Дунё ва сиёсат: Россия яна жазоланиши мумкин - Путин қўрқишига қанчалик асос бор? Putin, Rossiya, dunyo, yangiliklar

  • Дэмиен МакГиннис
  • Би-би-си, Берлин
Vladimir Putin

Сурат манбаси, official

Дунё ва сиёсат: Россия яна жазоланиши мумкин - Путин, Кремлнинг қўрқишига қанчалик асос бор?

Шимолий Оқим 2: Нима учун Германия Рус газ қувурларини ёпиши мумкин?

Якшанба кунги олмон газетасида ана шу қисқа жумла учрайди. Аммо шундай бўлса, "Шимолий оқим 2" учун бу қақшатқич зарба бўлиши мумкин.

"Умид қиламанки, руслар бизни "Шимолий оқим 2" бўйича мавқеимизни ўзгартиришга мажбур қилмайди," дейди Германия Tашқи ишлар вазири Ҳейко Маас.

Бу гаплар Кремлнинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний заҳарлариши сабабли Москва билан юзага келган зиддият манзарасида айтилган.

Бу газ қувури қурилиши масаласи жуда баҳсли бўлиб келмоқда. Ушбу қувур орқали рус гази Балтика денгизи остидан Германияга тўғридан-тўғри келтирилади. Қўшимча газ қувури келтирилишидан мақсад Германия атом ва кўмирдан энергия олишни камайтираётган бир вақтда унга қўшимча энергия манбаси яратишдир. Аммо танқидчиларнинг таъкидлашича, бу Германияни сиёсий жиҳатдан ишончсиз ҳамкордан келадиган энергияга қарам қилиб қўяди.

Олмон Tашқи ишлар вазири Москвани ҳозирда Берлинда даволанаётган Алексей Навальнийнинг асабни фалажловчи модда билан заҳарланиши ҳолатини тўлиқ текширишга чақирган. Акс ҳолда, "Шимолий оқим 2" ишини тўхтатиш чораси борлигига шама қилган.

Сурат манбаси, Getty Images

Меркелнинг муносабати қандай қатъийлашди?

Олмон шифокорлари Навальний ҳушига келаётганини эълон қилишларидан бир неча соат аввал Канцлер Ангела Меркель газ қувури бўйича муносабатини қайта кўриб чиқишга тайёрлиги ҳақида билдирган.

"Олмон канцлери ҳафта охирида ташқи ишлар вазири берган изоҳларга қўшилади," деган Ангела Меркелнинг сўзчиси душанба куни.

Шу ҳафтагача олмон ҳукуматининг расмий мавқеи газ қувури масаласини Россиянинг мухолифат етакчиси заҳарланиши ишига аралаштирмаслик эди.

Аммо охирги расмий изоҳлар Берлинда "Шимолий оқим 2"га муносабат тўсатдан қаттиқлашганини кўрсатади. Қувур қурилиши бошланганидан қарийб ўн йил давомида биринчи марта бу лойиҳанинг келажаги мавҳум бўлиб қолди.

Сурат манбаси, Getty Images

Биринчи газ қувури "Шимолий оқим 1" 2011 йили қуриб битказилган эди. Бу иккинчиси ҳам деярли битиб қолган бўлиб, 2021 йили ишга тушиши режаланган. Умумий узунлиги 2 460 км бўлган қувурнинг 2 300 км қисми қуриб бўлинган.

Россиянинг собиқ олмон етакчиси билан алоқалари

Меркель хоним ва унинг консерватив партияси бу қувур қурилишининг ҳассос тарафдори бўлмаган. У бу қурилишни ўзининг салафи, марказ сўл қанот сиёсатчи, собиқ Канцлер Герxард Шрёдердан мерос қилиб олган.

Шрёдер Россия Президенти Владимир Путин билан жуда яқин алоқада бўлган. Унинг Путинни ҳатто "тамоман демократ" деб таърифлагани машҳур. У лавозимидан кетгач, Россиянинг қатор энергия компанияларида ёғли жойларни эгаллагани, жумладан, "Шимолий оқим"нинг кузатув кенгаши аъзоси бўлгани Германияда норозиликларга сабаб бўлганди.

Шрёдер Путиннинг тарғиботчиси, дея бот-бот айбланиб туради. Одатда у рус олмон муносабатларининг жўшқин овози, газ қувурининг эса ҳассос ҳимоячисидир. Аммо кейинги кунларда у сезиларли даражада сукут сақламоқда.

Қувур иши тўхташи мумкинми?

Канцлер Меркель ҳукумати қувур сиёсий жиҳатдан ишончсиз давлатнинг газига Германияни қарам қилиб қўяди, деб ҳисобловчи европалик ҳамкорларининг танқидига борган сари кўпроқ учрамоқда. Айниқса, бу қувурга ашаддий мухолиф бўлмиш АҚШ лойиҳа ишига аралашган Европа компанияларига қарши санкциялар жорий қилиш билан таҳдид қилиб келмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Навальнийнинг заҳарланиши "Шимолий оқим 2" устидаги тортишувларни чандон кучайтириб юборди. Консерватор ва Яшиллар партиясидан юқори мартабали айрим сиёсатчилар қувур ишини бутунлай тўхтатишга чақирмоқда.

Аммо деярли битиб қолган ва тахминан 9.4 миллиард доллар сарфланган лойиҳа тўхтатиб қўйилиши мумкинми?

Қувур тарафдорларининг таъкидлашича, лойиҳанинг тўхтатиб қўйилиши Европанинг сармоя учун барқарор жой сифатидаги обрўсига зарар бериши ва истеъмолчилар учун нархларни кўтариб юбориши мумкин. Шунингдек, улар яна урғулайдиларки, қувурга болта урилиши Германиянинг энергияни қаердан олиши масаласини очиқ қолдиради.

Буни қарангки, олмонларнинг бу қувурни дастаклашига яна бир сабаб бу лойиҳанинг асосий танқидчиси АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўзидир. Уни Германияда хуш кўрмайдилар, унинг бу қувур ҳақида айтган қарши гаплари акс натижа бериб, лойиҳани дастакловчиларни кўпайтиради.

Аксар сайловчилар Трапмнинг қувур қурилишига қаршилиги сабаби Америка ёқилғисини Германияга сотиш, деб ҳисоблайдилар. Меркель эса Трампнинг босимига ён бераётгандек бўлиб кўриниб қолишдан ўзини асрашга уринмоқда.

Ҳарна бўлганда ҳам, агар Германия "Шимолий Oқим" иши тўхташига сабаб бўлса, Берлин каттагина зарарларга жавобгар бўлиб қолиши мумкин.

Мана нима учун "Шимолий Oқим"га қарши америкалик ва европалик мухолифлар Меркель ҳукумати учун бирдан фойдали бўлиб қолди. Шу кунгача Берлин АҚШ ва бошқа Европа давлатларининг бу лойиҳани йўққа чиқариш учун кўраётган чораларига қаршилик қилиб келаётган эди.

Агар Ангела Меркель лойиҳани тўхтатишга қарор қилса, Германия учун энг арзон тактика шунчаки ўз дастагини кўрсатмаслик, қувур тақдирини, эҳтимол зарарларни қоплашни ҳам, америкалик ва европалик танқидчиларнинг ихтиёрига қолдиришдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek