Андижондаги қотиллик: Сенат ва Акмал Саидов Интернет ва ижтимоий тармоқлар аҳамиятини урғулади

Ўзбекистон Ички ишлар ходими кийими

Сурат манбаси, Sof.uz

Андижондаги милицияхонадаги фожеани Ўзбекистон Сенати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ қоралади, ушбу ҳодиса ҳақидаги хабар Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалганидан кейин расмийларни кескин чора кўришга ундагани таъкидланди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармасидаги инсон ўлимига олиб келган ҳодиса Интернет ижтимоий тармоқларида кенг муҳокамага сабаб бўлганини айтди.

"Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бир фуқаронинг ҳаётига зомин бўлганлиги билан боғлиқ ҳолат кенг муҳокама этилаётир", деган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

Фожеани қоралаб чиққан Акмал Саидов раҳбарлигидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази "бу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т. Йўлдошевга ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Р. Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қил"ганини билдирди.

Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновга кўра, ушбу ҳодиса қимматбаҳо тош туфайли рўй берган.

"Андижон шаҳар Ички ишлар бошкармаси Жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили Э.Райимжонов ҳамкасблари Ф.Хусанбоев ва Қ.Қодировлар билан бирга фуқаро А.Сотволдиевнинг қимматбаҳо тошини олиб, қайтариб бермаётган А.Абдукаримовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси юзасидан ўзбошимчалик билан текширув олиб боришган", дейилади қўмита раҳбари номидан эълон қилинган баёнотда.

"Бу қайғули ҳолат аввало навқирон бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва марҳумнинг оила аъзоларини чексиз мотаму айрилиқ ғамига дучор этгани билан ҳар биримизни асло бефарқ қолдирмайди", дейилади Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази тарқатган хабарда.

Миллий марказ бундай фожеа такрорланмаслиги учун ўз имкониятларини ишга солишини айтган.

"Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз", дейилади хабарда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Андижонда шаҳар ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бўлими ходимлари катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, Э.Райижанов ва И.Қодиров ҳамда уларнинг бошлиғи эгаллаб турган лавозимларидан бўшатилганини хабар қилган.

Бу ходимларнинг қўлга олинган шахсга нисбатан қийноқлар қўллаганликда айбланмоқдалар.

"Шунингдек, Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажоновлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган", дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси бундан олдин хабар қилишича, шу йилнинг 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов тан жароҳатлари билан олиб келинган. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб туришган. Бунинг оқибатида А.Абдукаримовнинг соғлиғи ёмонлашгач, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида шу йилнинг 1 июнь куни 3 нафар ички ишлар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206 (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (Қийноққа солиш) билан айб эълон қилиниб, улар қамоққа олинган.

Жабрланувчи А.Абдукаримовга шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 11 июн куни вафот этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek