Сардоба фожиаси: Ажратилган ёрдам пуллари «таниш-билиш» бўлиб кетдими? O'zbekiston, Sardoba

Sardoba

Сурат манбаси, kun.uz

Би-би-сига Сардоба фожиасидан талафот кўрган бир гуруҳ сирдарёликларнинг президент номига ёзган шикоят хати келиб тушди.

Ушбу хатда тошқин туфайли уйига зарар етган одамлар учун ажратилаётган 40 миллион сўмлик ёрдам пули маҳаллий раҳбарлар томонидан адолатсиз тақсимланаётгани иддао қилинади:

Оқолтин тумани Аҳиллик маҳалласи яшовчилари номидан битилган хатда жабрланганлар рўйхатини шакллантириш ваколатига эга маҳаллий расмий «таниш-билишчилик» асосида 40 миллион сўмлик кўмак пулини уйи кам даражада талафот кўрган "ўзининг қариндошлари, танишлари"га ёзиб бераётгани, ҳақиқий муҳтожлар эса ҳеч қандай ёрдамсиз қолиб кетаётгани маълум қилинади.

"Биз талафот кўрган бечоралар, камбағаллар, кам таъминланган оилалар қолиб кетдик. Маҳалламиздаги бойлар, қўша-қўша машинаси борлар, ота-болалар бир оиладан икки учталаб олган.

Биз фуқаролар туман ҳокимлиги ҳамда маҳалла раисига борганимизда, қаерга борсанг боравер, деб, ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, бой-камбағалга ажратиб, ҳайдаб юборди", дейилади шикоят хатида.

Би-би-си вазиятга ойдинлик киритиш учун шикоят хатига имзо чеккан оқолтинликлар билан боғланди.

Сурат манбаси, courtesy

"Нега мен 40 миллионга ҳақли эмасман?"

Саида Раҳматова тошқин уйига жиддий зарар етказгани, аммо маҳаллий масъуллар "сенинг уйинг яроқли", дея уни ёрдамга муҳтожлар рўйхатига қўшмаётганини маълум қилади.

"Тўғри, 1-совхоз, Учтомдагидек уйимиз қулаб кетмаган, лекин ҳамма жой қулаб кетган. Оғилхона, молхона, деворлар қулаб кетган, полларимиз чўкиб кетган", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Раҳматованинг сўзларига кўра, уйига жиддий зарар етмаган айрим "чўнтаги бақувват" қўшниларига ёрдам пули ажратилган.

"Сенинг уйинг қуламаган, дейди. Мана, ёнимизда фермер - икка-учталаб машинаси бор одам олган. Икки метр девори қулаган. Кўриб кетишларинг мумкин".

Сурат манбаси, courtesy

У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари уйини келиб кўриб, оиланинг ёрдам муҳтож эканлигини эътироф этиб кетган бўлса ҳам, маҳаллий ҳокимлик бундай фикрларни инобатга олмаётганини иддао қилади.

Саида Раҳматова "ҳақиқатни юзага чиқариш" мақсадида президент номига ёзилган шикоят хатига имзо чеккани, ҳатто, шикоятчилар билан бирга бир неча бор президент билан кўришиш мақсадида Тошкентга келганликларини билдиради.

Сурат манбаси, courtesy

Бироқ у 8 июнь кун яна бир бор президент қабулига киришга уриниб кўриш илинжида ўз ҳамроҳлари билан Тошкент томон йўлга чиққанларида маҳаллий масъуллар томонидан тўхтатилиб, "карантин қоидаларини бузди" важи билан мажбуран 14 кунлик карантинга ташланганини айтади.

Раҳматованинг билдиришича, Аҳиллик маҳалласидаги ёрдамга муҳтожлар рўйхатини шакллантириш вазифаси маҳалла раисига топширилган, аммо раис ёрдам пулини ажратишда «таниш-билишчилик»ка йўл қўйиб, асосан, ўзининг қариндошлари ва яқинларини рўйхатга «илинтирмоқда».

"Раисимизнинг ўзи ҳам олган. Бўпти, халқни ўйлайдиган раис бўлса, унинг ҳам уйи қулаб кетмаганку? Гаражи, молхонаси қулаган меникидек, лекин у ҳам 40 миллион олганку? Нега мен ҳақлимасман?!"

Сурат манбаси, courtesy

"Суф сенга!"

Шикоят хатига қўл қўйган бошқа бир оқолтинлик Шаҳноза Жамолова айрим одамлар ёрдам олиш илинжида ўз уйига ўзи талафот етказгани, аммо мутасаддилар бу ҳолатга кўз юмганини иддао қилади.

"[Ёрдам пулини] ноқонуний олганлар бузиб улгурмасдан мурожаат қилгандикда. Девори, олдидаги навес, бошқа нарсаларни бузиб-бузиб ташлашди. 10 ёки 12-[май] куни вазирликдан одам келган, ноқонуний олган бир одам уйига кирган".

"Ундан уйингга сув кирганми, деб сўраган. «Йўқ», деган. "Э, суф сенга!" деб чиқиб кетган у одам. Ҳозир бу иш бости-бости бўлиб кетди. Ҳозир бири машинага тўлов қилган, бири бошқа қилган. Ёпилиб кетди. У хонадонни ҳеч ким текширгани йўқ. Бизнинг хонадонни қайта-қайта текширишади - натижа бўлмайди", дейди ёрдам пули адолатсиз тақсимланаётганини таъкидлаган Жамолова.

Сурат манбаси, courtesy

Носир Қувондиқов эса ёрдам ололмай боши қотган кам таъминланган оилаларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб этишига тўсқинлик қилинаётганини билдиради.

"Кимгадир борамиз… Кеча ҳам Тошкентга борганимизда, мисол учун, худди ёш болага айтгандек "Бор йўқол", деб қувиб юборди. Ҳозир сизга ҳам тўлиғини айтишга одам тортиниб ҳам қолади…" сукут сақлайди у.

Қувондиқов ҳам айрим маҳалладошлари ўз қўли билан уйига зарар етказиб, ёрдам пули олгани, бу ҳолдан маҳаллий мутасаддилар, катта эҳтимол ила, яхши хабардор эканини иддао қилади.

"Сув у ҳовлига кираман, бунисига кирмайман, демайдида. Ён қўшнимга шу маблағ ажратиляпти, лекин ўз қўли билан бузган. Менинг иморатларим қулайман, деб турибди. Майли, менга 40 миллион бермасин. Иморатимга кетган харажатимни тўлаб берсин, бошқа даъвом йўқ".

Сурат манбаси, courtesy

"Бизни соппа-соғ бўлсак ҳам, карантинга тиқиб қўйди. Кечаги куни эрталаб Тошкентга ҳаққимизни талаб қилиб борайлик, ишни битириб, вақтлироқ қайтайлик, деб йўлга чиққан эдик. Йўлда уч-тўрт машинани ушлаб - кўрсатиб бераман кимлигини ҳам - "Обориб тиқ буларни, карантин қоидасини бузди", деди. Лекин ўша пайтнинг ўзида ҳам, мисол учун, битта Дамасга олти-етти киши кетса, Дамасда одамлар ўтиб-қайтиб ётганди. Хуллас, Тошкентга боришимиз олдиндан маълум қилинган", сўзлайди Қувондиқов.

Би-би-си билан гаплашган барча оқолтинликлар ўзларининг кам таъминлаган эканликлари, уйларига жиддий зарар етгани, уларнинг хонадонини турли расмийлар кўриб кетаётгани, аммо ҳеч қандай амалий ёрдамдан дарак бўлмаётганини айтадилар.

Шикоятчилар маҳаллий масъуллар бир вақтнинг ўзида ҳам ёрдам қўлини чўзишга ваъда бераётгани, баъзи ҳолларда эса, дўқ-пўписа қилаётганини ҳам қўшимча қиладилар.

"Хулоса чиқаришга ваколатим йўқ"

Сурат манбаси, courtesy

Би-би-си президент номига ёзилган шикоят хатида ёрдам пули тақсимлаш бўйича хулоса бериш ваколатидан фойдаланиб, «таниш-билишчилик»ка йўл қўяётгани иддао қилинган маҳалла раиси билан ҳам боғланди.

Бироқ у 40 миллион сўмлик ёрдам пули олиши зарур бўлган аҳоли рўйхатини шакллантиришда асосий қарорни олиш ўз ваколатига кирмаслигини таъкидлади.

"40 миллионлик сертификатнинг мезони бўлганда, масалан, шуни бир мезонга тушириб, маҳал раисидан олайлик, деганда ва мен ўшандай қилиб берганимда, мен айбдор бўлган бўлишим мумкин эди", дейди маҳалла раиси.

Унинг билдиришича, айни вақтда уйига зарар етганини иддао қилувчи ёрдамга даъвогарлар пайдо бўлган.

"40 миллионлик сертификатни тарқатгунча ҳамма жим эди. Телевизорга чиқиб, "Худога шукур, биз талафот кўрмадик, жонимиз омон", деганлар ҳам сертификат бергандан кейин "менинг бу ерим ёрилиб кетган, у ерим ёрилиб кетган", дея югуриб бошлади".

Бундан ташқари маҳалла раиси президентга шикоят хати ёзган оқолтинликлар муаммосини турли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ўрганаётгани, айни дамда, уларга қурилиш моллари кўринишида ёрдам берилаётганини қўшимча қилади.

Би-би-си ушбу масала юзасидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот котибига мурожаат қилди.

Мулозим 40 миллион сўмлик ёрдам пулини тарқатишда, айрим ҳолларда, ҳуқуқий баҳслар юзага келаётгани, аммо оқолтинликлар шикояти қонун доирасида алоҳида ўрганиб чиқилишини маълум қилди.

Сурат манбаси, kun.uz

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek