Ўзбекистон иссиғида қандай ниқоб тақиш керак? Коронавирус O'zbekiston

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Facebook/Ulugbek Meylikov

Сурат тагсўзи,

Ўзбекистон иссиғида узоқ вақт ниқоб тақиш осон эмас.

Жазирама ёз авжида: Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати камида 35-40С даража.

Лекин коронавирус пандемияси боис турли чекловлар амалда.

Булардан бири - жамоат жойларида маска ёки тиббий ниқоб тақиш.

Аммо бу қадар иссиқ кунларда ниқобда юриш осон эмас.

Хуллас, иссиқда ниқоб тақиб роҳатланиш имконсиз, лекин аҳволингизни енгиллатишнинг баъзи йўллари бор.

Тўғри ниқоб танланг

Лондонлик шифокор Одил Шерознинг Би-би-сига айтишича, иссиқ кунда синтетик толадан ишланган ниқоб тақманг.

Иложи бўлса, нафас олишни тўсмайдиган, пахтали матодан қилинганини танланг.

Унинг ўлчами ва қандай тақиш ҳам муҳим.

У тор келса, нафас қисади, кенг бўлса, атрофи очилади ёки тушиб кетади.

Лекин пахтали матонинг битта ёмон жиҳати бор: у тезда ивиб, намланиб қолади.

Шу боис доимо ёнингизда қўшимча бошқа тоза ниқоб ҳам олиб юринг.

Ҳозир кенг тарқалган нафис ва оч кўк рангли ниқоблар вирус тарқалишини тўхтатишда анча фойдали.

Лекин улардан ҳаво ўтиши қийин.

Иссиқ кунда бу кўк маскаларда юриш осон эмас.

Оч рангли ниқоб

Ниқобнинг рангги ҳам аҳамиятга эга.

Оч рангли бўлса, иссиқни бироз қайтаради.

Тўқ ранглиси эса иссиқни ютиб, сиз оладиган ҳавони янада иситиб ўтказади.

Сурат манбаси, Facebook/Ulugbek Meylikov

Сурат тагсўзи,

Иссиқда қора рангли ниқоб тақмаган тузук.

Музлатиш керакми?

Ташқарига чиқишдан олдин ниқобни музлатгичга қўйиб олиш мумкинми?

Доктор Широз бу фикрга тўлиқ қўшилмайди.

"Ғоя ёмон эмас" - дейди Одил Шероз - "Лекин муздек ниқоб тақсангиз, юзингиз энди совуқдан ҳам куяди".

"Шу боис буни маслаҳат бермасдим".

Бўянманг

Шифокорлар ниқоб таққанда бўянмасликни ҳам маслаҳат беришади.

"Бўёқ тер билан аралашиб, тери тешикчаларини ёпиб қўяди" - дейди Одил Шероз.

Лекин қуёшдан ҳимоя қилувчи лосьон ёки тери намлигини сақловчи (сувли асосдаги) воситаларни қўллаш зарур.

Шифокорларга кўра, зарарли нурлар ниқобдан ҳам ўтиши мумкин ва шу учун қуёш нуридан ҳимояловчи крем ва лосьонларни ишлатиш фойдали.

Шлем қулайми?

Сурат тагсўзи,

Шаффоф юзқалқон пешонани кўп терлатиши мумкин.

Баъзилар бутун юзни қопловчи шлем ёки юзқалқон тақишмоқда.

Нафас олишга келганда, шаффоф юзқалқон маскадан анча қулай.

Аммо юзқалқонни тутиб турувчи камарбанди сизнинг пешонангиздан зич айлантириб, тақилади.

Пешонамиз эса юзимизнинг энг кўп терлайдиган ва сирпанчиқ қисмидир.

Иссиқда тез-тез юз қалқонни кўтариб, қошимиз ва юзимизни артиб туришимиз керак.

Қўлингиз тоза бўлмаса, вирус тушиш эҳтимоли юзага келади.

Чанқоқни қандай бостирасиз?

Иссиқда кўп чанқаймиз.

Юзимизда ниқоб бўлса, уни тушириб, сув ичиш лозим.

Шу боис ҳар сафар ниқобни ушлашдан олдин қўлингизни тозаланг.

Сув ичиш учун уни олган пайтингиз яқинингизда бошқа одамлар бўлмаслиги муҳим.

Енгил пахтали дуррача ўраш ёки бош кийим кийиш ҳам иссиқда сизни бироз салқин сақлаши мумкин.

Осиёнинг қатор иссиқ мамлакатларида одамлар ҳали коронавирус чиқишидан олдин ҳам ниқоб тақишарди.

Улар иссиқ кунда ўзлари билан бирга батареяли кичик елпаррак, яъни вентилятор ҳам олиб юришади.

Ҳаво ўтса, вирус ҳам ўтадими?

Сурат манбаси, Facebook/Ulugbek Meylikov

Сурат тагсўзи,

Ҳимоя учун бозорларда ҳам ниқоб, ҳам шаффоф клеёнка қўлланмоқда.

Ниқоб тақиш турфа мамлакатларда турлича тушунтирилмоқда.

Британияда ниқоб эмас, ҳар қандай мато парчаси билан юзни тўсиш тавсия этилади.

Ўзбекистонда эса баъзилар Совет давридан қолган одат - докадан ўзлари маска тикиб олишади.

Ниқоб - одам йўталганда ва аксирганда - атрофдаги бошқаларга вирусни тарқатмаслик учун ҳам муҳим восита.

Аммо айрим матолар, хусусан, ҳавони бемалол ўтказадиган ниқобларнинг самараси борасида саволлар юзага келиши мумкин.

Кўпчилик бир саволни беради:

Агар пахтали матодан ишланган ниқоб бемалол ҳавони ўтказса, вирусни ҳам шундай осон ўтказмайдими?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek