Ўзбекистон: Президент куёви Uzcard таъсисчилари рўйхатидан чиқарилдими? O'zbekiston

Ойбек Турсунов ва Саида Мирзиёева

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи,

Ойбек Турсунов ва Саида Мирзиёева.

Ўтган уч ойда ўзбек тилли ижтимоий тармоқларда баҳс қўзғаган хабарлардан бири бугун ўзгарди.

Ўзбекистондаги қатор вебсаҳифалар Uzcard таъсисчилари янги рўйхати ҳақида ёзишмоқда.

"Ягона умумреспублика Процессинг маркази маълумотларига кўра, Uzcard муассислари рўйхатида ўзгариш юз берди" - деб ёзади хабар.уз.

Сўнгги маълумотларга таянилса, Ойбек Турсунов муассислар рўйхатидан ё чиқарилган, ё киритилмаган.

Май ойида чиққан хабарларда президент куёви Uzcard ширкатининг 75% улушига эгалик қилиши билдирилган эди.

Ўша пайтда бу борада ёзган Форбс.уз айнан Uzcard ширкатидан изоҳ олгани ва уларга хусусий ширкатда муассис алмашиши одатий жараён деб изоҳлашганини маълум қилганди. (Ҳаволадаги мақола рус тилида).

Нашр ўз хабарида тилга олинган тадбиркорнинг Шавкат Мирзиёевнинг куёви сифатида ҳам танилганини билдирганди.

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Бироқ эндиликда чиққан хабарларга биноан, Uzcard муассислари рўйхати уч ой одинги хабардан фарқ қилади.

Ширкат акцияларининг ярмидан кўпроғи Ўзмиллийбанк тасарруфида.

Шунингдек, Ўзсаноатқурилишбанк, Асака банк, Ипотека-банк ва Алоқабанк ҳам 6 фоиздан акцияларга эгалиги ёзилмоқда.

Чорак қисм ҳиссалар эса жисмоний шахсларга қарашли.

Бироқ ушбу шахслар қаторида Ойбек Турсунов йўқлиги айтилади.

Uzcard таъсисчиси ўзгаргани ҳақидаги хабарлардан олдинроқ президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева "Хавфсиз ёрдам" лойиҳаси доирасида карантинда қийналган аёллар учун мингта Uzcard карточкаси тайёрлатишганини ёзганди.

Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари бўлган Саида Мирзиёева фонд ҳисобидан ҳар бир карточка эгасига ёрдам пуллари ўтказилганини қайд этган.

Ўз пайтида президентнинг қизи нега айнан Uzcard карточкларини танлагани маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek