Россия, мигрантлар: Путин яна 3 ойга енгиллик берди - O'zbekiston, Rossiya, миграция

Vladimir Putin

Сурат манбаси, official

Шу йилнинг апрель ойида Россия Президентининг фармонига кўра, карантин чекловлари даврида Россия ҳудудидаги меҳнат мигрантларининг қонуний мақомда қолишлари учун 15 июнга қадар бир қатор енгилликлар берилганди.

Куни кеча Владимир Путиннинг миграция қонунчилигига оид янги фармони эълон қилинди. Ҳужжатда Россиядаги муҳожирлар учун енгилликлар маълум муддатга қисман сақланиб қолинган:

Нималар ўзгарди?

Аввало, Россия ҳудудидаги мигрантларнинг муддати тугаган миграция ҳисоби (регистрация) 15 сентябрга қадар автоматик равишда узайтирилди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик сабабли Россиядан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорга эга мигрантлар 2020 йилнинг 15 сентябригача мамлакатда қолишлари мумкин.

Апрель ойидаги фармонда Россияга киришда миграция варақасига сафар мақсадини нима деб кўрсатилганидан қатъий назар, ишга рухсатнома - патент расмийлаштириш мумкинлиги кўрсатилган эди. Мазкур енгиллик меҳнат мигрантлари учун 15 сентябргача ҳам давом этади.

Маълумки, Россияда карантин чекловлари чоралари босқичма-босқич бекор қилинмоқда. Коронавирус хавфи оз бўлган кўплаб ҳудудлар одатий ҳаёт тарзига қайтган. Мигрантлар ҳам ўз ишларини давом эттириш имкониятига эга бўлишмоқда.

Ишга қайтилади, патент тўланади

Москвада 16 июндан, яъни бугундан бошлаб ошхона, кафелар ва бир қанча мигрантларни иш билан таъминлаб турган ташкилотлар иш фаолиятини тиклайди.

Мигрантлар ишга қайтиши баробарида, Путиннинг янги фармонига асосан, Россияда ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжат - патент расмийлаштиришлари лозим.

Патенти бор муҳожирлар эса унинг ойлик солиқ тўловларини давом эттиришлари керак бўлади.

Карантиндаги даврда патент тўлови 3 ойга тўхтатилган эди, энди қачондан бошлаб тўланади?

- Буни билиш учун патент муддати тугаган кунга 93 кун қўшамиз. Мисол учун патент орқасидаги сана 20.01.2020. Апрель ойининг 20-куни пул тўлашни тўхтатганмиз. Шу кунга 93 кунни қўшсак, 22 июлга тўғри келади. Демак, 22 июль куни кейинги ой учун тўлов қилишимиз керак, - дея изоҳ берди юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Москва очилаяпти

Сурат манбаси, official

Узоқ муддатли танаффусдан сўнг Москвада 16 июндан бошлаб кафелар (ҳозирча ёзги айвонлари), музейлар ва ҳайвонот боғи яна ишга тушади.

Шунингдек, аҳоли кутубхоналар, кўргазма залларига, стоматология клиникаларига ва спорт тадбирларига боришлари мумкин. Чипталарни электрон шаклда олиш ва ташрифларни олдиндан рўйхатга ёзилиб амалга ошириш керак. Ниқоб ва масофа сақлаш тартибига амал қилиш сақланиб қолади, дейилади пойтахт мэри хабарномасида.

Шунингдек, Федерация кенгашида 2021 йилги янги йил таътиллари кунини қисқартириш муҳокама этилмоқда. Шу таклиф билан чиққан иқтисод қўмитаси раҳбари Андрей Кутепов бу пандемия ортидан ишланмаган кунлар бадали эканини билдирган.

Россиядан 80 минг киши ватанга қайтмоқчи

Россияда мигрантларнинг иш ўринлари ва одатий ҳаёт тикланаётганига қарамай, минглаб ўзбекистонликлар ҳамон ватанга қайтиш ҳаракатида.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихоналари чартер рейслар учун рўйхатида 80 мингга яқин киши навбатга ёзилган.

«16 мартдан 7 июнга қадар чартер рейслар орқали 63 мингдан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтди. Уларнинг 10758 нафари Россиядан учган чартер рейслар орқали келишган. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси чартер рейс учун тузган рўйхатида навбатда турган 80 мингдан ортиқ ўзбекистонликларнинг 60 минги Москвадагилардир», - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Айни пайтда Россия расмий ОАВлари ҳукумат карантин чекловларини секин-аста бекор қилиш билан бирга чегараларни қисман очиш ва халқаро қатновларни тиклаш масаласини кўтараётганини ҳам ёзишмоқда. Мамлакат ичкарисидаги қатновлар эса июнь ойидан тикланган эди.

Таҳлилчилар эса бу ҳаракатлар мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалиши бўйича иккинчи тўлқинни юзага келтиришини тахминлашмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek