Ўзбекистон: Тошкентликлар норозилиги давом этмоқда ва масжидлар қачон очилади? O'zbekiston

бибиси

Сурат манбаси, Screenshot

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларини ўзгартириш бўйича ҳукумат лойиҳасига қарши пойтахтликлар норозилик билдиришда давом этмоқда.

5 август куни президент Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳа тафсилотлари билан танишган эди.

Лойиҳада пойтахтдан минг гектардан ошиқроқ ҳудуд Тошкент ҳудудига ўтказилиши кўзда тутилган.

6 август куни Учтепа туманидаги Тошкент вилояти Зангиота туманига ўтказилиши режалаштирилган маҳаллалар аҳолиси норозилик билдириб, кўчада тўпланган.

10 август куни Учтепа туманидаги Ўрикзор маҳалласи яшовчиси Би-би-си билан боғланиб, расмийлар одамлар талабига қулоқ солишга ваъда берган бўлсада, аҳолида бу ваъдаларга ишончсизлик юқори экани, маҳаллалар вилоят таркибига ўтиб кетишдан қўрқиб яшаётганини маълум қилди.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманига қарашли Улуғбек шаҳарчаси аҳолиси ҳам ўз ҳудудининг Тошкент вилояти Қибрай туманига ўтказиб юборилишидан норозилик билдирмоқда.

Улар Улуғбек шаҳарчасининг Тошкент шаҳри таркибида қолишини сўраб, президент номига жамоавий мурожаат йўллаганлар.

Мурожаатда маиший хизмат ва ижтимоий инфраструктураси етарли даражада ривожланмаган Қибрай тумани шаҳарчани электр энергияси, табиий газ ва сув билан узлуксиз равишда таъминлашга қодир эмаслиги, шаҳарчада жойлашган Ядро физикаси институтида фаол ядровий реактор мавжудлиги ва унинг хавфсиз эксплуатацияси барқарор электр энергияси ва сув таъминотига боғлиқлиги инобатга олинса, масаланинг янада долзарблашиши ҳақида сўз боради.

"Аҳолининг пойтахт «пропискаси»дан маҳрум бўлиши ишга жойлашиш, билим олиш, тиббий хизмат ва кундалик турмушнинг бошқа соҳаларида муаммолар пайдо бўлишига ва бу, ўз навбатида, шаҳарча аҳолисининг ижтимоий ҳолатини ёмонлашувига олиб келади", дейилади мурожаатда.

Маҳаллий Gazeta.uz нашри айни вақтда шаҳарча аҳли президентга мурожаатни имзолаш ишларини давом эттираётгани ҳақида ёзган.

10 август ҳолатига кўра, мурожаатга 2,700 га яқин инсон имзо чеккан.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва айрим блогерлар одамлар норозилигига йиллар давомида шаклланиб қолган пойтахт ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ривожланишидаги кескин тафовут, пропискалар қиймати сабаб экани ҳақида фикр билдирмоқда.

Масжидлар босқичма-босқич очилади

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

10 август куни бошланган видеоселекторда масжидлар фаолиятини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилган.

Бу ҳақида Дин ишлари бўйича қўмита хабар берган.

Видеоселекторда масжидларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш масаласи кўриб чиқилган.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан карантин талаблари юмшатилган тақдирда, ҳар бир ҳудуднинг эпидемиологик ҳолатини инобатга олиб, масжидлар фаолиятини қайта йўлга қўйишга босқичма-босқич рухсат бериш масаласини кун тартибига қўйилган.

Қўмита ахборот хизмати йиғилиш тафсилотлари ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берилишини маълум қилган.

Россиядан қайтарилган муҳожирлар

Узоқ вақт давомида Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетган ўзбекистонликлар мамлакатга етиб кела бошлади.

Наманган вилояти ҳокимлиги Россиядан олиб келинган 918 нафар инсон Поп туманидаги карантин марказига жойлаштирилганини маълум қилди.

Улар бу марказда 10 кун давомида кузатувда бўлиши айтилмоқда.

Бюджет дефицити

Ўзбекистонда давлат бюджетининг 6 ойлик даромадлари 58,157 триллион сўм, харажатлар эса 64,878 триллионни ташкил этди, дея хабар бермоқда Молия вазирлиги.

1-ярим йиллик учун давлат бюджети дефицити 6,721 триллион сўмга етган.

Молия вазирлиги даромадларнинг 19,739 триллион сўми (жами даромадларнинг 33,9 фоизи) бевосита солиқлар, 21,510 триллион сўми (37,0 фоизи) билвосита солиқлар, 9,695 триллион сўми (16,7 фоизи) ресурс тўловлари ва мулк солиғи ва 7,211 триллион сўми (12,4 фоизи) бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилганини билдирмоқда.

Харажатлар ичида ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар энг кўп улуш (53,4 фоиз)га эга эканини айтилган.

Айни вақтда маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми 12,870 триллион сўм, харажатлар қисми эса 20,203 триллион сўмни ташкил этди, дея қўшимча қилган Молия вазирлиги.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek