Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши хавфи ортиши кутилади - O'zbekiston koronavirus

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Facebook/Ulugbek Meylikov

Ўзбекистон карантин талабларини юмшатишни бошлаган. Келаси кунлар ичида яна қўшимча енгилликлар яратилиши кутилмоқда.

Президент Мирзиёев ўзининг сўнгги нутқларидан бирида бу борада айтар экан, карантин чораларини юмшатиш қарорини аҳолининг мурожаатлари билан изоҳлаган.

Жаноб Мирзиёевга мувофиқ, ижтимоий тармоқлардаги фикрлар, маҳалла раислари ва маҳалла вазирлигининг кўп-кўп мурожаатлари сабабли карантин талабларини анча юмшатишга мажбур бўлинган.

Айни пайтда, коронавирус келтириб чиқарадиган Ковид-19 касали тарқалиши хавфи энди сезиларли даражада ошиши мумкинлиги ҳам билдирилган.

Бунинг сабаби - карантин чоралари енгиллатилиши ортидан аҳоли жамоат жойларида кўпроқ бўлади, яъни одамлар орасида мулоқот кучаяди.

Шавкат Мирзиёев карантин юмшатилгани билан ҳали коронавирус ҳеч қаерга кетмаганини урғулади ва одамлар ўзларини асрашлари кераклигини айтган.

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони ҳозир 36 минг нафардан ошди.

Ўзбекистон давлат раҳбари Хитой ва Россиядан мутахассислар келишганини ва маҳаллий шифокорларга ёрдам беришларини таъкидлади.

Охирги ҳафталар давомида эса Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида кўпчилик ўзи, яқинлари ёки танишлари орасида Ковид-19 аломатлари бор касаллик учраётгани, аммо расман коронавирус эмаслиги ҳақида ҳам ёзишганди.

Кўпчилик пневмония, яъни зотилжам ташхиси қўйилганини билдирган.

Одамлар шифохонага жойлашиш, тест топшириш ва ёки даволаниш бобида қийинчиликларга дуч келишаётгани ҳақида ҳам ёзишганди.

Ҳозирда Ўзбекистонда кундалик коронавирус ҳоллари қайд этилиши ҳолатлари тақрибан 600 атрофида.

Ўтган ойларда эса Ўзбекистон тиббиёт масъуллари агар кундалик вирус аниқланиши ҳолати минг нафардан ошиб кетса, Ўзбекистонда ҳам худди қўшни мамлакатлар каби аҳвол ёмонлашиб, тиббиёт тизими қулаши эҳтимоли ҳақида айтишганди.

Аммо Коронавирус штаби вакили Ҳабибулла Оқилов ўзининг сўнгги чиқишларидан бирида Ўзбекистон тиббиёт тизими коронавирус ошиши эҳтимолига эндиликда тайёр эканлиги ҳақида билдирган.

Хабарларга кўра, Ўзбекитсон ҳам бошқа қатор давлатлар тажрибасига таяниб, кўргазма заллари, спорт мажмуалари ҳам коронавирус касалларини даволаш марказларига айлинтирилиши мумкин.

Беморларни даволаш жараёнига ҳатто ҳарбий жалб этилиши эҳтимоли йўқ эмас.

Қийналган аҳоли

Сурат манбаси, Facebook/Ulugbek Meylikov

Мамлакат масъуллари карантинда халқ қийналиб қолганини яхши тушунишлари ҳақида ҳам айтишади.

Лекин айрим фаоллар ва кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон карантин давомида аҳолининг моддий қийналиб қолган қисмини қўллаб-қувватлашни етарлича амалга оширмадган.

Бошида хайрия тарқатишни хусусий тадбикорлар ва кўнгиллилар амалга оширдилар.

Бироқ ҳайрия ишларининг марказлашган ҳолда тақсимланиши шарт қилиб қўйилди.

Кейинчалик бир неча талон-тарож ҳолатлари ҳақида хабарлар ҳам чиқди.

Мамлакатда ишсиз ва камбағаллар сони расмий рақамлар бўйича ҳам камида 4-5 миллионни ташкил этади.

Кўпчилик кичик савдо ёки умумий овқатланиш соҳасида кунбай пул топиб оила боқади.

Бундай ҳолатда карантин боис кундалик даромадсиз қолган аҳоли вакиллари аҳволи ёмонлашган.

Қийналиб қолган оилалар етарлича зарур озиқ-овқат ёки моддий ёрдам олишолмагани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди.

Бутун дунё бўйлаб келаси куз ва қишда коронавирус тарқалиши яна кучайиши мумкин деган хавотирлар бор.

Тиббиёт мутахассисларига кўра, ҳукуматлар айнан ҳозир қишдаги эҳтимолий ҳолатга тайёрланиб боришлари керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek