ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи: Ўзбекистон шу йил охиригача кузатувчи бўлиши мумкин - O'zbekiston, Rossiya, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи: Ўзбекистон шу йил охиригача кузатувчи бўлиши мумкин, IMEI можароси давом этади - давлат божхона қўмитаси жиноий гуруҳ фош этилганини айтмоқда, коронавирус билан кунлик касалланиш суръати яна ортмоқда ва пахта бўйича ҳукумат қарори - bbcuzbek.com дайжести:

Ўзбекистон: Пахта пайти коронавирус нега кучаяди? (видео)

Жорий йил якунига қадар Ўзбекистонга Евроосиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи-давлат мақоми берилиши мумкин.

Бу ҳақида Евроосиё иқтисодий комиссияси Коллегияси раиси ёрдамчиси Ия Малкина маълум қилган.

"Анъанага мувофиқ Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши йил якунида йиғилади. Биз жорий йилда ҳам ушбу анъанага содиқ қолишни режаламоқдамиз. Шунингдек, Ўзбекистонга ЕОИИда кузатувчи мақомини бериш масаласи ҳам давлат раҳбарлари томонидан кўриб чиқилади", дея Малкинанинг сўзларини келтирмоқда Беларуснинг расмий БEЛТА ахборот агентлиги.

IMEI можароси

Сурат манбаси, Getty Images

Сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар, хусусан, шахсий маълумотларнинг ўғирланиши ижтимоий тармоқларда кенг акс-садо бериб келмоқда.

Давлат божхона қўмитаси фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилганини хабар қилмоқда.

«Олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди», дейилади қўмита ахборотида.

"Аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, "Телеграм" ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган", ҳолатга аниқлик киритган қўмита.

Андижонда Nike ва Adidas кроссовкалари ишлаб чиқарилади

"Ўзчармсаноат" уюшмаси раҳбари Фахриддин Бобоев "Экономическое обозрение" журналига Андижонда машҳур брендларнинг спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш режаланаётгани ҳақида гапирган.

"Nike ва Adidas етакчи компаниялари билан бизнинг бозорга кириш учун келишув мавжуд. Андижон вилоятида спорт пойабзаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. «SinoInternational» МЧЖ заводи дунёга машҳур бренд остида 3 миллион жуфт кроссовкани аутсорсингга топширишни режалаштирмоқда", деган у.

Пахта бўйича қарор

Сурат манбаси, courtesy

Вазирлар Маҳкамасининг «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун биринчи теримда 1,000 сўмдан, иккинчи теримда эса 1,400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Шунингдек, пахта териш машиналари билан териб олинган ҳар бир тонна пахта учун 920,000 сўмдан кам бўлмаган хизмат ҳақи тўлаш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига юқорида тавсия этилаётган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилаш ҳуқуқи берилган.

Қарор билан пахта учун меҳнат ва хизмат ҳақи ҳар беш кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилмоқда.

Кунлик касалланиш суръати яна ортмоқда

Сурат манбаси, official

Соғлиқни сақлаш вазирлиги кунлик аниқланаётган касалланиш ҳолатлари сони яна ортаётганидан ташвиш билдирган.

"Юртимизда сентябрнинг илк кунида 343 нафар бемор қайд этилган бўлса, 9 cэнтябрда бу кўрсаткич қарийб 170 нафарга ошди. Карантин тартибларининг юмшатилиши, бир қанча фаолият турларига рухсат берилиши, шунингдек, мактабларда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан аҳоли ўртасида ўзаро мулоқотнинг кўпайиши, ўз навбатида, коронавирус хавфини ҳам кучайтиради", маълум қилган вазирлик.

Ўзбекистонда сўнгги вақтда коронавирус тарқалиши суръати пасайгани кузатилган, аммо сентябрь ойининг иккинчи ҳафтасидан яна ўсиш кўзга ташланган.

Қиёслаш учун: 6 сентябрь - 293 ҳолат, 7 сентябрь - 312 ҳолат, 8 сентябрь - 443 ҳолат ва 9 сентябрь - 512 ҳолат.

Айни вақтда коронавирус инфекцияси тасдиқланган жами беморлар сони 45,160, касалликдан тузалганлар сони эса 42,212 нафарга етган.

Шифохоналарда қолаётган 2,580 беморнинг 427 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда экани хабар қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek