Бош вазир, вазирлар нимадан хавотирда? Президент нима дейди? Мирзиёев нима қилади? – Қозоғистон, O'zbekiston, koronavirus

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Бош вазир, вазирлар нимадан хавотирда? Президент нима дейди? - сўнгги кунларда Қозоғистондан олинаётган хабарлар худди шу каби саволларни пайдо қилган.

Қозоғистонда коронавирус хавотири боис, Бош вазир дохил ҳукумат вазирлари кетма-кет ўзларини яккалашга ўтган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Коронавирус илк бор расман қайд этилган ўтган уч ойдан ортиқроқ вақт ичида минтақада бу каби воқеълик кузатилмаган.

Қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан бунга ўхшаган хабар олинмаган.

Яхши хабар: Ниҳоят коронавирус дориси топилдими? - O'zbekiston, Ўзбекистон, дунё

Вазирлар

Сурат манбаси, official

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирида коронавирус аниқланиши ортидан кузатилган.

Расмий хабарларга кўра, ўзларини яккалашга ўтган вазирлар бунгача Елжан Биртанов билан бирга Жамбил сафарида бўлишган.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи, иккинчи кундирки, пойтахт Нур-Султондаги стационарда ва аҳволи ўртача оғирликда экани айтилмоқда.

Елжан Биртанов Марказий Осиёда расман коронавирус аниқланган ва худди шу ташхис билан касалхонага ётқизилган биринчи ҳукумат мулозими бўлган.

Бош вазири илова у билан бирга сафарда бўлган қатор ҳукумат вакиллари эса, ўзларини яккалаш баробарида коронавирусга текширувдан ҳам ўтишган.

Хабарларга кўра, уларнинг ҳеч бирида вирус аниқланмаган, натижалари манфий чиққан.

Аммо, хабарларга кўра, улар барчаси - Бош вазир, Қишлоқ хўжалиги ва Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлари масофадан туриб ишлашга ўтишган.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирининг вазифасини муовинлари навбатма-навбат бажариб туришлари айтилган.

Оқ Ўрда

Сурат манбаси, official

Вазирлари билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи хусусида ҳозирча Қозоғистон президенти жим, расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Шу ой бошида Қасим-Жомарт Тоқаев ўзининг матбуот котиби ҳам коронавирусга чалинган.

Берик Уали ўшанда ўзиники баробарида Қозоғистон президентининг соғлиги ҳақида ҳам маълумот берган.

Қасим-Жомарт Тоқаев одатдагидек ўз ишини давом этдираётганини билдирган.

Қозоғистон президентининг соғлигига ҳеч нарса хавф солмаётганини таъкидлаган.

Давлат раҳбарининг мунтазам равишда коронавирусга текширувдан ўтиб турганини айтган.

Унинг Facebook даги постидан Оқ Ўрдада ҳам санитария тартиб-қоидалари ва хавфсизлик чоралари янада кучайтирилгани англашилган.

Худди шу фонда Қозоғистон Мудофаа вазири ўзини яккалашга ўтган яна бир ҳукумат вакили бўлган.

Аммо, хабарларга кўра, бунга Москвадаги 24 июнь кунига режаланган Ғалаба паради сабаб бўлган.

Россия Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевни бу парадга таклиф қилган.

Нурлан Ермекбаев эса, Москвага боришдан аввал коронавирус билан боғлиқ мавжуд тартиб-қоидалар, докторлар тавсияси ва ҳозирги санитария-эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ўзини яккалашга қарор қилган.

Россия томони Ғалаба парадида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштирок этишини маълум қилган.

Ҳозирча Россия президенти матбуот котибининг бу билдириши расмий Тошкент томонидан ўзининг тасдиғини топмаган.

Ўзбекистонники баробарида Дмитрий Песков тилга олган қолган тўрт минтақа давлати президентларининг ҳам Москвага, Ғалаба парадига боришдан аввал бу каби эҳтиёт чорасини кўришлари шарт ёки йўқ экани маълум эмас.

Коронавирус расман қайд этилган қолган минтақа давлатлари президентлари орасидан айнан Қозоғистонники карантин чораларига қатъий риоя этиб, юзидан ниқобини қўймай келаётгани экани кўрилади.

Матбуот воизи, коронавирусга чалинган ва ўзларини яккалашга ўтган вазирларнинг аниқ қачон президент Тоқаев билан юзма-юз мулоқотда бўлишгани маълум эмас.

Қозоғистон ва коронавирус

Сурат манбаси, official

Президент матбуот котибининг коронавирус юқтирганига оид хабар Қозоғистонда эпидемия ўзининг чўққисига чиқиб тушган, мамлакат минтақада биринчилардан бўлиб карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишга киришган бир манзарада бўй кўрсатган.

Аммо, шунда ҳам, Қозоғистон энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилаётган минтақа давлати бўлади.

Қозоғистонда илк коронавирус ҳолати шу йилнинг 13 март куни расман қайд этилган бўлса, ҳозирга келиб жаъми рақамлар 15000 тадан ошган. 80 дан зиёд ўлим ҳолати кузатилган.

Яқинда Қозоғистон президенти коронавируснинг иккинчи тўлқини хавфидан огоҳлантириб ҳам чиққан.

Бунгача собиқ Шўро давлатлари орасидан Россия Президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби ва унинг рафиқасида коронавирус аниқланганига оид хабарлар олинган.

Унда ҳам бу ҳақда Дмитрий Песковнинг ўзи расман маълум қилган.

Орада президент Путиннинг мунтазам равишда коронавирусга текширувдан ўтиб турганидан қизиққан барчани огоҳ этган ҳам у бўлган.

Ўзбекистонда эса, Сенат раиси шу пайтгача ўзини коронавирусга текширтиргани хабар берилган энг юқори мартабали мулозим бўлиб турибди.

Танзила Норбоевадан ташқари, сенаторлар ва Сенат девони ходимларининг ҳам коронавирусга тест топширишгани, барчалариники манфий чиққани малум.

Улар билан бир бинода ишловчи Ўзбекистон президентининг бундай қилган-қилмагани ҳозирча маълум эмас, бу ҳақдаги расмий хабар шу пайтгача матбуотда бўй кўрсатмаган.

Сиртдан - видеоанжуман шаклида ўтказилган айрим учрашув ва йиғинлари назарда тутилмаса, коронавирус Ўзбекистон президентининг доимий иш тартибига деярли ўзгартириш киритмаган.

Ўзбекистонда расман илк коронавирус ҳолати қайд этилиши ортидан кечган уч ойча вақт ичида унинг юз ниқобида экани кўрилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek