Россия ҳарбийлари Беларусь ғарбида нима қилишмоқда? Putin, Lukashenko, yangiliklar

Minsk

Сурат манбаси, MAXIM GUCHEK/BELTA/TASS

Россия ҳарбийлари Беларусь ғарбида нима қилишмоқда? - Россия Беларусга юзлаб десантчилари, бронетехникаси ва шахсан Мудофаа вазирини юборди. Оммавий норозилик намойишлари фонида Беларусда қўшма ҳарбий машғулотларини бошлади. Янгилик яна халқаро миқёсда эътибор топди. Энди улар чиқиб кетишадими?

Қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари Лукашеконинг Россияга сафари ва Путин билан юзма-юз учрашувидан саноқли кунлар ўтиб кузатилган.

Беларусда 9 август кунги зиддиятли президент сайлови ортидан ҳамон тинмаётган оммавий норозилик намойишлари манзарасида уюштирилган.

Президент сайловида расман амалдаги президент Александр Лукашенконинг ғолиб чиққани эълон қилинган.

Аммо мухолифат илова Беларусдаги катта кўпчилик сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб, бунга ишонмаган, Лукашенконинг кетиши талаби билан кўчаларга чиқишни бошлаган.

Намойишлар йирик норозилик акцияларига ҳам айланган.

Сўнгги ҳафталарда милиция намойишларни шафқатсизлик билан бостиришга ўтган.

Намойишчилар калтакланган, ҳибсга олинганларининг қийналганига оид хабарлар сони кўпайган.

Аммо, шунга қарамай, Беларусда норозилик чиқишларининг ҳануз тинмаётгани кузатилган.

Икки томоннинг қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари худди шу каби бир вазиятга тўғри келган.

Машқлар

Сурат манбаси, official

Машқларга ҳар икки томондан жаъми ярим мингга яқин ҳарбий ва ўнлаб бронетехника ҳам ташланган.

Аммо улардан аксариятини Россияники ташкил этган.

Аввалроқ Россия президенти Беларусдаги вазият тақозо этса, Лукашенкони куч билан қўллашини расман баён қилган, махсус бўлинма ҳозирлатиб қўйганини ҳам айтган.

Путин буни ўшанда Беларусь раҳбарининг сўрови билан изоҳлаганди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Беларусга кеча, чоршанба куни келган.

Унинг ташрифидан мақсад ҳам расман ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик экани айтилган.

Сергей Шойгу билан учрашуви чоғида Лукашенко, "Россия президентидан муайян турдаги қурол-яроғ сўрагани" маълум бўлган.

"Ҳали келса, Иттифоқчи давлат нуқтаи назаридан нимани қаерда мустаҳкамлаш масаласини ҳам Путин билан бирга кўриб чиқиш режасида экани" ҳам англашилган.

"Қўрқишга ҳожат йўқ, биз бу ишга борамиз. Сўнгги воқеалар ҳам беларус ва ҳам россияликлар манфаатларини дадиллик билан ҳимоя қилиш лозимлигини кўрсатди", - деб айтган Лукашенко Россия Мудофаа вазирига.

Унинг бу сўзларидан бироз ўтиб, Россия президенти матбуот котиби раддия билан чиққан.

Лукашенко Россиядан янгича русумдаги бирор бир қўрол-яроғ сўрамаганини айтган.

Россия ва Ғарб

Сурат манбаси, EPA

Тинмаётган оммавий норозилик чиқишлари Беларуснинг иккинчи Украинага айланишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Худди шу фонда Россия Ғарб, Ғарб эса Россиянинг Беларусдаги воқеаларга иштирокидан жиддий хавотирда.

Таҳлилчилар бу айнан Беларусь назарда тутилганда, Путин тоқат қилмайдиган иккита нарсадан биттаси эканини айтиб келишади.

Президент Лукашенконинг Москва, Сергей Шойгунинг Беларусга сафари олдидан Россия Бош вазири ҳам Минскка келиб кетган, Михаил Мишустин иттифоқчи давлат масаласида томонлар анча олдинга силжиб қолишганини баён қилганди.

Россия ҳарбийларининг Беларусь тупроғидаги ҳозирлиги ҳамиша Ғарбнинг диққат-эътиборида бўлиб келган.

Десантчи-штурмчи бўлинмалар эса, одатда, айнан ҳужумкор амалиётларда қўлланиб келинади.

Россия томонининг таъкидлашича, Беларусдаги бу машғулотлар бирор бир давлатга қарши қаратилмаган, шунчаки "аксилтеррор мақсадини кўзда тутган".

Президент Путин 14 сентябрь куни қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ортидан, Россия ҳарбийларининг Беларусдан олиб чиқиб кетилишига ваъда берган.

Аммо бундан аввал қилган баёнитини назарда тутаркан, аксарият экспертлар Россия Беларусга куч киритиши эҳтимолини ҳали-ҳануз назардан соқит этишмайди.

Уларга кўра, Беларус ғарбидаги қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари худди шу боис ҳам четда яхшигина хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek