Ўзбекистон, Тошкент: Муаммоларни очиқ айтган бош врач нега ҳибс қилинди? - O'zbekiston, koronavirus, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистон: Муаммоларни очиқ айтган бош врач нега ҳибс қилинди? - Айни вақтда бутун бошли бир вилоятнинг бош инфекционист мутахассиси ҳақиқатан бирор жиноятга қўл урганми ёки муаммолар ҳақида очиқ сўзлагани ортидан туҳматга учрадими, деган савол очиқ қолмоқда:

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоятнинг бош инфекционист мутахассиси Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Бунга қадар Гулжаҳон Йўлдошева пандемия шароитида касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва ўз раҳбарлиги остида ҳаётини хавфга қўйиб коронавирус беморларини даволаган тиббиёт ходимларига ваъда қилинган мукофот пуллари берилмаганини очиқ айтиши ортидан эътиборга тушган эди.

У август ойида Kun.uz нашрига берган интервьюсида Тошкент вилоятининг Бош юқумли касалликлар шифохонасидаги оғир вазият ҳақида сўзлаб, ўзи ва оиласи ҳаётини хатарга қўйганча, Чирчиқ шаҳрида жойлашган бу масканда коронавирус беморлари ҳаётини сақлаб қолиш учун жон куйдираётган тиббиёт ходимлари қадри раҳбарлар томонидан топталаётганини таъкидлаган эди.

Гўзаллик салонидаги ҳибс

Би-би-си ихтиёридаги маълумотларга кўра, Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни кечки пайт Чирчиқ шаҳридаги гўзаллик салонларидан бирида ички ишлар органлари томонидан ҳибсга олинган.

Би-би-си билан суҳбатлашган шифокорнинг синглиси Шаҳло Йўлдошева айни вақтда опасига нисбатан илгари сурилаётган расмий айбловлар қандай эканини аниқ билмаслиги, бироқ оғзаки сўзлашувлар асосида унга нисбатан 250 миллион сўмга тенг маблағни талон-тарож қилиш айби қўйилаётганидан хабар топганини маълум қилди.

Сурат манбаси, courtesy

«Опамнинг ўзи ҳам коронавирусга чалиниб, энди даволаниб чиққан эди. У 7 сентябрь куни даволанишдан чиқиб, 8 сентябрь куни кечки пайт сочини бўятиш учун салонга борганда, ичкарига тўрт нафар ички ишлар ходимлари кириб келган. Ташқарида яна қанчадир ходим кутиб турган бўлган ва ўша ердан уни олиб кетишган», дейди у.

Шаҳло Йўлдошеванинг сўзларига кўра, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига раҳбарлик қилаётган опаси матбуотга вилоятдаги асл эпидемиологик ҳолат ва маҳаллий тиббиёт тизими билан боғлиқ бошқа оғир муаммолар тўғрисида очиқ айтгани ортидан, катта эҳтимол билан, тиббиёт ходимлари учун ажратилган рағбатлантириш пулларини нотўғри тақсимлаш ёки ўзлаштиришда асоссиз равишда айбдор кўрилаётган бўлиши мумкин.

Kun.uz нашрига берган интервьюсида Гулжаҳон Йўлдошева ўзи бошқариб келаётган касалхона мамлакатда коронавирусга чалинган беморларни биринчилардан бўлиб қабул қилгани, июль ойи ўртасидан эса бу маскан оғир аҳволдаги беморларга тўлиб кетгани, ўлим ҳолатлари кўплаб кузатилгани, бироқ шунга қарамай, ушбу касалхонада коронавирус беморлари даволанаётгани юқори раҳбарият томонидан тан олинмай, ходимларга президент қарори орқали ваъда қилинган кўп миллионли мукофот пули ўрнига, ойлик маошга кунлик 6 фоизли устама бериш билан чекланилгани ҳақида сўзлаган эди.

«Тушунишимча, шу 6 фоизли рағбат пулини тасдиқлаш учун кимдир имзо қўймаган. Опам ўша одамнинг имзоси кераклигини билмаган. Ҳозир энди унга катта миқдорда пулни талон-тарож қилишда айблашяпти, деб эшитдим», сўзлайди Шаҳло Йўлдошева.

Бундан ташқари у опасининг ҳали тўлиқ тузалиб кетмагани ва ҳибс чоғида етарли тиббий ёрдам берилмаслиги эҳтимоли юқорилигидан унинг соғлигидан қаттиқ ташвишда эканини ҳам қўшимча қилади.

Раҳбарият билан низо

Сурат манбаси, kun.uz

Ҳолат билан яқиндан таниш манбалардан бирининг Би-би-сига айтишича, Гулжаҳон Йўлдошеванинг бундай чиқишлари ва ўз ходимлари тақдири учун курашиш йўлида қўйган талаблари ортидан шифокор ва Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ўртасида низо келиб чиққан.

Ушбу манба Гулжаҳон Йўлдошева бундай низолар қурбонига айланаётган бўлиши мумкинлигини тилга олди.

Би-би-си бу иддаоларга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Тўрақул Арзиқулов билан боғланди.

Арзиқулов айни вақтда мажлисда эканини айтиб, кейинроқ қўнғироқ қилишимизни сўради, аммо у билан боғланишнинг қайта имкони бўлмади.

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг 23 июль куни эълон қилинган баёнотида эса Йўлдошева ва раҳбарият ўртасида ҳақиқатан низо мавжудлиги кўзга ташланади.

Баёнотда Йўлдошева томонидан юқумли касалликлар шифохонасини зарурий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича асоссиз талаблар қўйилаётгани ва ушбу масканда ходимларга 8,5 миллион сўмдан зиёд иш ҳақи ортиқча тўлангани аниқлангани ҳамда касалхона фаолияти устидан текширув бошлангани ҳақида сўз боради.

Би-би-си Йўлдошевага нисбатан айнан қандай айбловлар илгари сурилаётганини билиш учун Тошкент вилояти Ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳам боғланди.

Бошқарма ахборот хизмати ходими вазият борасида етарли маълумот тўплаб, хабар беришини маълум қилди.

Би-би-си, шунингдек, шифокорга нисбатан илгари сурилаётган эҳтимолий талон-тарож айбловини ўрганиш мақсадида Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ходимларидан бири билан суҳбатлашди.

Ходим Гулжаҳон Йўлдошева матбуотга олиб чиққан муаммолар ҳақиқат экани, бош шифокорнинг ўзи ҳам улар билан биргаликда оғир шароитларда ишлаб, беморларни ҳаёти учун курашгани, бироқ уларнинг меҳнати етарлича рағбатлантирилмагани ҳамда Йўлдошева томонидан ҳеч қандай талон-тарожга қўл урилмаганини маълум қилди.

Айни вақтда бутун бошли бир вилоятнинг бош инфекционист мутахассиси ҳақиқатан бирор жиноятга қўл урганми ёки муаммолар ҳақида очиқ сўзлагани ортидан туҳматга учрадими, деган савол, очиқ қолмоқда.

Би-би-си эса бу ҳолат бўйича барча томонларнинг изоҳлари учун очиқ эканини билдиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek