Ўзбекистон: Ортиқхўжаев хорижий инвесторларга 26 фоизгача даромад ваъда қилди - O'zbekiston

Tashkent.uz

Сурат манбаси, Tashkent.uz

Тошкентнинг тадбиркор ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги йирик лойиҳаларга сармоя киритган хорижий инвесторларга 18 фоиздан 26 фоизгача йиллик даромад ваъда қилган.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти хабар қилмоқда.

Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда Business City дирекциясининг Россиянинг Cushman & Wakefield Russia ширкати вакиллари билан онлайн мулоқоти чоғида инвесторлар концорциумини ташкил этишни таклиф қилган.

У коронавириус пандемияси боис жорий қилинган карантин чоралари юмшатилиши ортидан ҳозирда пойтахт иқтисодиёти қайта тикланаётганини айтган.

Видео тагсўзи,

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шубҳали инвесторларни инкор этмади

Ҳоким Tashkent City лойиҳаси "жуда ҳам муваффақиятли" лойиҳа бўлганини таъкидлаган.

"Менимча, Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга ошириш вақти келди. Аммо менинг назаримда инвесторлар концорциумини тузиш ва ягона йирик лойиҳага қўшилиш манфаатлироқ бўлади. Икки йил аввал президент Tashkent City яратиш вазифасини қўйган эди— бу вақт ичида биз янги шаҳар яратдик. Лойиҳанинг биринчи қисми якунига етди. Ўйлашимча, бу жуда муваффақиятли лойиҳа бўлди. Худди шунга ўхшаган лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторлар концорциумини тузиш керак ва ҳокимият бунга бутун кучни ташлаши зарур", деб айтган Тошкентнинг тадбиркор ҳокими.

У ўзи тадбиркордан чиққани учун ҳам "бизнес вакилларини алдашга ҳаққи йўқлиги"ни таъкидлаган.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, ҳозирда пойтахт ҳокимиятида йиллик 18 фоиздан 26 фоизгача даромад олиб келадиган 11 миллиард долларлик лойиҳалар бор.

"Кўпгина давлатларда инвестор даромад потенциалининг аниқ ҳисобини ололмаслиги мумкин. Аммо мен сизга очиғини айтаман, Тошкентда инвестор 18% дан 26% гача даромад олиши мумкин. Бизда 18-26 фоиз даромадли 11 миллиард долларга тенг лойиҳалар бор. Бу 100 фоиз кафолатланган", деб айтган Ортиқхўжаев.

БМТнинг 2018 йилдаги глобал сармояларга доир ҳисоботида хорижий инвесторларнинг йиллик ўртача даромади 6,7 фоизни ташкил этган.

Тошкент шаҳар ҳокими хорижий инвестор бу каиб йирик фойдани нима ҳисобига қўлга киритиши мумкинлигини айтмаган.

Ортиқхўжаев амалга оширган 1 миллиард долларлик Tashkent City лойиҳаси пул ювишга доир халқаро текширувлар марказида бўлган.

Лондондаги Open Democracy гуруҳи Ортиқхўжаев ҳоким лавозимидан ўзига тегишли ширкатларнинг бойиши йўлида фойдаланаётган бўлиши ва Tashkent City лойиҳаси "пул ювиш ўчоғи"га айланиши эҳтимолидан хавотир билдирган.

Тошкент шаҳар ҳокимияти халқаро текширувларда берилган саволларни жавобсиз қолдирган.

Ўтган йили декабрида Лондондаги анжуманда қатнашган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Лазиз Қудратов Би-би-си билан суҳбатда Tashkent City лойиҳасини амалга оширишда "қандайдир хатоларга йўл қўйилган бўлиши мумкин"лигини эътироф этган.

Ортиқхўжаевнинг ўзи 2018 йилда декабрида ўтган матбуот анжуманида Tashkent City лойиҳаси "шубҳали инвесторлар"га берилганини инкор этмаган, аммо буни хорижий инвесторларнинг Тошкентга сармоя киритишга тайёр эмаслиги билан тушунтиришга уринган.

У лойиҳа юзасидан 700 дан ортиқ инвесторлар билан музокаралар олиб боргани, аммо улар сармоя киритишга рози бўлмаганини маълум қилган эди.

Видео тагсўзи,

Тошкент шаҳар ҳокими журналистларга қандай таҳдид қилганди?

45 ёшли ҳоким ва сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бойлиги қанча экани маълум эмас, аммо у Ўзбекистоннинг энг йирик тадбиркори деб ишонилади.

У асос солган Akfa ва Artel ширкатлари қурилиш ва маиший техника соҳасида монопол мавқеъга эга.

Табдиркор ҳоким маҳаллий журналистлардан салбий хабарларни тарқатмасликни сўраган, унга кўра, салбий хабарларни ўқиган инвестор мамлакатга келмайди.

Ўтган йил ноябрида Ортиқхўжаев журналистларни таҳдид қилган сўзлари ёзилган аудио ёзув билан боғлиқ можаро марказида қолган, аммо унга ҳеч қандай чора кўрилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek