Россия: Ўзбекистонликларнинг ишга келиши чекланадими? Rossiya, O'zbekiston

  • Соҳиба Ҳаёт
  • Би-би-си, Москва
Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар

Сурат манбаси, official

Россиядаги Ягона ахборот тизими маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида Россияга 400 мингдан зиёд ўзбекистонликлар ишлаш мақсадида кириб келган. Апрел ойидан Россияга кириш тўхтатилгани боис, бу рақам ўзгармай қолган.

Сўровнома натижалари мигрантларга қарши

Карантин чекловлари бекор қилиниши ортидан халқаро қатновлар яна йўлга қўйилиши кутилмоқда. Сўнгги йиллар анъанасига кўра, яна минглаб ўзбекистонликларнинг ишлаш мақсадида Россияга келиши аниқлашиб бораяпти.

Арзон ишчи кучига эҳтиёжи катта бўлган россияликлар бу гал меҳнат муҳожирларининг мамлакатга ташрифини хушлашмаяпти. Боиси, давлатдаги пандемия инқирози минглаб россияликларни ишсиз қолдирган.

Социологлар ўтказган сўровномалар натижалари россияликларнинг чет элликларни мамлакатга ишлаш учун келишини чеклашни қўллашаётганини кўрсатмоқда.

Миграция таҳлилчилари ҳукумат буни қўллаган тақдирда ҳам россияликларнинг меҳнат бозоридаги барча ўринларни тўлдиришларини тахмин этиб бўлмайди, деган фикрни билдиришмоқда.

Ўзбекистонликни поезд уриб кетди

Сурат манбаси, chuna.24.ru

Иркутскда 63 ёшли Ўзбекистон фуқаросини поезд уриб кетган. Муҳожир олган тан жароҳатлари оқибатида касалхонада вафот этган.

Чуна тумани матбуот хизматининг хабар қилишича, бир неча локомативлардан иборат поезд бекатга келаётган бўлган. Бекатдаги ўзбекистонлик кишининг маст ҳолатда бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

Маҳаллий полиция машинистнинг темир йўлдан ўтаётганини кўрганлиги ва тинмай огоҳлантирувчи сигнал берганлигини аниқлаган. Йўловчи йўлида давом этган. Машинист тезкор тормоз берганига қарамай, тўхтатишнинг имкони бўлмаган.

Воқеа жойига "Тез тиббий ёрдам" чақирилган. Бир неча соатдан сўнг ўзбекистонлик шифохонада вафот этган. Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда, дея хабар беради матбуот хизмати.

Трактор остида қолган ўзбек

Сурат манбаси, ryazpressa.ru

Рязан яқинида 53 ёшли ўзбекистонлик трактор остида қолган, уни ўз таниши тасодифан босиб юборган, дея маълум қилди ҳудудий Тергов қўмитаси.

Терговчи Оксана Янинанинг маҳаллий нашрларга билдиришича, ўзбек муҳожир ўз танишига қишлоқ хўжалиги ишларида ёрдамлашаётган, экин учун ерни ҳозирлашаётган бўлган. Трактор бошқараётган киши маҳаллий аҳоли вакили бўлган.

Долгинино қишлоғида бўлган бу воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда. Тахминий маълумотларга кўра, тракторни бошқараётган шериги ўзбекистонлик танишини тасодифан босиб юборган. 53 ёшли муҳожир воқеа жойида ҳалок бўлган.

Тергов қўмитаси суд-тиббий ва автотехник экспертиза ўтказишни тайин этган. Трактор ҳайдовчиси қамаладими-йўқми, экспертиза натижаларига боғлиқ.

Иссиқхона ишчилари карантиндан чиқди

Бошқирдистонда 60 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 тахминланиб, улар яшаётган "Сказка" ётоқхонаси карантинга олинган эди.

Салават тумани маъмурияти ходими Айгиза Ахмедянованинг билдиришича, мигрантлар Уст-Катав шаҳарчасига яқин ҳудуддаги иссиқхонада ишлашган. Касалланган 60 нафар ўзбекистонлик коронавирус ўчоғи ҳисобланган ёнида бўлганлиги учун Месягутовский юқумли касалликлар шифохонасига ётқазилган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар коронавирусга қарши тест топширишган, натижалар салбий чиққанидан сўнг, уларга нисбатан карантин бекор қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek