Россия-Ўзбекистон: Чегарада қолиб кетган ўзбек аёли қўлбола чодирда эгизак туғди - Rossiya, O'zbekiston, yangiliklar

  • Тимур Сазонов
  • Би-би-си, Ростов Дон
Палаточный лагерь узбекских мигрантов под Ростовом-на-Дону

Россия-Ўзбекистон: Чегарада қолиб кетган ўзбек аёли қўлбола чодирда эгизак туғди - минглаб ўзбекистонликлар Ростов Дондаги қўлбола лагерда поезд кутяпти. Яшаш шароити абгор, чўмилиш ва овқат тайёрлашга имконияти йўқ. Сешанба куни тахминан минг киши Тошкентга жўнади. Қолганлар эса 13 сентябргача бўлмайдиган кейинги поездни кутмоқда.

Қарийб уч минг Ўзбекистон фуқароси ўз юртларига кетадиган поездни кутиб, Ростов Дон шаҳри яқинидаги чодирлардан иборат лагерда икки ҳафтани ўтказди.

Ҳукумат чоршанба куни қолган мухожирларни вақтинчалик яшаш пунктига кўчиришга ваъда берган.

Чодирлар лагери Ростовдаги "Биринчи май" бекатида 20 августдаёқ пайдо бўлган.

Тошкент билан поезд қатнови қайта йўлга қўйилади, деган умидда муҳожирлар шу ерга тўплана бошлаган. Коронавирус эпидемияси сабабли Ўзбекистон 23 март куни Россия билан чегарани ёпган, фуқароларини эса чартер рейслари орқали мамлакатга олиб кетишни йўлга қўйган эди. Чегаралар ҳозирча расман очилгани йўқ.

Ўзбекистоннинг Ростов Дон шаҳридаги бош консулхонаси маълумотига кўра, 10 ва 23 август кунлари "Биринчи май" бекатидан Тошкентга поезд жўнаган. Уларнинг ҳар бирида тахминан 920 одам олиб кетилган. Шу каби рейслар "Кинель" бекати (Самара вилояти) ва "Бузулук" (Оренбург вилояти) бекатларидан ҳам бўлган.

Навбатдаги поездни кутиб, ўзбек муҳожирлари Ростовга оқиб кела бошлаган.

"23 августдан кейин вокзалда поездга сиғмай қолган 200 одам қолган эди", дейди астраханлик фермер Бобурбек Отажонов. У Россияда 15 йилдан ошиқ вақтдан бери яшайди. Далада помидор терган беш ишчисини у вокзалга олиб келган эди. "Ҳар куни бир неча юз одам йиғилган. Тахминан уч минг одам тўпланди. Улар консулхона рўйхатига туриш учун барвақтроқ келишган. Тартиб шунақа - аввал консулхонада рўйхат тузилади, кейин одамларга бўладиган рейс, чипта сотиб олиш ҳақида хабар берилади. Бусиз чипта сотиб ололмайсиз. Лекин негадир рейсларнинг ҳаммаси ҳам бўлгани йўқ. Кетувчилар кўп - мавсум охирлаган, одамлар йил бўйи оилаларини кўрмаган", дейди Бобурбек.

"Кавказский узел" маълумотига кўра, ўтган ҳафтада "Биринчи май" бекатидан одамларни олиб кетиши керак бўлган поезд Самара областига юборилган ва у ердан Ўзбекистон фуқаролари бирдан иккита поездда жўнаб кетишган.

Нукуслик Алёр Мамутов бир йил у тўрт ойдан бери яқинларини кўрмаган. Бу вақт мобайнида у Москвадаги сабзавот омборида, сўнг Астраханда сабзавот ва полиз маҳсулотлари теримида ишлаган. У беш йилдирки, Россияга ишлагани келади. Унинг айтишича, эпидемия унинг ишига таъсир қилмаган: "Далага эрталаб соат бешдан чиқардик. Соат тўртгача иш бўларди. Ўша кун учун дарҳол пулимизни олардик. Агар уйда ўтирмасак, шу тарзда ойига 50 60 минг ишлаб топиш мумкин. Ўзбекистонда бунақа маош йўқ".

Унинг айтишича, авваллари уйга исталган вақтда кетиш мумкин бўлган. Машина ижарага олиш, икки уч кун ва сиз уйдасиз.

"Поездда биринчи марта кетишим. 2 сентябрда ҳужжат топширганман, мана кутяпман, - деб ёзғиради Мамутов. - Шунгача бизни бу ерга олиб келган астраханлик таксичининг машинасида яшадим. Машинани қисқа вақтга бериб турди. Кейин ҳостелга жойлашдим. Пул етмай қолгач, лагерга келдим. Овқат фақат қуруқ маҳсулотлар - нон, колбаса. Иссиқ чойни кафедан сотиб оламиз."

Бобурбек Отажоновнинг айтишича, Ростовга йиғилганлар асосан Жанубий федерал округ ва Шимолий Кавказда ишлаган муҳожирлардир. Қолганлар "Кинель" бекатидан кетса керак. Натижада Самара вилоятида ҳам август ўрталарида шундай чодирлар лагери барпо бўлган.

"Биринчи май" бекатидаги чодирлар ҳар қадамга - тўсиқлар ёни, кўприклар таги, дарахтлар олдида тикиб ташланган. Аксар оилаларда болалари ҳам бор. Шундай асфальтнинг устига чойшаб ёки картон ёзиб, таом ейишади. Баъзилар қарта ўйнайди, бироқ асосий қисми бекат кираверишида. Эрта тонгдан консуллик ходимлари рўйхатга олишни бошлайди. Ўша рўйхатга кирганларгина чипта олиши мумкин.

Одамлар бир бирини турткилаган, ўзбекча бақир-чақирлар эшитилади. Атрофда эса омончилар.

"Масофа сақланглар. Сурилманглар", деб огоҳлантиради омончилар, агар муҳожирлар қўйилган тўсиқларни суриб юборса.

"Санитар шароит йўқ бу ерда, - дейди Бобурбек Отажонов. - Душ, ҳожатхона - ҳаммаси кўчада. Чодирларни ҳам ўзлари таксида дўконга бориб сотиб олишган. Аёллар кўп, болалар. Кимнингдир мазаси қочиб қолса, тез ёрдам чақиришади. Яқинда бир хомиладор аёлни тўлғоқ тутиб қолди. Шундай чодирда эгизак дунёга келди. Пропискаси бўлмагани учун касалхонага олиб боришмайди."

Тиббий ёрдамнинг йўқлигидан xоразмлик 54 ёшли хайдовчи ҳам нолийди. Чеченистонда ишлаб, у сўнг Волгоградга борган. Ўша ерда қачонлардир бирга бир колхозда ишлаган танишини учратиб қолади.

"У касал. Қанақадир инфекцияси бор. Овқат емайди, туни билан ухламайди, - дея Би-би-си Pус хизматига қийналиб тушунтиради у. - Ўзини ёмон ҳис қиляпти. Уни даволаш керак. Волгоградда унга "прописканг йўқ," дейишибди. Бу ерда ўзим уни таксида поликлиникага олиб бордим. Телефон рақамини интернетдан топган эдим. Мудир "сен ерликмассан. Керакмассан," дейди. "1941 йили уруш бўлди. Шу ердан Ўзбекистонга болаларни олиб боришган, биз сизларни қабул қилганмиз. Бизга эса ёрдам беришмаяпти. Биз бир Иттифоқда бўлганмиз, яхши вақтлар эди", деб бақирдим унга."

Ўзбек муҳожирларига кейинги уч кун ичида ёрдам беришни бошлашди, дейди Бобурбек Отажонов: "Бунгача ҳам вокзал маъмурияти, полиция, ҳаммаси одамлар кўчаларда яшаётганини кўрган, аммо ҳеч нарса қилишмаган. Хайриятки, яхши одамлар, ҳамюртларимиз ва айрим маҳаллий аҳоли овқат, сув келтиришди - раҳмат уларга".

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалгач, губернаторнинг топшириғи билан Ростов вилояти иқтисодий ривожланиш вазири Максим Папушенко келди, шунингдек, шаҳар ҳокимияти, МЧС ва Ўзбекистон консуллиги вакиллари ҳам пайдо бўлди. Шундан кейин лагерда тунда катта каркасли чодирлар тикилди, мухожирларга ичимлик суви келтирилди. Шунингдек, бекатда ёнғин ўчирувчилар ва тез ёрдам хизмати навбатчилик қилмоқда.

"Бу ерда оломон тўпланаётгани ҳақида ахборот пайдо бўлгач, губернаторнинг буйруғи билан тегишли штаб тузилди ва ҳаммага транспорт, бош консулхона билан алоқалар бўйича ўз вазифаси бўлиб берилди. Буларнинг бари шаҳар маъмурияти, полиция ва муҳожирлик хизмати билан биргаликда қилинди", дейди сешанба куни Максим Папушенко.

Унинг изоҳлашича, ҳукуматнинг тезда чора кўрмагани сабаби лагернинг ҳудуд ҳукумати ва шаҳар маъмурияти билан келишмай пайдо бўлганидир.

Энди Ўзбекистон консулхонаси ва ҳудуд ҳукумати қарори билан янги жўнаб кетиш пункти сифатида Ростовдан юз километрдан ошиқ масофада жойлашган йирик Лихая темирйўл узели (Каменск Шахтинский шаҳри Лиховск микрорайонида жойлашган) белгиланди. Муҳожирлар чоршанба куни ўша ерга электричкада олиб борилади.

"Бу вақтинча жойлаштириш пункти эмас, бу одамлар кейинги рейсни кутиши учун барча шароитлар яратилган бекат. Рейс 12 сентябрга белгиланган, келаси куни жўнаб кетади. Уни жўнаб кетиши бўйича келишмовчилик бошқа бўлмайди", деб таъкидлаган Папушенко.

Муҳожирлар кейинги поезд ҳам Ростовда йиғилган ҳаммани олиб кетмаслигидан хавотирда. Би-би-си суҳбатлашганларнинг бари сешанба куни жўнаган поездда лагердан бир қисм муҳожирларгина кетганинии айтган. Қолганлар у ерга қандай тушган, қайси рўйхат асосида, номаълум. "Кеча фамилиялар рўйхатини ўқишди, тахминан уч юз одам чипта сотиб олган, кейин бошқа чипта йўқлигини айтишди", дейди Камол жаҳл билан. У йил бўйи Краснодар ўлкасида қурилишда ишлаган. Лагерда бир ҳафтадан бери яшайди. "Бизга поездга 918 киши ёзилган дейишди. Ким улар?" дейди у.

Камол ва бошқа муҳожирларнинг айтишича, Тошкентгача оддий темирйўл чиптаси 12 800 рубль. Аммо ўртадаги даллоллар билан нарх 30 000 рублгача кўтарилади.

"Биз олибсотарлар билан гаплашдик, уларнинг айтишича, бу поезд (8 сентябрдаги) учун чипталар сотиб бўлинган, кейинги поезд учун чипталар бўлиши мумкин, - деб давом этади Камол. - Бу шундай: сиз бу одам билан келишасиз, рўйхат бўйича чиптага 12 800 тўлайсиз, кейин яна ўртада турган одамга пул берасиз. Яъни рўйхатга тушишингиз учун ҳам пул тўлайсиз."

Камол ўртакашлардан чипта олмоқчи эмас: "Жуда қиммат, поездни кутаман." Пандемиядан аввал у ишлаган қурилиш компанияси барча ўзбек ишчиларига авиачипта олиб берган. Парвоз нархлари кўтарилган, компания эса ҳозир бундай қилмайди.

Ўзбекистоннинг Ростов Дондаги бош консулхонаси консули Рустам Курганбоев муҳожирларнинг жўнатилишида олибсотарлар пул қилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. "Ўртакашларни тутамиз, қамаймиз, - деди у. - Мана иккитасини тутдик. 15 йилга кесилиб кетиши мумкин."

13 сентябрдан кейин навбатдаги поезд қачон бўлиши Курганбоевга маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek