Иш ёпилди. Ҳукм ўқилди. Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида нималар бўлганди? O'zbekiston, Россия, IShID

Tojikiston

Сурат манбаси, ASIAPLUS/OFFICIAL

Иш ёпилди. Ҳукм ўқилди. Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида нималар бўлганди? - Масъуллар ИШИД га нисбат берган иш юзасидан ортиқча тафсилотлар берилмади. Шов-шувли ҳужум билан боғлиқ маҳкама шу билан тугади.

Айбдорларнинг фақат турли муддатга қамоқ жазоларига ҳукм этилишгани билдирилди.

Шов-шувли ҳужум билан боғлиқ сўнгги маҳкама иши шу билан ўз ниҳоясига етди.

Тожикистондаги етакчи Asia-Plus нашрининг ёзишича, Олий маҳкама матбуот хизмати бундан ортиқ маълумот бермаган. Бори шу эканини айтган.

Қуролли ҳужум

Ҳужум ўтган йил 6 ноябрь содир этилган ва Тожикистон президенти Европа сафарида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Бир гуруҳ қуролли шахс Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги "Ишкобод" постини ҳужумга тутишган. Бешта Калашников автоматини қўлга киритишган.

Аммо Тожикистон куч тизимлари улардан 15 нафарини ўлдиришган. Бештасини тириклайин қўлга олишган.

Жаъми 20 нафар ҳужумчидан учтаси аёл киши экани айтилган.

Ҳужумчилар Душанбе рақамидаги машиналарда бўлишган.

"Ишкобод" чегара постига бирор бир тўсиқсиз етиб келишган.

Мавжуд ҳолат ҳам ўшанда озмунча саволларни пайдо қилмай қолмаганди.

Тожикистон Олий маҳкамаси матбуот хизмати эса, ҳатто, судланувчилар сонини айтмаган.

Ҳукмга оид бошқа тафсилотларга ҳам тўхталмаган.

Asia-Plus интернет нашрига кўра, шу йил 3 февраль кунги матбуот анжумани чоғида маҳкама раиси бунга ойдинлик киритгандек бўлган.

Ўшанда ҳужум билан боғлиқ 9 кишининг жиноий ишини кўриб чиқаётганликларини маълум қилган.

ИШИД ми?..

Сурат манбаси, BBC world service

Расмий Душанбе аввалбошдан ҳужумчиларни ИШИД аъзоларига нисбат берган.

Аммо ўшанда ИШИДнинг бугунги қудрати ва имкониятларини назарда тутиб, уларнинг бу баёнотини анчайин шубҳа билан қарши олган эксперт, таҳлилчилар ҳам оз бўлмаганди.

Ўз вақтида дунёдаги энг қудратлиси сифатида эътироф этилган гуруҳнинг ўзи ҳам ҳали-ҳануз бу хусусда бирор бир муносабат билан чиқмаган.

Тожикистон Олий маҳкамаси ҳукми борасида ҳам ИШИД жим.

Ҳужум юзасидан Тожикистон Жиноят Кодексининг "Терроризм, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва ноқонуний тарзда қурол-яроғ олиб юриш" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганди.

Минтақада фаол бўлган қолган бирор бир жангари гуруҳ ҳам ҳалича бу ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Аммо ҳужум ИШИДнинг минтақадаги "Хуросон" тармоғи гуруҳнинг янги лидери Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийга байъат келтиргани эълон қилинган бир кунга тўғри келган.

Фаразлар

Сурат манбаси, AFP/TAJIKISTAN GOVERNMENT

Расмий Душанбе ўшанда ҳужумчилар Тожикистонга Афғонистондан ўтиб келишган, деган фаразни илгари сурган.

Афғонистон томони ҳужум ортиданоқ бу хусусда қатъий раддия билан чиққан, аммо Тожикистон томонининг бу каби мавқеини ўзгартира олмаганди.

Мавҳ этилгани ўтган йил март ойида Ғарб томонидан расман эълон қилинган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларида 2000 дан 4000 тагача Марказий осиёлик жангарилар жанг қилишгани ишонилган.

Гуруҳнинг 2015 йилда Покистонда асос солинган Хуросон қаноти таркибида ҳам Марказий Осиё фуқароларининг сонлари юзлаб экани айтиб келинган.

Улар асосан Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларига нисбат берилишган.

Ҳаракат худди ўша йили тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган.

Муносабат

Сурат манбаси, official

Орада кечган вақт давомида Ўзбекистон томони ҳам бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида ҳужумдан кун ўтиб, Тошкент МДҲ Хавфсизлик ва махсус хизмат органлари раҳбарлари кенгаши йиғинига мезбонлик қилган.

Мазкур йиғин чоғида ИШИД масаласи алоҳида эътибор топгани маълум бўлган.

Аммо, шунга қарамай, имконли бўлган хабарларда бирор бир иштирокчи томоннинг "Ишкобод" ҳодисасини тилга олгани ёки унга бирор бир тарзда муносабат кўрсатгани кузатилмаган.

Таҳлилчилар, агар, бу ростдан ҳам ИШИДнинг иши бўлса, воқеаларнинг ривожи Марказий Осиё давлатлари учун хатарли эканлигини айтишган.

"Ишкобод"даги ўзаро отишмада Тожикистон томонидан ҳам икки киши - бир чегара қўриқчиси ва яна бир нафар милиция ходимининг қурбон бўлгани хабар берилган.

Ўшанда айрим маҳаллий мустақил журналистлар расмий Душанбе берган талафотлар сони бундан кўп экани эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмаганди.

Хавотирлар

Сурат манбаси, official

Афғонистондаги ИШИД хавфи Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини бирдек ўйлантириб, хавотирга солиб келган.

Бу - Россия томони, айниқса, сўнгги йилларда минтақа мамлакатларини жиддий ва муттасил огоҳлантириб келаётган мавзулардан бири бўлади.

Россиялик масъуллар орада, ҳатто, Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарасида минглаб жангарилар тўпланаётганига оид иддаолар билан ҳам бир эмас, бир неча бор чиқишган.

Уларнинг бу каби даъволарига Афғонистоннинг айрим юқори мартабали ҳукумат мулозимлари ҳам қўшилишган.

Афғон масъуллари бундан уч йилча бурун Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва илк етакчиси (ҳозирда марҳум - таҳр.) Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ҳам айнан ИШИД фаолиятини ёйиш учун Афғонистон шимолига ўтганига оид даъво билан чиқишган.

Аммо бунга ўхшаш иддаолар амалда ўз исботини топмаган.

Тоҳир Йўлдош ўғлининг тақдирига оид бирор бир ишончли маълумот ҳам ҳали-ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг президенти ҳам ўзи қудратга келган тўрт йилча вақтнинг ўзида толиблар билан мулоқотларини кучайтирган.

Расмий Тошкент ҳаракат юқори мартабали ҳайъатининг амалий ташриф билан икки бор Ўзбекистонга келишига эришган.

Минтақавий таҳлилчилар Ўзбекистоннинг бу каби саъй-ҳаракатларини билвосита ИШИД хавфидан хавотирларига ҳам йўйишганди.

Минтақавий таҳлилчилар эса, айниқса, Россиянинг бу каби даъволарини расмий Кремлнинг империалистик амбицияларига йўйиб келишади.

Буни Россиянинг Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишида яна бир восита сифатида кўришади.

Тожикистон Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва ҳарбийларига эга иккита давлатидан биттаси бўлади.

Таҳлилчиларга кўра, АҚШ ва Хитой зиддига минтақада ўз геосиёсий таъсирини кучайтириш, кенгайтириш ва ўз манфаатларини парваришлаш мақсадида расмий Москва иқтисодийси баробарида хавфсизлик факторини ҳам ишга солмоқда.

Марказий Осиё давлатларини ўз сиёсий орбитасига тортиш учун бу каби огоҳликларини йил сайин кучайтирмоқда.

Уларни ўзининг шамсияси остидаги турли иқтисодий ва сиёсий блокларга қўшилишга ундамоқда.

Афғонистон жорий пайтда Россиянинг геосиёсий рақиби АҚШ ўзининг ҳарбийлари ва ҳарбий базаларига эга ягона минтақа давлати бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek