Ўзбекистон: IMEI кодлари машмашаси - четдан келганларнинг шахсий маълумотларини ким ўғирлаяпти? - O'zbekiston, yangiliklar

Mobil telefonlari

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон: IMEI кодлари машмашаси - четдан келганларнинг шахсий маълумотларини ким ўғирлаяпти? - Хориждан Ўзбекистонга қайтган фуқаролар шахсий маълумотлари ўғирланаётгани ва ва уларнинг номларидан кимдир мобил телефони IMEI кодларини расмийлаштираётганидан шикоят қилмоқда:

Ички ишлар вазирлиги суриштирув бошлаган, Ахборот вазирлиги эса, маълумотлар ўғирланмаслиги чоралар тадбирини ишлаб чиқаётганини айтмоқда.

Чартер рейслар орқали Ўзбекистонга қайтган фуқаролар ўзлари билан олиб келган телефонларини рўйхатга олишда муаммоларга дуч келаётганидан шикоят қилмоқда.

"Четда олган телефоннинг имей ни регистрация қиламан десам битта ... бошқа имей ни рег-сия қилиб улгурибди. Бунинг ортида катта фирибгарлик борга ўхшайди. Мен каби жабрдийдалар кўп экан. Масалани ўрганиб тўполон кўтармасак бўлмайди чоғи", деб ёзди Эркинжон Каримов.

Пост остига бошқа фуқаролар ҳам айнан шу муаммога дуч келгани ҳақида ёзган.

Facebook Исроил Тиллабоев исмли фойдаланувчи хориждан Ўзбекистонга кириб келган 11 танишининг ҳаммаси ўзлари хабардор қилинмасдан паспортларига телефон расмийлаштирилгани ҳақида ёзди.

"Барчаси паспортини беради, текшириб, бу паспортга телефон расмийлашган экан, дейди. Паспорт эгаси ҳайрон, ўзи бехабар��. Хуллас, маълум бўлишича, аэропортдаёқ буларнинг паспортларига телефонлар «уриб» бўлиняпти экан. Бу ишда телефон бизнеси билан шуғулланувчи «тадбиркорлар» бош-қош бўлмоқда экан", деб ёзди Тиллабоев.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарори билан Ўзбекистонда телефон қурилмаларининг IMEI ёки халқаро ўзига хос идентификация коди кодларини мажбурий равишда рўйхатга олиш жорий қилинган.

Контрабанданинг олдини олиш учун жорий қилинган ушбу тартиб бўйича Ўзбекистон ҳудудида хориждан кириб келган фуқаролар ва юридик шахслар белгиланган маблағни тўлаб телефонларни рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Рўйхатдан ўтмаган телефонлар автоматик равишда бир ойдан сўнг ишлашдан тўхтайди.

Сурат манбаси, RAIS BUVA

Ижтимоий тармоқдагилар айрим масъуллар фуқароларнинг шахсий маълумотларини телефон контрабандаси билан шуғулланадиган шахсларга сотиб ўзига хос бизнес қилаётганини айтишмоқда.

Уларнинг маълум қилишича, хориждан келаётган фуқароларнинг паспорт маълумотларини ДХХнинг чегара хизмати чегарани кесиб ўтиши билан скан қилиш орқали олади.

Аммо ДХХ чегара хизмати ушбу маълумотларни учинчи тарафга тақдим қилаётгани тўғрисида факт ва далиллар йўқ.

Бу борадаги эътирозларга шу вақтгача жамоатчиликка ошкор қилинмаган ДХХнинг матбуот хизмати маълумот бермаган.

Би-би-си Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов билан боғланди.

Аҳматов вазирлик бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун бир нечта вариантлар устида ишлаётганини билдирди.

"Айни вақтда бир нечта вариант устида ишлаяпмиз. Бугун кечгача ёки эртага иккигача бир тўхтамга келиб одамларга тушунтириб бермоқчимиз. Мисол учун, ким четга бориб келган бўлса, ўзининг номига олинган сим картани қилдириши мумкин, деган нарсани ҳам жорий қилиш мумкин.

Бу ишлаб чиқарилаётган чоранинг бир детали, ҳали шундай бўлади, дегани эмас", дейди у.

Шерзод Аҳматовнинг айтишича, тизим оператори бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

"Бугунги кунда тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов суриштирув ишлари натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади", дейилади Ахборот вазирлиги берган маълумотда.

Ички ишлар вазирлиги бу борада суриштирув олиб бораётганини паспорт маълумотлари ўғирланганини даъво қилаётган Эркинжон Каримов ҳам тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Twitter да ёзган шикоятидан сўнг унга ИИВдан телефон қилишган.

"Ички ишлар вазирлигидан телефон қилишди. Бу муаммони кузатиб боришаётган экан. Ариза ёзиб бера оласизми, деб сўрашди. Эртага бориб ариза ёзиб келаман энди", деб ёзди Каримов.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шахбоз Ғиёсов Би-би-сига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бир нечта орган суриштирув ишларини бошлаганини билдирди."Бир нечта ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорликда иш бошлашган, вазият тафсилотлари яқин кунларда эълон қилинади", дейди у.

Олдинроқ UZIMEI тизимидаги муаммолар юзасидан «Менинг фикрим» порталига 2019 йил 14 декабрь куни жамоатчилик мурожаати муҳокамага қўйилган эди.

"Менинг фикрим" порталида 10000дан ортиқ овоз олган мурожаатни 60 кун ичида Олий Мажлис кўриб чиқиши мажбурийдир. Мурожаат тез орада 24 000 дан ортиқ овоз тўплади. Мана қарийб 9 ой бўлган бўлса-да, ҳали-ҳануз негадир Олий Мажлис мурожаатни кўриб чиқмади ва ҳозиргача мурожаат жавобсиз ва натижасиз қолмоқда", деб ёзади тадбиркор Фируз Аллаев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek