Forum 18: Ўзбекистон янги дин қонунини бу йил ҳам қабул қилмоқчи эмасми? O'zbekiston

Жамоат намозига қўйилмаган Ўзбек бола

Сурат манбаси, Social media

Дунёдаги диний эркинликлар вазиятини мониторинг қилиш билан шуғулланадиган Forum 18 халқаро ташкилоти ёзишича, Ўзбекистоннинг янги дин қонуни матни махфий тайёрланмоқда ва бу диний жамоалар аъзоларининг ҳафсаласини пир қилган.

Узоқ йиллардан буён халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунини қайта кўриб чиқишга чақириб келадилар, Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейин янги дин қонунини яратиш бўйича иш бошлангани хабар қилинган.

Мақолада ёзилишича, янги қонун матнининг сир тутилаётгани "режимнинг инсон ҳуқуқларига доир мажбуриятларини поймол этишга чек қўйиш истаги йўқлигидан далолат".

Forum 18 ёзишича, Ўзбекистоннинг янги диний қонуни лойиҳаси 9 июнгача ҳам расман парламентга тақдим қилинмаган, парламент қонун лойиҳаси устида расмий жараённи бошламаган.

"Расмийларнинг лойиҳа матни ҳақидаги баёнотлари Ўзбекистондаги инсонларнинг янги қонунда кўришни истаётган конкрет ўзгаришларга мос келмайди. "Фуқаролик жамияти ҳукуматдан инсон ҳуқуқлари борасида тизимли ўзгаришларни кутаяпти. Фақат шу ва реал ислоҳотлар репрессив ўтмишга қайтмасликка кафолат бўлолади", деб айтган Forum 18га инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев".

"2017 йил октябрида Ўзбекистонга ташрифидан кейин БМТнинг Диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид шундай тавсия қилганди: "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги янги қонун "Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 18-бандига тўла мос бўлиши керак". У, шунингдек, шундай қўшимча қилган эди: "Янги лойиҳа жамоатчилик, айниқса, фуқаролик жамияти, диний ва эътиқод жамоалари ва халқаро шериклар, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар тизими учун ҳам маслаҳатлар ва шарҳларга очиқ бўлиши керак".

Forum 18 га кўра, диний жамоаларни рўйхатга олиш тартиби ҳамон ўзгаришсиз қолган ва бу Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилмаётганини англатади.

"Диний жамоаларни рўйхатга олишни муқаррар соддалаштириш ҳақидаги эълон қилинган ваъдаларга қарамасдан, Дин ишлари бўйича қўмита 2020 йил 28 майида регистрация процедураларининг қайта кўриб чиқилган лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Унда барча рўйхатга олиш шартлари ўзгаришсиз қолган. Мисол учун, барча диний жамоалардан фаолият юритиши ва ўзларининг диний ва эътиқод эркинлигини адо этишлари учун давлат рухсати талаб этилади. Ва бу ҳамон Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган халқаро инсон ҳуқуқлари мажбуриятларининг бузилишидир", деб ёзади Forum 18.

"Дин ишлари бўйича қўмита охирги марта 2018 йил майида регистрация процедураларига оид ўзгартириш қилганида ҳуқуқий мақомга эга бўлиш учун иккита янги чеклов киритган эди. Охирги йилларда ўзининг диний ёки эътиқод эркинлигини адо этгани учун рейдлар, жарималар ва қамоққа олишлар сони камайган бўлса-да, шахслар ҳамон жазоланишлари мумкин ва давлат назорати ўзгаришсиз қолган", дейилади халқаро ташкилот веб-сайтида эълон қилинган мақолада.

Forum 18 Ўзбекистоннинг янги дин қонуни матнини сўраб, парламентга, Адлия вазирлигига, давлат назоратидаги Миллий Инсон ҳуқуқлари марказига мурожаат қилгани, бироқ бирорта ҳам идорадан бу ҳақда ахборот олишнинг имкони бўлмагани ҳақида ёзади.

Forum 18 суҳбатлашган мусулмон, протестант ва католик жамоалар вакиллари ҳам бундай матндан бехабар эканликларини айтганлар.

"Расмийлар 20 май куни 2020 йил охиригача қонун лойиҳасини қабул қилиш кутилаётганини қайд этганлар. Аммо бунга қарамасдан, давлат Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмийлари бир диний жамоага қонун лойиҳаси эълон қилинишини 2020 йил охиригача кутиб ўтирманглар, деб айтган", деб ёзади Forum 18.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek