Сурум воқеаси: Ойижон, қўлим қачон ўсиб чиқади – оловда қолган гўдаклар эътиборга муҳтож - Ўзбекистон O'zbekiston

Сурум фожеасида ногирон бўлган болалар

Сурат манбаси, .

Қуйи чирчиқлик Хулкар Пирназарованинг хонадони портлаб кетган. Оқибатда, у турмуш ўртоғи, қайнонаси ва тўққиз яшар ўғлидан айрилган.

Ўзи ва икки гўдаги ёнғиндан кучли тан жароҳати олган - улар бир умрга мажруҳ бўлиб қолганлар.

Хулкар Пирназарованинг яқинлари Би-би-си билан боғланиб, ҳозирда мазкур фожиа юзасидан суд иши бошлангани, аммо гўдаклар ва уларнинг онасига ҳеч қандай эътибор берилмаётганини маълум қилдилар.

Уларнинг сўзларига кўра, жабрланувчиларнинг жисмоний ҳолатини қисман тиклаш учун катта миқдорда маблағ ва эътибор зарур бўлмоқда.

Сурум фожиаси номини олган мазкур иш юзасидан тергов иши апрел ойида тугалланган, май ойининг охирида суд ўз ишини бошлаган.

Би-би-си ихтиёридаги айблов хулосасида 2019 йил 11 ноябр куни Хулкар Пирназарованинг хонадонидан бир неча ўн қадам нарида ҳудуддаги газ заправкаси томон ер остидан ўтган полиэтилен қувур тешилиб, ундан сизиб чиққан газ ер ости бўйлаб хонадонга тарқалгани ва портлаш юзага келгани айтилади.

Айблов хулосасида мазкур фожиага газ заправкасига қувур тортишда бир қанча хавфсизлик талаблари қўпол равишда бузилганлиги сабаб бўлгани маълум қилинган.

Эътиборсизлик оқибатидаги фожиа

Мазкур иш бўйича олти нафар шахс айбланувчи сифатида терговга жалб этилган ва айблов хулосасига кўра, Сурум фожиаси масъул шахсларнинг ўз хизмат фаолиятига лоқайд муносабатда бўлиши ортидан юз берган.

Айблов хулосасида мудҳиш ҳодисадан атиги икки кун аввал ҳам Хулкар Пирназаровага тегишли дўконда газ билан боғлиқ ҳолат содир бўлгани, аммо туман ИИБнинг масъул ходимлари ушбу ҳолат сабабларини ўз вақтида ўрганмагани учун ҳам 11 ноябрдаги фожиа содир бўлгани айтилади.

Аниқланишича, 2019 йил 10 ноябрь куни соат 07:00 ларда Қ.М исмли фуқаро Пирназаровага тегишли савдо дўконининг ҳожатхонасига кириб, тамаки чеккан пайти сизиб чиққан табиий газ чақнаши содир бўлган ва тан жароҳати олган Қ.М касалхонага ётқизилган.

Бироқ масъул ходимлар воқеа жойига бориб, ҳодиса сабабларини ўрганмаган.

"Н.Н ва Ж.М ўз мансабига совуққонлик билан қараганлиги оқибатида, 2019 йил 11 ноябрь куни соат 08:30 ларда Қуйичирчиқ тумани, «Сурум» МФЙ ҳудуди «Сергели-Бўстонлиқ» айланма автомобиль йўли бўйида жойлашган фуқаро 1985 йилда туғилган X.Pirnazarovaga тегишли бўлган намунавий уйидан 47,5 метр масофада ер остидан ўтказилган юқори босимли газ қувури (полиетилен) шикастланиб, ундан сизиб чиққан табиий газ ер ости канализация қувури бўйлаб хонадонга тарқалиб, сўнгра X.Pirnazarovaning ошхонада чой дамлаш учун гугурт ёқиши натижасида газ чиқнаши (вспишка) юз берган ва оқибатда хонадонда бўлган фуқаро R.Karimov ва унинг онаси M.Qilichovalar воқеа жойида вафот этишган", дейилади айблов хулосасида.

Пирназарованинг тўққиз яшар ўғли эса фожиадан 49 кун ўтиб, олган жароҳатлари оқибатида касалхонада оламдан ўтган.

Айблов хулосасида, шунингдек, Пирназарованинг уйидаги газ чақнаши ҳудуддаги Янги Тошкент ҳалқа йўли кўчаси, 120-уйда жойлашган АГТКШ орқали сиқилган табиий газни сотиш билан шуғулланувчи "Mega Oil Biznes" МЧЖга Бектемир туманидаги «Бинокор» ГРEС тармоғига уланган ва ер остидан ўтказилган полиетилен газ қувурининг шикастланиши оқибатида сизиб чиққан табиий газдан содир бўлганлиги аниқлангани айтилади.

Газ қуйиш шаҳобчасига ер остидан полиетилен газ қувурларини ўтказиш ишларини олиб бориш жараёнида тегишли идоралар томонидан қурилиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жинояти аломатлари аниқлангани ҳам қўшимча қилинган.

"Болаларим одам бўлармикан…"

Фарзанди, турмуш ўртоғи ва қайнонасидан айрилган Хулкар Пирназарова Би-би-сига юборган видеохабарида ўзи ва икки қизчаси оғир аҳволда эканини маълум қилади.

Видеода Пирназарованинг танаси кучли даражада куйиб кетганини кўриш мумкин.

"Ўғлим 49 кун ўгир аҳволда 16-горболнитсада ётди ва буёғига бардоши етмади. Иккита қизчам 10 ойлик ва 2 яшар эди, 65-75 фоизга куйишган. Улар ногирон аҳволга тушиб қолишди. Ўзим ҳам ногирон аҳволдаман. Юролмайман, қўл-оёқларим ишламайди", сўзлайди 35 яшар Хулкар.

У фожиадан 8 ой ўтибдики, на айбдорлар, на маҳаллий ҳокимият боқувчисиз қолган бу оиланинг аҳволидан хабар олмаётганини билдиради.

"Бирор киши шу пайтгача ёрдам бериб, хабар олиб ёки узр сўраб келишгани йўқ. Ҳатто, қизчаларимга раҳми ҳам келгани йўқ. Мана ҳозир суд жараёни бошланди. Илтимос, яхшилар, қараб турманглар. Менга ёрдам беринглар. Ҳозирга кунда ёрдаминглар жуда керак. Ўрнимда бошқалар ҳам бўлиши мумкин эди", дейди у.

Хулкар Пирназарованинг яқин қариндоши бўлмиш Зафар Эргашев Би-би-си билан суҳбатда оловда қолган гўдакларнинг танаси даҳшатли тарзда куйиб кетгани, уларнинг бармоқлари кесиб ташланганини маълум қилади.

У юборган сурат ва видеоларда болаларнинг аҳволи аянчли экани яққол кўзга ташланади.

"Синглим учта боласини ёнган ҳолатида бирма-бир уйдан олиб чиққан. Ҳозиргача аҳволини кўриб йиғлайман. Ўзи ва икки қизи 16-шаҳар касалхонасида Аллоҳга шукур қилиб, сабр ила ётган эди. Карантин сабабли касалхона мойкага ёпилди. Улар ҳозир Тошкент вилоятида, ота уйида".

Эргашевга кўра, айни вақтда гўдаклар жисмоний ҳолатини тиклаш учун катта миқдорда маблағ зарур бўлмоқда, аммо айбдор, дея топилган томонлар шу вақтга қадар ҳеч қандай ёрдам кўрсатмай келаётир.

"Болаларни кўриб йиғлайман. Ҳозирги кунда улар тирик мурда бўлиб қолган. Синглим ётоқ ҳолатида эди. Мана энди-энди ўзига келиб, гапира бошлади. Аллоҳнинг тақдири экан, деб сабр билан ётибди", хўрсинади у.

"Лекин болалари ҳар куни "она, қўлим ўсадими, она, ўйинчоқ ўйнай оламанми, деб синглимдан сўрайди. Синглим эса "ака, болаларимнинг ҳам аҳволи яхшиланадими, улар ҳам ҳаммага ўхшаб одам бўладими" деб ичи ёнади…"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek