Нега президент мукофотидан қуруқ қолдик? - Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари Ўзбекистон O'zbekiston

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари

Сурат манбаси, Gulshoda Musoeva

Сурат тагсўзи,

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари президент ваъда қилган махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларини талаб қилиб чиқишди.

Улар бу тўловга лойиқ эканли ва уни олишолмаётганини айтган қабулхона бўлим бошлиғи Гулшода Мусоева сўзлари аввал ҳам Би-би-сида ёритилганди.

Мусоева у ва бошқа ходимлар 45 кун шифохонада карантинда бўлишгани, уларнинг рўйхати олинган бўлса-да, пулдан дарак йўқлиги, ҳамда уларга вилоят раҳбарияти томонидан босим бўлаётганини айтишган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 мартда имзоланган қарорида, хусусан, «коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари»га ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланиши буюрилган.

Гулшода Мусоева бу қарор уларга ҳам тааллуқли эканини айтган.

«Вазир ўринбосари юборган хатда гўёки бундай тўлов бизга тааллуқли эмаслиги айтилган. Лекин, бизга пандемия бошидан хориждан чартер рейсдан келганларни олиб келишди, биз 14 кун давомида уларнинг таҳлилларини олиб диагнозларини қўйиб беришимиз керак эди. Биринчи карантинда бизда 101 бемор бўлди. Туркиядан келган коронавирус аниқланган икки киши оилалари билан бизда ётиб даволанди. Бизда бир беморимиз сунъий нафас аппаратида ётди. Баъзи беморларда иккинчи ё учинчи анализларни кутиш керак, оилавий-оилавий бўлиб келаверишди. Бизда уч даволовчи врач ва уч реанимация врачимиз коронавирус бўйича онлайн курслардан ўқиб ўрганиб сертификат олдик. Шу сабаб ўзимиз иккинчи карантинда анча-мунча касалларни ажратиб олдик, мазок суртмаларини текшириб», - дейди шифокор.

60 яшар шифокор Гулшода Мусаева махсус тўловлар берилмаётгани ҳақида илк марта Би-би-сига мурожаат қилиши ортидан унга Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан таҳдид ва тазйиқ бўлганини билдирди.

«2 майда менга нисбатан Жиноят кодекси 244-моддаси 5-банди билан жиноий иш очилиши мумкин дейишди. Айтганларимни бошқармадаги юрист таҳлил қилиб шуни тавсия қилибди. Ҳали касалхонада карантинда эдик. Майли, келинглар, қўлимга кишан солиб олиб кетинглар, агар айбдор бўлсам, дедим» - дейди шифокор.

Би-би-си бир неча бор бу масалага ойдинлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди, аммо ҳеч қандай жавоб олмади.

Би-би-си, шунингдек, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Тўрақул Орзиқуловдан Телеграм орқали нега президент қарорига биноан тўлов қилинмагани, нега рўйхатлар тузилгани ва нега ходимларга тазйиқ бўлаётганини сўраганида, жаноб Орзиқулов Би-би-сини блоклаб қўйди.

Президент қароридан ташқари Бош вазир Абдулла Арипов раислигида тузилган республика махсус комиссиясининг 30 апрелдаги йиғилиши баёнида

«коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган, касaлланган шахслардан лаборатор намуналарни олишда ҳамда уларнинг руйхатини шакллантиришда қатнашаётган врачлар, ўрта тиббиёт ва кичик тиббий ходимлари» махсус тўлов олиши айтилган.

Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов 7 майда Твиттерда тиббиёт ходимларига берилган рағбатлантириш пули ҳақида маълумот берди. «Тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнати учун миннатдормиз. Мукофот тўловлари назоратга олинди. 15825 кишига 54,9 миллиард сўм» дейилди Ишметов твитида.

Хўш бу пуллар рўйхати олинган тиббиёт ходимларининг барчасига етиб бордими? Мақсадли сарфландими? Агар мақсадли сарфланмаган бўлса, уни ким тергов қилади? Нега фаолияти президент ва бош вазир буйруқларида акс этган бу шифокорлар махсус тўловни олишмади? Би-би-сининг мутасадди ташкилотларга қўйган бу саволларими очиқ қоляпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek