Россия: Москвалик йигит нега тиз чўкиб мигрантнинг оёғини тозалади? O'zbekiston, Rossiya, migrantlar

Rossiya

Сурат манбаси, Social media

  • Ижтимоий тармоқларда Migrants lives matter ёзувли футболка кийган йигитнинг тиз чўккан ҳолатда коммунал хизмат махсус кийимидаги фаррош муҳожирнинг оёқ кийими (кроссовкаси)ни тозалаётгани акс этган видео тарқалмоқда.
  • Минглаб муҳожирлар кета олмаяпти, юз минглаб ўзбекистонликлар кела олмаяпти. Жорий йилнинг июл ойига қадар Россиядан 123 мингга яқин меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтган.
  • Ўтган ҳафтада Ўзбекистондан Латвияга ишлашга борган муҳожирларнинг беш нафарида коронавирус касаллиги аниқланган. Латвия Иқтисодиёт вазири Янис Витенберг ва Латвия инвестициялар ва ривожланиш агентлиги директори Каспарс Рожкалнс вирусга чалинган ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратишган - Россия кундалиги.

«Migrants lives matter»

Ижтимоий тармоқларда Migrants lives matter ёзувли футболка кийган йигитнинг тиз чўккан ҳолатда коммунал хизмат махсус кийимидаги фаррош муҳожирнинг оёқ кийими (кроссовкаси)ни тозалаётгани акс этган видео тарқалмоқда.

Бу йигит - Москвада яшовчи 39 ёшли Александр Андрианов. У «Вконтакте»да «Migrants lives matter» («Муҳожирлар ҳаёти муҳим») ижтимоий ҳаракатига асос солди.

«Ҳар кимга тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар берилиши керак. Ҳар кимга ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак», деб ёзди «Migrants lives matter» ҳаракати асосчиси.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унинг ижтимоий ҳаракатидан кўра, мигрант пойафзалини тозалаётгани тасвирланган видеосини кенг муҳокама қилишмоқда.

«Осиёга жўна ва эмакла»

Сурат манбаси, videograb

Мигрант пойафзалини артаётган москвалик Александр Андриановнинг бу чиқиши ижтимоий тармоқларнинг русийзабон платформаларида катта резонансга сабаб бўлмоқда.

Фойдаланувчилар юзлаб танқидий изоҳлар қолдиришмоқда, аксар маҳаллий аҳоли вакиллари москвалик йигитнинг бу ҳаракатини ёқлашмаётир.

Уларнинг фикрига кўра, бу акциянинг ҳуқуқлар тенглиги ва ҳурматга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Александр пиар учун ушбу усулни танлаган бўлиши мумкинлигини ёзишмоқда.

«Осиёга жўна ва эмакла», дея унинг устидан кулишмоқда россияликлар.

Аммо Александр фикрида қатъий: кўплаб россияликлар мигрантлар ҳақида ўйлашмайди, уларни пастга уришади, уларга иккинчи нав инсон каби муносабатда бўлишади.

Андриановнинг сўзларига кўра, «қўшни республикалардан келганлар кўчаларни тозалашмоқда, егулик ташишмоқда, уйлар қуришмоқда. Уларга миннатдорчилик ўрнига «пулга туширишади, турли текширув рейдлари билан доим бездиришади. Улар санитария талабларига жавоб бермайдиган, қандайдир ифлос баракларда яшашади».

- Одамларни русга, ўзбекка, америкалик, японга ажратиш керак керакмас - Ер сайёрасининг яшовчилари бор, буни тушунишнинг вақти аллақачон келган, - дейди Александр Андрианов.

Ижтимоий тармоқларнинг русийзабон фойдаланувчиларидан камсонли кишиларгина «Migrants lives matter» ҳаракати ва унинг муаллифини қўллаб-қувватламоқда.

Янги рақамлар

Сурат манбаси, Getty Images

Минглаб муҳожирлар кета олмаяпти, юз минглаб ўзбекистонликлар кела олмаяпти.

Жорий йилнинг июл ойига қадар Россиядан 123 мингга яқин меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтган.

Қозоғистондан 63,6 минг, Туркиядан 7,1 минг, Жанубий Кореядан 3,4 минг ва 22,7 минг бошқа давлатлардан, жами эса 220 мингга яқин ўзбекистонликлар ватанга қайтишган.

Уларнинг 100 мингдан ортиқроғи ватанида иш топишга муваффақ бўлишган.

500 мингга яқин ўзбекистонликлар пандемия даврида жорий қилинган карантин чекловлари натижасида хорижий давлатларга ишлаш учун кета олишмаган.

Бу маълумотларни 27 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Раҳимжон Маҳкамов билдирган.

Россия ва Ўзбекистон март ойининг ўрталаридан бошлаб чегараларни ёпган эди.

Ўзбекистонга қайтишни истовчи муҳожирлар асосан чартер рейсларда ватанга қайтарилмоқда.

Ўзбек ишчиларнинг вирусга чалингани вазиргача етиб борди

Сурат манбаси, ABTM

Ўтган ҳафтада Ўзбекистондан Латвияга ишлашга борган муҳожирларнинг беш нафарида коронавирус касаллиги аниқланган.

Норасмий маълумотларга кўра, улар торф қазиб олиш билан шуғулланмоқчи бўлишган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар Латвияга Белоруссиядан самолёт орқали келишган.

Латвиядаги касалликни олдини олиш ва назорат қилиш маркази ушбу ҳолат тўғрисида Белоруссия ва Ўзбекистоннинг тегишли муассасаларига хабар қилган.

Латвия Иқтисодиёт вазири Янис Витенберг ва Латвия инвестициялар ва ривожланиш агентлиги директори Каспарс Рожкалнс вирусга чалинган ўзбекистонлик муҳожирлар билан боғлиқ вазиятни изоҳлади.

На иқтисодиёт вазири, на агентлик раҳбари битта эпидемиологик вазият туфайли Латвияда ишлаш учун рухсат бериш тартибини ўзгартириш керак, деб ҳисобламайди.

Витенберг агентлик тасарруфида юқори малакали ишчи кучини жалб қилиш учун етарли саралаш тизими бор.

Шунингдек, иш берувчилар чет эл фуқароларининг эпидемиологик хавфсизлик чораларига амал қилишлари борасида қайғуришмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek