Германияда ўқиб халқ душманига айланган Усмон Омон ва Бухорода колбаса ясовчи “Курт Вилли” ҳикояси

  • Баҳром Ирзаев
  • Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими
Усмон Омон

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи,

Усмон Омон

"Комачков исмли терговчининг ёрдамчилари ҳатто ичи сувга тўлдирилган бутилкани моягимга осиб қўярди, қиш кунлари ҳовлига олиб чиқиб қўйиш, тиззамгача совуқ сувда туришга мажбур этиш, мих билан азоб бериш каби таҳқирларни қўлладилар." Усмон Омон кўрсатмасидан, 1958 йил.

Ўзбекистонда 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни этиб белгиланган. Би-би-си келгуси йилда 100 йиллик санаси кутилаётган мазкур воқеъликлар олдидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев билан хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақида навбатдаги туркум мақолаларни эътиборингизга ҳавола этади.

Усмон Омонов 1910 йил Бухоро шаҳрида дунёга келган. Отаси Қосим Омон ўғли аввал Амирнинг котиби ва қоровулбеги лавозимларида, ҳамда Шаҳрисабз беги саройида ишлаган. Қосим 1918 йил "Ёш бухороликлар" партияси аъзоликда айбланиб Шаҳрисабзда қатл этилиши ортидан эндигина 8 ёшга кирган Усмонни бобоси Бухорога олиб келган. 1920 йил Бухорода амир салтанати ағдарилиб, Бухоро Халқ Республикаси (БХСР) ташкил этилди. Усмон ҳам бошқа шаҳидларнинг фарзандлари қаторида "Авлоди шуҳадо" интернат-мактабига кириб ўқий бошлайди.

1922 йилда БХСР ҳукумати Европа илм-фани ютуқларини ўрганиш мақсадида олтмишдан ортиқ ёшларни Германияга таҳсил олиш учун йўллар экан, улар орасида 12 ёшли Усмон ҳам бор эди. Усмон ўз гуруҳи билан Бухородан Москвага, ундан Ленинградга бориб, денгиз орқали Германиянинг пойтахти Берлин шаҳрига етиб келди. Бу ерда ёшлар бир муддат иқлимга мослаштирилгач, ёши ва қизиқишларига қараб турли шаҳарларга тақсимланди.

Усмон Омон ўзи каби кичик ёшдаги Неъмат Нарзулло, Ҳамро Абдулла, Абдураҳим Бурхон, Абдурашид Бурхон, Муҳаммаджон Авазжон, Раҳматжон Авазжон, Омонулло Нусратулло, Аловуддин Исомиддин, Аброр Асрор, Очилбеги Муқимлар билан жами 18 киши Кёслин шаҳридаги мактаб-интернатга жойлаштирилди. Ҳукумат вакиллари Олимжон Идрисий ва доктор Бадри Камол Сайфулмулк, ҳамда бухоролик ёшларнинг етакчилари Аҳмад Наим ва Афзал Абусаидлар мактабга келиб болалар ҳолидан хабар олиб турдилар. Афзал Абусаид ва доктор Бадрилар баъзан у ерда 10-15 кун қолиб, болаларни экскурсияларга олиб чиқар эди. Аҳмад Наим ўз суҳбатларида ёшларга "Чор ва совет тузуми она юртимизни мустамлакага айлантирди. Бизнинг буюк мақсадимиз миллатимизга хизмат қилишдир. Бизнинг вазифамиз юртимизни мустамлака қилиш учун келганлардан озод этиш, мустақил давлат сифатида кўришдир. Миллат учун яшанг, фидоий бўлинг..." деб уқтирди (Ҳамро Абдуллаев ишига тикилган кўрсатмалардан).

"Мейерсон"

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи,

Чапда креслода: илк ўзбек адвокати Убайдулло Хўжаев, ўнгда креслода: Олимжон Идрисий. Улар олдинда ўтирган Саида, Фузайл ва Насриддин Шераҳмадбоевларни Германияга олиб кетаётганларида суратга тушишган. 1922 йил, Москва

1925 йилда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР) тузилгач, шўро ҳукумати Германияда таҳсил олаётган ўзбек ёшларини қайтариш масаласини талаб қила бошлади. Хатто вазиятни текшириш учун Тошкентдан Германияга махсус комиссия йўллади. Комиссияга махфий делолаларда исми фақат "Мейерсон" дея сақланиб қолган шахс бошчилик қилди. Мейерсон ёшларни бир муддат текширган бўлиб, барчани СССРга қайтариш кераклини талаб қилди. Аммо, бу гап талабаларга жуда ёмон таъсир қилди. Ёши катта талабаларни тўплаб мажлис ўтказган Олимжон Идрисий комиссиянинг холис эканлигига шубҳа билдириб, талабаларнинг ўқишни тугатмасдан Ватанга қайтарилишига қарши чиқди.

Берлиндаги "Пансион - ЙОЗ" меҳмонхонасида бўлган талабалар йиғилишида ўртоқ Мейерсон хорижий таълимнинг аксилинқилобий характеридан гап бошлаб, дағдаға билан ҳаммани СССРга қайтаришни талаб қилиши талабаларга ёқмади. Ёшлар ғала-ғовур кўтариб дипломни қўлга киритмасидан ортга қайтиш талабини рад этдилар. Тошкентлик талаба Аҳмад Шукрий кутилмаганда тўппонча чиқариб Мейерсонга қарата ўқ узди (Бадеъ Абдулла ишидаги кўрсатмадан). Комиссия аъзолари ҳар томонга қочди ва кўп ўтмай пайдо бўлган полиция Шукрийни қамоққа олди.

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи,

Кёслинда Усмон Омон билан мактабда ўқиган ва отилган ака-ука Авазжоновлар

Шўролар бу ғайриоддий ҳодисадан яхши фойдаландилар - ёшларни алдов ва қўрқитув йўллари билан ортга қайтаришга янгича шиддат билан киришдилар. Дастлаб саккиз нафар ўқувчи СССРга қайтарилди. Шундан сўнг Олимжон Идрисий, Аҳмад Наим ва бошқа фаоллар яширин йиғилиш ўтказиб, айрим ёшларни Туркияга чиқариб юбориш қарорига келишди. Улар бунинг жуда хавфли иш эканлигини англаган ҳолда аввал Очилбеги Муқим, Жўра Ҳалим, Раҳимқули Рўзи, Ҳазратқул Очил, Жўрақул Ҳамро, Абдулла Абдураҳим, Усмон Омон, Бешим Солиҳ, Абдураҳим Бурхонов, Абдулла Бадеъ, Неъмат Назрулла, Аловуддин Исомиддин, Муҳаммаджон ва Раҳмат Авазжонов каби ёшлардан иборат биринчи гуруҳни Туркияга ўтказиб юборишга келишдилар. Гуруҳ СССРга Полша орқали кетаётгандек бўлиб, Варшавага келтирилди. Режа Варшавадаги Туркия элчихонасидан керакли ҳужжатларни олиб, талабаларни Туркияга ўтказиб юбориш эди. Бироқ, Усмон Омон, Абдураҳим Бурхонов, Бадеъ Абдулла, Неъмат Назрулла, Аловуддин Исомиддин, Бешим Солиҳ, Муҳаммаджон ва Раҳмат Авазжоновлар ҳужжатларидаги камчиликлар туфайли яна Германияга қайтарилди. Шундан сўнг шўро хуфялари томонидан Туркияга боришнинг йўллари ёпиб қўйилди ва бу борада қаттиқ назорат ўрнатилди.

Ёшлар Германияда ўқишни давом эттиришга киришдилар. Неъмат Нарзулла, Раҳматжон Авазжон ва Бешим Солиҳлар Зараудаги текстил институтига кирди. Муҳаммаджон Авазжонов ва Аловиддин Исомиддинлар Коттибус шаҳридаги текстил Олий мактабига киришга муваффақ бўлдилар. СССРга қайтишдан бош тортган Усмон Омон ва Абдураҳим Бурхонлар Кёслинда ўқишни давом эттиришга кетишди.

Аммо, 1925 йилдан совет ҳукумати ёшларга пул юборишни бутунлай тўхтатиб қўйди. 1925 йил февралда эндигина 15 ёшга кирган Усмон дўсти Абдураҳим Бурхонов билан мажбуран ватанга қайтарилди. Усмонга ҳатто ўзи ижарада турган уйидан Кёслин гимназиясидан олган шаҳодатномасини олишга ҳам имкон беришмади.

Сурат манбаси, YouTube/screenshot

Сурат тагсўзи,

Усмон Омон болалигида ўқиган Кёслин шаҳри

1925 йил бошида Ватанга қайтган Усмон аввал Бухоро шаҳри, Говкушон гузаридаги 24-уйда поччаси Файзулла Комиловнинг қарамоғида яшади. Унинг ота уйлари аллақачон советлар томонидан тортиб олинган, ўзи ҳам ҳали ўсмир бўлишига қарамай "душман" синф вакили сифатида қора рўйхатга тушиб улгурган эди. Усмон ярим йил давомида иш топа олмай, охири Бухоро электростанциясида шогирд бўлиб ишга жойлашди. Бироқ, бу жойда ҳам қўним топа олмади - кўп ўтмай "ижтимоий бегона қатлам" вакили сифатида уни ишдан ҳайдадилар. Аммо, Усмоннинг билимга чанқоқлиги уни умидсизлик жари ёқасидан сақлаб қолди. У Тошкентга кетиб, Карл Маркс номидаги педагогика билим юртига ўқишга киришга муваффақ бўлди. 1931 йилда билим юртини битириши ортидан, 1932 йил март-апрель ойларида тиббиёт йўналишида яна бир курсда ўқиди. Усмон 1932 йил охирида она Бухоро шаҳрига қайтиб, мактабда немис тилидан дарс бера бошлади.

Аммо, Усмон Омоннинг асл мақсади шифокор бўлиш эди. У икки йил ўқитувчилик қилиши ортидан яна Тошкентга йўл олиб, Тошкент медицина институтига тайёрловчи беш ойлик тайёрлов курсига кирди. Бироқ, ўқиши давомида уни немис тили ўқитувчиси сифатида мажбуран Хоразмга йўллашди. Шифокорликдан умидини узган Усмон 1935 йил бошида Бухорога қайтиб, Бухоро педагогика институтида немис тилидан дарс бера бошлади.

Исботсиз жосус

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи,

Усмон 1938 йилда олиб кетилган Регистондаги нашриёт ётоқхонаси

Германияда ўтказган болалиги, немис тилини мукаммал билиши ва ундан дарс бериши охири Усмон ҳаётидаги ютуқ эмас, балки қора тамғага айланди. 1938 йил январида Ички ишлар халқ комиссарлиги (ИИХК)нинг Самарқанд бошқармаси Абдулла Бадеъ иши доирасида Бухоро педагогика институти ўқитувчиси Усмон Қосимович Омоновни 1936 йилдан Бухорода Германиянинг махфий Гестапо агентлигига хизмат қилувчи террорчилик ташкилоти аъзоси деган айблов билан қамоққа олишга қарор қилди. Шу куни ордер берилиб, Бухоро шаҳрининг Регистон майдонида жойлашган нашриётга тегишли ётоқхонасида тинтув ўтказилди. Унинг шахсий анкетасида қариндошлари сифатида опаси - 33 ёшли Мутара Қосимовна Омонова ва поччаси - Когон милицияси ходими, 36 ёшли Файзулла Қосимовларнинг номлари келтирилган.

Бу вақтда Усмон энди 28 ёшга тўлганди. У 1938 йилнинг 15-28 январь кунлари давом этган даҳшатли қийноқлар асосида аввалдан тайёрлаб қўйилган бир нечта иқрорномаларга имзо чекди. Бу қоғозларда унинг Германияда бирга ўқиган дўстлари ва улар билан алоқалари акс эттирилди. Шундан сўнг, ўзининг аксилинқилобий фаолияти, жумладан, 1926 йил Бухорога қайтгач Лаби Ҳовуз атрофида колбаса ясовчи "Курт Вилли" исмли сирли шахс ва шу ердаги дўконлардан бирида сабзавот билан савдо қилувчи немис миллатига мансуб кишилар билан алоқа боғлаганини, дўстлари Ҳамро Абдулла ва Неъмат Назруллалар ҳам жосус экани, улар келажакда кутилаётган урушнинг даҳшатли бўлиши, уруш бошланса қуролли гуруҳ тузиб аҳолини талаш ҳамда террор билан шуғулланишга келишиб олганларига "иқрор бўлди".

10 ой давом этган сўроқлардан кейин Усмон Омонга аслида мавжуд бўлмаган "Курт Вилли"нинг 1928 йили Бухородан қочиб кетгани ҳақидаги кўрсатмага имзо чектирдилар. 1938 йил декабрида эса ЎзССР ИИХК Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Сергей Калмыков Усмон Омонни 1925 йилдан "Озод Туркистон" аъзоси, 1926 йил Ватанга жосус сифатида қайтган, 1936 йилдан Бухородаги Гестапо вакили Ҳамро Абдуллаевга хизмат қилган дея айбловлар билан қарор чиқарди.

Бироқ, шу орада Самарқанд ИИХКнинг бир гуруҳ ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди. Калмыковнинг ўзи даҳшатли тергов усулларини қўллашда айбланса-да, ЎзССР депутати ҳам бўлганлиги туфайлигина отилмай қолди. Ходимларнинг сўроқ жараёнида кўплаб беайб кишиларни ноҳақ қамагани, маҳкумларни зўрлагани, хўрлаш ва ёлғон айбловлар тўқигани исботланиб, Иван Филипович Смольников 10 йилга, Ҳаким Ҳакмулович Шайдулин 3 йилга Меҳнат- тузатиш лагерига ҳукм қилиндилар. Шундан сўнг тергов жараёни баъзилар учун бирмунча енгиллашди.

Бироқ терговлардан силласи қуриган Усмон учун гўёки ҳеч нарса ўзгармагандек эди. ЎзССР ИИХК комиссари Алексей Саджая 1939 йил 21 февраль куни Усмон Омонни амир амалдорининг ўғли, "Озод Туркистон" аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, 1927 йилдан жосус Курт Виллига ишлаган Гестапо жосуси деб ЎзССР Жиноят кодексининг 60 (Аксилинқилобий ташкилотга аъзолик), 62-модда (Жосуслик)лари билан айблаб қарор чиқарди. Бироқ, айбловларни асословчи биронта далил-исбот келтирилмади. Сўроқлар давомида Усмон ўз дўстлари Бадеъ Абдулла ва Абдураҳмон Бурхоновларга қўйилган жосуслик айбловларини ҳам рад қилди.

Икки йиллик терговлардан сўнг 1940 йил 13 февралда Усмон Омон иши СССР ИИХК қошидаги "учлик" томонидан кўрилиб, у саккиз йилга Магадандаги Меҳнат-тузатиш лагерига юборилди.

Увол бўлган ҳаёт

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи,

1960 йилларда қамоқдан келган Усмон Омон шу уйда яшаган

Жазони ўтаб ниҳоят она шаҳрига қайтган Усмон Қосимович Омонов 1957 йил 15 октябрь санаси билан ўзи яшаётган Бухоро шаҳри, Октябрь кўчаси 7 уйдан СССР Олий советининг Президиуми раиси Климент Ефремович Ворошиловга ариза йўллади. Унда у ўз қисматидан қуйидагича ҳикоя қилди:

" ...1938 йил 13 январь куни тўсатдан иш жойимдан қўлимга кишан солиб, Самарқандга олиб кетдилар. Мени жосус, аксилинқилобий унсур деб тинимсиз дўппослаб, қийноққа солдилар. Саккиз сутка тик оёқда турғазиб, ақлдан озиш даражасигача олиб бориб, ўзлари ёзган қоғозларни имзолатдилар. Уларни имзолашимнинг сабаби, мен терговчининг хонасида ўлиб кетишни истамадим. Шундан сўнг ишимни ҳарбий трибуналга йўлладилар, улар далиллар етишмаяпти деб қайтаргач, яна икки йил Самарқанд турмасида ётдим. 1940 йил Москвада менга 8 йиллик меҳнат тузатиш лагери(МТЛ)га йўллаш жазосини белгилашди. Жазони Магадан вилоятидаги Дальстрой лагерига ўтаб, 1946 йил лагердан бўшатилдим. Аммо, тўлиқ озод бўлмадим. Менга ватанимга қайтишга рухсат беришмади. Магадан вилояти Дальний Север посёлкасида ишлаб юрдим. 1938-57 йиллар давомида мен қариндошларим, оиламдан узилиб қолдим. Ҳозир Бухородаман. Аммо, ёшлигимни, кўплаб қариндошларимни йўқотдим. 20 йил давомида педагогик маҳоратимни ишга сололмадим. Мен 47 ёшдаман. Таҳқир, ноҳақлик ва азоблар ортида маънан ўлдирилганман. Мен ҳам қачонлардир Германияда ўқиган эдим. Ҳозирда яроқсиз бир ногиронга айландим. Қачонлардир ажойиб педагог эдим. Ўртоқ Ворошилов, ўтинаман. Бўйнимдан "судланган" деган номни олинг. Қисқа вақт бўлсада ўқитувчи бўлиб Октябрь инқилобининг 40 йиллик байрамини ўқитувчи сифатида кутиб олайин."

Шу ариза ортидан Усмон Омон иши ҳам қайта кўришга топширилди.

1958 йил 2 июнь куни Усмон Омон қайта сўроққа чақирилди. У бу вақтда Бухоро шаҳри, Красина кўчаси, 14 уйда яшаб, ҳамон паспорт ололмаганди. Айни пайтда Бухоро Давлатсавдога қарашли гастрономда директор ўринбосари бўлган Усмон Омон терговчининг саволларига жавоб берар экан, жумладан қуйидагиларни ҳикоя қилди:

"Мен амир амалдори бўлган отам вафот этганида саккиз ёшда эдим. Ўн икки ёшли гўдак ҳолимда Германияга кетганман. Қайтганимда ҳам 15 яшар бола эдим. Қанақадир "Озод Туркистон" ҳақида ҳеч қачон эшитган ҳам эмасман. Олимжон Идрисий билан боғлашди. Тўғри, мен у кишини кўрганман. У киши ҳалол, элсевар, ажойиб инсон эди. Унинг аксилсовет фаолиятидан ҳеч бир хабаримиз бўлмаган. Ишонаманки, Олимжон Идрисий ҳам хоин эмасди. Олмонияда биз кўп миллатли ёшлар эдик. У киши барчамизни тўғри тарбиялаб, илмга сафарбар этарди. Идрисий ҳеч қачон ватанимиз ёки совет давлати ҳақида ёмон гапни айтмаган. Балки, бизнинг қалбимизни яралашдан қўрққандир. Сўроқ баённомасидаги ҳамма туҳматларни терговчилар менинг номимдан ёзиб, сўнг мени уриб, таҳқирлаб имзолаттирган эди."

Терговчининг қандай қийноқлар қўлланганлиги ҳақидаги саволига Усмон Омоновнинг батафсил жавоби янада даҳшатлироқ эди: "...Комачков исмли терговчи конвеерни қўлларди. Яъни сувсиз, уйқусиз, овқатсиз тик турғазиб қўйиб сўроқ ўтказар эди. Бу жараёнда ҳам тўхтовсиз савалар эди. Унинг ёрдамчилари эса ҳатто ичи сувга тўлдирилган бутилкани моягимга осиб қўярди, қиш кунлари ҳовлига олиб чиқиб қўйиш, тиззамгача совуқ сувда туришга мажбур этиш, мих билан азоб бериш каби таҳқирларни қўлладилар."

Қайта сўроқлар давомида Усмон Омоннинг ҳаёти фақат туҳмат ва бўҳтонлар асосида увол қилингани тўлиқ исботини топди. 1958 йил 4 август куни Туркистон ҳарбий округи Ҳарбий трибунали томонидан Усмон Омон оқланади ва бу хабар унинг ўзига юборилди. Афсуски, унинг ҳаёти сўнг қандай кечгани бизга номаълум.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek