Ўзбекистон: Халқаро парвозлар тикланмоқда ва сўхлик блогер озод этилди O'zbekiston Янгиликлар

dengiz.tv

Сурат манбаси, dengiz.tv

31 май куни юз берган Сўх воқеаси бўйича очилган жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида 22 августдаан бери ушлаб турилган блогер Хайдаржон Бобохайдаров (Дадахон Хайдаров тахаллуси билан маълум) озод этилган.

Бу ҳақида унинг адвокати Ҳамидахон Абдуназарова 2 сентябрь куни Кун.уз нашрига маълум қилган.

Адвокат Бобохайдаровни жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун етарли асослар бўлмаганини билдирган.

1 июнь куни Сўхга етиб борган Бош вазир Абдулла Ариповдан туман мансабдорлари ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини сўраган Хайдаржон Бобохайдаровнинг 22 август куни ғойиб бўлиб қолиши ортидан турли саволлар юзага келган эди.

Кейинроқ Бош прокуратура блогернинг ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

Бу ҳолат эса мамлакатда сўз эркинлигига нисбатан навбатдаги таҳдид экани борасида фикрлар кўпайган эди.

5 йўналишдаги халқаро парвозлар тикланмоқда

Дубай, Олмаота, Истанбул, Франкфурт, Бишкек йўналишлари бўйича доимий халқаро авиақатновларни тикланмоқда, дея хабар бермоқда "Uzbekistan Airways" компанияси.

Компания Дубай, Франкфурт, Олмаота ва Бишкекка ҳафтасига бир мартадан рейслар йўл қўйилишини маълум қилган.

Хабарда Истанбулга эса сентябрь ойи якунига қадар 12 марта рейс қўйилиши қўшимча қилинган.

Компания бу мамлакатлардан қайтаётган фуқаролар коронавирусга сўнгги 72 соатда тест топширган ва тест натижалари манфий бўлиши кераклиги, Тошкентга қайтгач, 14 кун ўзини ўзи яккалашга ўтишлари талаб қилинишини ҳам билдирган.

Онлайн таълим, маҳалла ва давомат

2 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева уйда онлайн тарзда ўқиётган болаларнинг дарсларда тўлиқ иштирок этишини фуқаролар йиғини раислари ва профилактика инспекторлари қатъий назоратга олиши ҳамда ўз ҳудудида «Давомат тадбирлари»ни ташкил этиб боришини маълум қилган.

Боймирзаева уйда онлайн таълим олаётган ўқувчилар давомати ва бошқа бир қанча жараёнлар назоратини олиб бориш бўйича вазирлик Ёшлар ишлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимликлари билан биргаликда доимий ҳамкорликда иш олиб боришини ҳам қўшимча қилган.

Ўзбек пахтаси ва рад этилган суд даъвоси

Англиянинг юқори суди ўзбек пахтасини Европа Иттифоқига экспорт қилишга қарши даъвони рад этди.

Бу ҳақида "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси маълум қилган.

Хабарда айтилишича, Германияда жойлашган ноҳукумат ташкилот томонидан Буюк Британия ҳукуматига қарши киритилган даъвони суд муайян ҳуқуқий асосларга кўра, жумладан, даъвогарда етарлича асослар мавжуд эмаслиги, даъвонинг академик ва эскирган характерга эгалиги боис рад этди.

Хабарда «Германияда жойлашган ноҳукумат ташкилот» номига ойдинлик киритилмаган.

Мактаблар ва дезинфекция

Мактабларга дезинфекция воситаларини ўқитувчилар эмас, маҳаллий ҳокимликлар етказиб беради

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчилардан талаб этилаётган турли санитария-гигиена воситалари акс этган рўйхатлар тарқалишига Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова шундай муносабат билдирган.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш, хусусан тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгиланган", деган Рустамова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek