Ўзбекистон янгича стратегик шериги обрўсига нима бўлди? – Amerika, dunyo, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон янгича стратегик шериги обрўсига нима бўлди? - Америка Қўшма Штатларининг обрўси дунёда шу қадар тушибдики, тадқиқотчилар бунақаси ўтган яқин 20 йилда кузатилмаганини айтишмоқда. Бу нима дегани?

Глобал сўров нуфузли "Пью" тадқиқот маркази томонидан ўтказилган, аксарияти расмий Вашингтоннинг яқин иттифоқчиси ва ҳамкори бўлган 13 давлат аҳолисидан бугунги АҚШ ва унинг президенти ҳақидаги фикрлари сўралган.

Янги Ўзбекистон президент Дональд Трамп бошқаруви даврида Америка Қўшма Штатлари билан "стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган" давлат бўлади.

Аммо глобал сўровга тортилган мамлакатлар орасида Ўзбекистон илова бирор бир Марказий Осиё давлати йўқ.

"Пью" фақат Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Франция, Германия, Италия, Япония, Жанубий Корея, Испания, Швеция, Буюк Британия ва Голландиядагилар билан чекланган, холос.

Агар, сўров умумий натижасига таянилса, Америка Қўшма Штатлари яхши, дейдиганларнинг сони бугун ўттиз фоиздан сал ортиқроқни ташкил этган.

Президент Дональд Трампга ишонч кўзи билан қарайдиганлар эса, ҳатто, йигирма фоизга ҳам етмаган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сўров иштирокчилари аксариятининг наздида АҚШ коронавирус пандемиясини тузук-қуруқ эплай олмаган.

АҚШ дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати бўлади.

Штатларда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб расман 6 миллиондан ортган, уларнинг икки юз мингдан ортиғи эса, ҳаётдан кўз юмган.

13 давлат орасидан фақатгина Жанубий Кореяда АҚШ яхши, дейдиганлар фоизи катта кўпчиликни ташкил этган.

Дональд Трампнинг обрўси эса, биргина Японияда баланд экани кўрилган, аммо шунда ҳам бу каби фикрда бўлганларнинг сони чорак фоизча бўлган.

Буюк Британияда бу кўрсаткич беш кишидан биттасига ҳам етиб, етмаган.

Сўров шу йилнинг июнь-август ойлари оралиғида ўтказилган, унда 13 мингдан ортиқ кишининг фикри ўрганилган.

"Пью" тадқиқот маркази раҳбарининг сўнгги бир неча йил давомида олиб борган сўровларига таяниб айтишича, "дунёдаги кўпчилик АҚШ халқаро саҳнада лидерликни қўлдан бериб қўйяпти", деган қарашда.

Унга кўра, бундан ташқари, одамлардаги бу каби салбий қарашга глобал коронавирус пандемиясининг ҳам таъсири бўлган.

"Аммо, шунда ҳам, уларнинг Америка Қўшма Штатларидан ҳафсалалари буткул пир бўлганича йўқ. Одамлар ҳали-ҳануз Американинг халқаро саҳнада етакчи ўринни тутишини хоҳлашади", - деб айтган "Пью" тадқиқот маркази раҳбари.

АҚШ ва ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, facebook

Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Сурат манбаси, official

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek