Туркманистон Россия сўровига жавоб бермади, масалага расмий Кремль аралашди - Rossiya, Putin, siyosat, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Туркманистон Россия сўровига жавоб бермади, масалага расмий Кремль аралашди - Россия Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистонга нота юборди. Туркманистон рус тили синфларини нега ёпди? Россия томони Ашхободдан ҳамон расмий изоҳ кутмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги нотаси мазмунидан маълум бўлишича, Туркманистон янги ўқув йили арафасида пойтахт Ашхободдаги қатор мактабларда шундай йўл тутган.

Рус тили синфларини ёпиб қўйган, бунинг сабабини санитария-гигиена талабларига риоя этиш зарурати билан изоҳлаган.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Ашхободдаги Россия элчилиги Туркманистон томонига мурожаат қилган, аммо сўрови бежавоб қолган.

Алал-оқибат масалага Россия Ташқи ишлар вазирлиги эътибор қаратган, 15 сентябрь куни Туркманистон томонига расман нота юборган, рус тили синфларининг қачон қайта тикланиши билан қизиққан.

Вазирликка кўра, икки давлат ўртасида 2002 йилда имзоланган Дўстлик ва ҳамкорликка оид келишув худди шу нарсани - Туркманистонда рус, Россияда эса, туркман тилини ўрганишни рағбатлантиришни кўзда тутади.

Маълум бўлишича, Туркманистонда рус тили синфларининг қисқариши муаммоси юзасидан вазирликка мурожаатлар бўлган.

Туркманистон томонига расман нота йўллашларига айни шу мурожаатлар ва жамоатчиликнинг қанчалик ташвишда экани ҳам сабаб бўлган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз нотаси якунида Туркманистон икки давлат ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларидан келиб чиқиб, рус тилида таълим соҳасининг қисқаришига йўл қўймаслигига умид қилиб қолган.

Шу ой бошида Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси ўзининг расмий веб саҳифасида "Ашхобод мактабларида рус тили синфларининг тарқатилиб юборилиши"дан ўз афсус-надоматларини изҳор этган.

"Хроника Туркменистана" нашри эса, 30 август куни Ашхободдаги мактабларнинг биридаги ўқувчилар ва ота-оналар бунга қарши тинч намойиш ўтказишгани ҳақида ҳам ёзганди.

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN\TASS VIA GETTY IMAGES

Туркманистон аҳолисининг сони ҳозир олти миллиондан сал ортиши айтилади.

Очиқ манбалардаги имконли бўлган сўнгги маълумотларга таянилса, руслар Туркманистонда миллий озчиликни ташкил этади, мамлакат аҳолисининг 4-5 фоизга яқини улар ҳисобига тўғри келади.

Улардан аксарияти айнан пойтахт Ашхободда истиқомат қилади.

Туркманистонда давлат тили расман туркман тили ҳисобланади.

Аммо рус тили иккинчи энг кўп гапирилувчи ва миллатлараро сўзлашув тили бўлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг нотасига ҳозирча расмий Ашхободнинг муносабати кўзга ташланмаган.

Шу йил июнь ойида Гурбaнгули Бердимуҳамедов Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Москвада ўтказилган ҳарбий парадга ҳам бормаган.

Владимир Путин билан телефонда гаплашиб, 24 июнь куни Москвада ўтказиладиган байрам тадбирини муваффақиятли ўтказиб олишини тилаган.

Бунга Туркманистон президенти ўзининг 63 — Пайғамбар ёшига тўлишини сабаб қилиб келтирган.

Мавжуд анъаналарга мувофиқ, ушбу санани у оила, қариндош ва яқинлар даврасида, шунингдек, бутун халқ билан нишонлаши айтилганди.

Собиқ Шўро давлатлари назарда тутилганда, Туркманистон ягона нейтрали бўлади.

Сурат манбаси, official

Шу йил май ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тилининг мавқеига оид чиқиши кибер фазони том маънода ларзага солган.

Бу - ўшанда Ўзбекистон ўзининг кузатувчи бўлиш қарори билан расмий Кремлнинг жиғига текканига ҳам йўйилмай қолмаган.

Мария Захарованинг сўзлари юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расман муносабат билдиришгача борган.

Бирор бир давлатдан алоҳида ном тутмаган эса-да, "давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас"лигини баён қилганди.

Бунга расмий Кремлнинг расмий муносабати эса, ҳали-ҳануз кўзга ташланмаган.

Аммо бунинг ортидан, Россия президенти "ташқи сиёсий курсни тадбиқ этишдаги юксак хизматлари учун" Мария Захаровани "Шон-шараф" ордени билан тақдирлагани кўрилган.

Глобал коронавирус пандемиясига қарамай, Ўзбекистон президенти бу парадга борган, теграсида Путин билан ҳам шахсан учрашган, аммо икковлоннинг бу масалага қайтган-қайтмаганликлари ноаён қолганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek