ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, рус тили ва Сўх – Мирзиёев Москвага боради O'zbekiston, So'x, Россия

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, рус тили ва Сўх - Мирзиёев Москвага боради. Ғалаба парадида иштирок этади. Байрам теграсида икки давлат президентларининг учрашувлари режаланганми-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифини президент Владимир Путиннинг матбуот котиби тасдиқлаган.

Бу ҳақда Дмитрий Песковга таяниб, куни-кеча Россиядаги барча етакчи ахборот нашрлари хабар беришган.

Ўзбекистон томони ҳозирча президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага сафарини расман эълон қилмаган.

Россия пойтахтидаги Ғалаба паради шу йилнинг 24 июнь кунига режаланган.

Глобал коронавирус пандемияси боис, 9 май кунига режаланган тадбир алал-оқибат шахсан президент Путин томонидан худди шу санага кўчирилган.

Пандемия боис, ҳафталаб карантин остида бўлган Москва куни-кеча очилган.

Аммо энг кўп коронавирус ҳоллари бўйича Россия ҳали-ҳануз дунёнинг аҳвол энг ёмон учта давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Бугун, 12 июнь кунига келиб, Россиядаги жаъми рақамлар ярим миллиондан ортган.

Президент Путин 26 май куни Ғалаба парадига ҳозирликни бошлашга буйруқ берган.

Энг кучли хавфсизлик чораларини кўришни буюрган.

Аммо Ғалаба паради чоғида коронавирусга қарши айнан қандай эҳтиёт чоралари кўрилиши тафсилотлари ноаён қолган.

Аммо, Россия президенти матбуот котибига кўра, Ўзбекистон илова беш Марказий Осиё давлатлари президентларининг барчаси параддаги иштирокларини расман тасдиқлашган.

Бу мамлакатларда пандемия боис вақтинчалик тўхтатиб қўйилган халқаро парвозлар ҳалича қайта тикланмаган.

Минтақа ва Ғалаба куни

Сурат манбаси, Getty Images

2020 йил 9 май куни фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабага роппа-роса 75 йил тўлган.

Ушбу санага Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этишга розилик билдирганликлари айтилган минтақа давлатларининг ўзида эътибор турлича бўлган. Аммо, барибир, нишонланган.

Ҳали-ҳануз коронавирус расман қайд этилмаган ягона Марказий Осиё давлати бўлиб турган Туркманистонда, ҳатто, Ғалаба паради ўтказилган.

Россия ҳам буни беэътибор қолдирмаган, парадда иштирок этиши учун Туркманистонга ўзининг юқори мартабали ҳайъатини юборган.

Қозоғистон эса, айни сана муносабати билан "Фахрийлар тўғрисида" махсус қонунни имзолаган, халқини расман табриклаган. Қирғизистон амнистия эълон қилган.

Қирғизистон, Тожикистон президентлари 9 май куни яна "Мангу олов"га гулчамбар ҳам қўйишган.

Барча минтақа давлатларида бирдек саноқли сонда қолган уруш фахрийларига турли миқдорда бир марталик пул мукофотлари берилган.

Икки минг доллардан сал ортиқроқни ташкил этиб, Қозоғистон бергани энг кўп бўлгани кўрилган.

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда Ғалабанинг 75 йиллиги Сардоба сув омборидаги техноген ҳалокат манзарасида байрам қилинган.

Ҳалокатдан минглаб кишилар жабр чекишган, бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмагани айтилган.

Ҳалокат сатҳида бир неча бор бўлиб қайтишга улгурган президент Мирзиёев пойтахт Тошкентда Ғалаба паркини очиб беришга ҳам вақт топган.

Уруш қурбонлари хотирасига ўрнатилган ҳайкал пойига гулчамбар ҳам қўйган.

Бу каби байрам тадбирлари кибер фазодаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган, қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.

Ўзбекистон ҳозирда марҳум биринчи собиқ президенти Ислом Каримов даврида Улуғ Ватан уруши атамасидан воз кечган - уни Иккинчи жаҳон уруши дейишга ўтган.

Яқин-яқингача Ўзбекистонда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаб келинган.

Сўнгги йилларда бунга қўшимча яна "Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба куни"нинг ҳам истеъмолга қайтгани кўрилган.

"Кутилаётган" сафар

Сурат манбаси, ZUMA/TASS

Агар, Ўзбекистон томонидан расман тасдиқланса, бу - президент Мирзиёевнинг Олий мажлис Сенати мамлакатнинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида кириш қарорини маъқуллаши ортидан, Москвага илк сафари бўлади.

Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тилининг мавқеига оид кибер фазони том маънода ларзага солган чиқишидан қисқа вақт ўтмай амалга ошади.

Бу - ўшанда Ўзбекистон ўзининг кузатувчи бўлиш қарори билан расмий Кремлнинг жиғига текканига ҳам йўйилмай қолмаган.

Мария Захарованинг сўзлари юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расман муносабат билдиришгача борган.

Бирор бир давлатдан алоҳида ном тутмаган эса-да, "давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас"лигини баён қилганди.

Бунга расмий Кремлнинг расмий муносабати эса, ҳалича кўзга ташланмаган.

Аммо яқинда Россия президенти "ташқи сиёсий курсни тадбиқ этишдаги юксак хизматлари учун" Мария Захаровани "Шон-шараф" ордени билан тақдирлаган.

Сурат манбаси, official

Президент Мирзиёевнинг ҳозирча Россия томони тасдиқлаган сафари арафасида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган зўравон можаро фонида қайта кун тартибига чиққан Сўх йўли муаммосининг ечими ҳам ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига бориб тақалиши маълум бўлган.

Қирғизистон томони йўл нега қайта ёпилгани сабабини худди шу омил билан изоҳлаган.

Москвадаги Ғалаба паради теграсида икки давлат президентларининг учрашувлари режаланганми-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Орада Ўзбекистон президентининг шу йил февраль ойида Россияга сафар қилишига оид хабарлар бўй кўрсатган, бу ҳақда Путин ҳам тўхталган, аммо алал-оқибат ўзининг расмий тасдиғини топмаганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek