Шавкат Мирзиёев, Алишер Усмонов, Юлдуз Усмонова – сизни кўпроқ ким руҳлантиради? O'zbekiston, Россия

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев, Алишер Усмонов, Юлдуз Усмонова - сизни кўпроқ ким руҳлантиради? Аксарият россияликни эса, президент Владимир Путин ва мухолифат сиёсатчиси Алексей Навальний кўпроқ руҳлантираркан.

Бунга Россияда яқинда олиб борилган янги сўров натижалари далолат қилган.

Яна Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Россия Либерал-демократик партияси раиси Владимир Жириновскийларни ҳам тилга олганлар бўлган.

Сурат манбаси, Tass

Сўров, глобал коронавирус пандемиясига қарамай, "Левада" маркази томонидан шу йил апрель ойида ўтказилган.

Бутун Россия бўйлаб 1600 дан ортиқ кишини қамраб олган.

Респондентларга телефон орқали мурожаат қилинган, савол очиқча қўйилган.

Улардан, "таниқли шахсиятлардан қай бирини ўзларига намуна сифатида кўришлари" сўралган.

"Фаол фуқаролик мавқеи билан бугун кимлар уларни руҳлантираётгани" билан қизиқилган.

Иштирокчиларнинг энг кўпи Владимир Путин, деб жавоб беришган.

Ҳатто, шунда ҳам, бундай фикрда бўлганларнинг сони бор-йўғи 8 фоизни ташкил этган.

Айниқса, ёшлар ва кексаларнинг Владимир Путинга иштиёқманд эканликлари англашилган.

Сурат манбаси, AFP

Россия президентидан кейинги ўринларни Навальний(4%), Шойгу(3%) ва Жириновский(2%)лар эгаллашган.

Алексей Навальний Россиядаги таниқли ўзбек миллиардери Алишер Усмонов билан бўлган можаролари орқали ҳам ўзбекистонликларга яхши таниш.

Аммо респондентлар ўзларига намуна сифатида тилга олган таниқли шахсиятлар биргина сиёсатчилар билан чекланмаган.

Уларнинг орасида телевизион бошловчилар, спортчилар ва санъаткорлар ҳам кўзга ташланишган.

Респондентлар яна дипломат, видеоблогер ва ҳатто, қувғиндаги таниқли тадбиркор Михаил Ходорковскийни ҳам тилга олишган.

Худди шу манзарада Иосиф Сталинни ўзларига намуна, деб билаётган, ундан руҳланишларини айтганларнинг борлиги ҳам кўрилган.

Ўзининг қатағонлари билан ном чиқарган собиқ Шўролар Иттифоқи раҳбари сўровда 1% натижа тўплаган.

Иосиф Сталин номини кўпроқ 25-39 ёшгача бўлганлар тилга олишган. Яна 55 ва ундан юқори ёшда бўлганлар ҳам эслатиб ўтишган.

Сўнггида сўров муаллифларининг хулоса қилишларича, "катта ёшдагиларни кўпроқ ўзлари телевизорда кўриб турадиган расмий сиёсатчи ва журналистлар руҳлантиради".

"Ёшларда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири сезилади".

"Энг ёшларини эса, сиёсат деярли қизиқтирмайди".

Худди шу марказ томонидан ўтказилган яна бир сўров натижалари айнан апрел ойида президент Путиннинг рейтинги энг қуйи даражага тушиб кетганига далолат қилган. Ҳатто бунинг антирекорд экани айтилган.

Бир неча ҳафталик карантин ортидан Россия ҳам бошқа кўпгина давлатлар қатори иқтисодий қийинчиликларга юз тутган.

Ишсизлар сони ортиб бораркан, Кремлга ишонч ҳам сўнаётгани кўрилган.

Ўзбекистонда эса, бу яқин ўртада Россиядагисига ўхшаш сўров ўтказилгани кўзга ташланмаган.

Савол ўрнида:Шавкат Мирзиёев, Алишер Усмонов, Юлдуз Усмонова - агар, Ўзбекистон мисолида олинса, ҳозир ўзи ва фаол фуқаролик мавқеи назарда тутилганда, сизни кўпроқ ким руҳлантиради?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek