Ўзбекистон: Андижонда 3 нафар ИИБ ходими қийноққа солинган фуқаронинг ўлимида гумонланмоқда - O'zbekiston

Андижонда вилоят Ички ишлар бошқармасининг уч нафар тезкор ходимлари ҳибсга олинган.

Улар 11 июнь куни шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида ҳаётдан кўз юмган фуқарога нисбатан қийноқ қўллашда айбланмоқда.

Бу ҳақдаги хабарни Би-би-сига Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Ҳаёт Шамсуддинов тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, шу йилнинг 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов тан жароҳатлари билан олиб келинган. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб туришган. Бунинг оқибатида А.Абдукаримовнинг соғлиғи ёмонлашгач, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида шу йилнинг 1 июнь куни 3 нафар ички ишлар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206 (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (Қийноққа солиш) билан айб эълон қилиниб, улар қамоққа олинган.

Жабрланувчи А.Абдукаримовга шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, кеча - 11 июнь куни вафот этган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинади.

Жазосизлик

Ўтган йил бошида Андижон ИИБнинг тўрт нафар ходимига нисбатан мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш айблари билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

Ўтган йил ноябрида Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган миллатлар ташкилотига тақдим қилган расмий маълумотга кўра, 2017-2018 йилда ҳибс ва турмаларда қийноқ қўлланилгани устидан 1069та шикоят келиб тушган. Ундан аввалги йили бу кўрсаткич атиги 189та эди, демак шикоятлар сони қарийб 10 баравар ошган.

Аммо, айни расмий маълумотга кўра, 2019 йилда фақат бир киши жазога тортилган.

БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтаётган 68-сессиясида нега қийноқлар устидан шикоятлар бу қадар ошганига қарамай, жазоланганлар сони кескин камайиб кетганини савол остига олган.

Ўтган ой Бош прокуратура қийноқларнинг олдини олиш бўйича махсус қўмита ташкил этилишини билдирган.

31 май куни Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ички ишлар органлари ходимлари томонидан қийноққа солиш ҳоллари кўпайганини тан олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek