Ўзбекистон: Бу йил кўпроқ абитуриент ўқишга киради - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, UzA

Президент Шавкат Мирзиёев 2020/2021 ўқув йили учун қабул квоталарини тасдиқлаган.

Унда умумий ўринлар сони ўтган йилдагидан қарийб бир ярим баробар кўп.

Бакалавриат

  • кундузги таълим шаклига - 103 575 нафар (ўтган йили - 80 430)
  • сиртқи таълим шаклига - 31 350 нафар (ўтган йили - 19 985)
  • кечки таълим шаклига - 5 025 нафар (ўтган йили - 1 985).

Магистратура - 10 425 нафар (ўтган йили - 7 695).

Ўтган йилларда олий таълим ўқиш ёшидаги аҳолининг 10 фоиздан камини қамраб олган.

Муқояса учун - Қозоғистонда бу нисбат қарийб 70 фоиз, Россияда эса 80 фоиздан юқори.

Давлат тест маркази маълумотларига кўра, ўтган йили республика бўйича жами 60 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 30 та филиалларига кириш учун 1 млн. 66 минг 925 нафар абитуриентлар рўйхатдан ўтган.

Уларнинг фақат 80 минг нафари ёки тақрибан 9 фоизи талабаликка қабул қилинган.

2018 йилда эса 69 минг 200 ўрин учун 675 минг абитуриент беллашган.

Бу ҳар бир ўрин учун қарийб ўн номзод дегани.

Нуфус кўп, нуфуз йўқ

Ўзбекистонда олий таълимдаги дефицит соҳадаги коррупциянинг энг асосий сабабларидан бири сифатида кўрилади.

Шунингдек, мамлакатда олий таълим аҳоли иш ҳақи ва даромадларига нисбатан дунёдаги энг қимматларидан.

Сўнгги йилларда ватанида ўқишга кира олмаган ўн минглаб ёшлар шартнома асосида қўшни давлатлар, Россия, шарқий ҳамда марказий Европадаги университетларнинг талабаларига айланишган.

Айни пайтда дунёдаги 1000 та нуфузли университет рўйхатида Ўзбекистоннинг биронта ҳам ўқув даргоҳи йўқ.

Ўтган йил октябрида Президенти Шавкат Мирзиёев Олий таълим тизимини ривожлантириш концепциясини имзолаганди.

Унга кўра, 2030 йилда ўрта таълимни битирган абитурентларнинг 50 фоизи олий ўқув юртларига кириши таъминланиши керак.

Концепцияда, нодавлат олий ўқув муассалари сонини, жумладан давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) ҳисобига 5 тадан 35 тага етказиш, кредит-модул тизими қамровини 2 фоиздан 85 фоизга чиқариш режалаштирилгани айтилган.

Мақсад олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини ташкил қилиш экани айтилади.

хирги йилларда Ўзбекистонда битта хусусий университет ва бир нечта хорижий университетлар филиаллари очилган.

Ҳукумат шунингдек, қўшни давлатларда шартнома асосида ўқиётган талабаларни мамлакатга қайтаришга буйруқ берган.

50 минг талаба ўқишларини мутахассисликлари бўйича Ўзбекистонннинг ўзидаги олий ўқув юртларига шартнома асосида кўчиргани айтилади.

2017 йилда Президент Мирзиёев олий ўқув юртларига қабул қилишнинг тест тизимини танқид қилган, аммо ҳозирча бу тизим ўзгаришсиз қолмоқда.

Фақат санъат йўналишидаги олий ўқув юртларига қабулда ижодий имтиҳонларга оғирлик берилган.

1994 йилда жорий қилинган тест тизимидан кўзланган мақсад олий таълим соҳасида коррупцияга барҳам бериш экани айтилган.

Аммо олий таълим ҳануз коррупция энг кўп тарқалган соҳалардан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek