Ўзбекистон: Андижонда фуқарони қийнаб ўлдирган ходимлар жазога тортиладими? - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, AFISHA MEDIA

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатларини қоралаб чиққан.

"Бу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори N.T. Йўлдошевга ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири P.R. Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилди", дейилади марказ баёнотида.

Аввалроқ андижонлик А.Абдукаримов ички ишлар ходимлари томонидан қийноққа тутилиши оқибатида халок бўлгани хабар қилинган эди.

Ички ишлар вазирлиги фуқарони калталашда гумонланган уч нафар ички ишлар ходими ҳибсга олингани, икки раҳбар ходим ишдан олингани ҳамда 19 нафар раҳбар ва ходимларга нисбатан қатъий интизомий жазолар қўлланганини маълум қилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинганини айтмоқда.

"Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз", қўшимча қилади марказ.

Давлат қарзи ҳақида маълумот берилди

2020 йил 1 апрель ҳолатига, Ўзбекистон ҳукумати номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра $18,2 миллиард эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 31,3 фоизни ташкил этди.

Бу ҳақда Молия вазирлиги маълумот тарқатган.

Вазирлик хабарида 1-чоракда давлат ташқи қарзи $0,5 миллиардга ёки йил бошига нисбатан 2,9 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 16,11 млрд. АҚШ долларига ёки ЯИМга нисбатан 27,7 фоизга етгани айтилади.

Хабарда давлат ички қарзи 20,0 трлн. сўмни ($2,1 миллиард) ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоизни ташкил этгани ҳам қўшимча қилинган.

Карантин харажатлари тадбиркор бўйнига

Республика махсус комиссиясининг 14 июндаги қарорига мувофиқ карантин харажатларини билан боғлиқ янги тартиб жорий этилмоқда.

"Карантин чекловлари шароитида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларига (қурилиш, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари ва б.) тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши белгиланди", дейилади қарор матнида.

"Тангем Ўзбекистонда завод қурмоқчи"

"Кореялик машҳур актриса Ли Ён Э Қўқон шаҳрида косметика заводини қуришга тайёргарлик кўрмоқда", дея хабар бермоқда Косонсой ҳокимлиги ахборот хизмати.

Ҳозирча ушбу хабар расман тасдиқланмаган ва бошқа тафсилотларга эга эмас.

"Сарой жавоҳири" телесериалидаги Тангем образи орқали ўзбекистонликларга яхши таниш бўлган актриса Ли Ён Э билан президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилдаги Кореяга ташрифи давомида учрашган, актриса кейинроқ Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туристик бренд элчиси этиб танланган эди.

5000 лик «довон» ўтилди

14 май куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтирганлар сони 5000 дан ортиб кетган.

15 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус беморлари сони 5103 нафарга етган.

"Янги касалланиш ҳолатларининг 8 нафари — карантин марказидаги фуқаролар орасида, 11 нафари — Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, қолган 4 нафари — Тошкент вилоятида Россиядан чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи ҳайдовчиларда аниқланди", дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek