик бўлмаганини баён қилган.

Сурат манбаси, official

Қирғизистон Бош вазири биринчи муовинининг худди шу чиқиши чоғида

Ўзбекистон томонидан учта:

- "Қайтпас"(Ўзбекистон томонидан "Риштон") чегара ўтиш нуқтасини очиш имконияти

- Яйловлардан фойдаланиш

- Вегетация даврида сувдан истифода этиш

Қирғизистон тарафидан эса, иккита:

- Чегара масалалари бўйича икки давлат ҳукумат комиссиялари фаолиятини жадаллаштириш

- Сўх туманидаги қирғиз қишлоқларининг сув таъминоти масаласи кўтарилгани маълум бўлган.

Қирғизистоннинг AKIpress мустақил ахборот агентлиги келтирган иқтибосига таянилса, Қубатбек Боронов, "чегара ўтиш нуқтасини очиш масаласи икки давлат манфаатлари ва Қирғизистонни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолигидан келиб чиқиб ҳал этилиши"ни айтган. "Йўлни очиш борасида бирор бир баёнот бўлмагани"ни қўшимча қилган.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг навбатдаги йиғини 20 июнга режаланган. Унинг Ўзбекистонда бўлиб ўтиши айтилган.

Фарғона водийси

Сурат манбаси, Getty Images

Фарғона водийси дунёнинг аҳолиси энг зич ҳудудларидан бири бўлади.

Худди шу манзарада баҳсли ҳудудлар бўладими, сув тақсимоти масаласи, исломий радикализм, ишсизлик ёки камбағаллик - минтақа тўқнаш келиб турган муаммоларнинг ҳам озмунча эмаслиги кўрилади.

Афғонистондан Европага йўналган энг йирик наркотранзит йўлларидан бирининг айнан водий орқали ўтиши ҳам жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Минтақа ва Ўзбекистоннинг бу яқин тарихидаги энг қонли воқеалар ҳам айнан шу минтақада кузатилган.

2005 йилнинг 13 май куни Ўзбекистоннинг Андижонида тинч намойишчилар ҳукумат кучлари томонидан тартибсиз ўққа тутилган.

Орадан беш йил ўтиб, Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан бевосита чегарадош жанубида этник тўқнашувлар келиб чиққан.

Ҳар икки зўравонлик ҳодисасида ҳам юзлаб кишиларнинг қурбон бўлгани ишонилади.

Собиқ ва ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида мустақил Ўзбекистон сув юзасидан ҳатто "уруш ёқасига бориб қолган" минтақа давлати ҳам айнан водийни бўлишгани экани кўрилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek