Беларусь, Лукашенко ва ими-жимида қасамёд: Буёғи нима бўлади? – Belarus, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Riot police arrest a protester in Minsk, Belarus. Photo: 23 September 2020

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Маҳаллий фаолларга кўра, Минскда ўнлаб кишилар ҳибсга олинган

Беларусь, Лукашенко ва ими-жимида қасамёд: Буёғи нима бўлади? - Лукашенконинг яширинча инаугурацияси ортидан, Беларусь яна оммавий норозилик намойишлари ичида қолди. Сатҳда бўлган Би-би-си мухбирининг айтишича, ими-жимида уюштирилган қасамёд ҳам намойишчилар ва ҳам хавфсизлик кучларининг руҳини ўзгартирган.

Александр Лукашенко кеча, 23 сентябрь куни олтинчи бор президент сифатида қасамёд келтирган, аммо бундан кўпчилик, ҳатто, журналистлар ҳам бехабар қолишган, тадбир одатга хилоф равишда олдиндан расман эълон қилинмаган.

Мухолифат яна бир бор Лукашенкони қонуний президент, деб тан олишдан бош тортган.

Литвада жон сақлаётган мухолифат етакчиси Светлана Тихоновская кечаги маросим ортидан, ўзи Беларуснинг ягона сайланган президенти бўлиб қолишини айтган.

Мухолифат 9 август кунги зиддиятли президент сайлови натижалари сохталаштирилган, деган мавқеида қатъий.

Бу сайловда ҳам кўпчилик овоз билан амалдаги президент Александр Лукашенконинг ғолиб чиққани расман эълон қилинганди.

Воқеаларнинг чоршанба кунги кутилмаган ривожи ортидан, мухолифат вакиллари ижтимоий мулоқот тармоқлари ортидан одамларни уйда ўтирмасликка чақириб чиқишган, саноқли соатларнинг ичида пойтахт Минскда яна оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Ҳибсга олинганларнинг айримларига ҳатто тан жароҳатлари етказилгани ҳам кўрилган

Хабарларга кўра, махсус милиция кучлари бунга аввалдан ҳозирлик кўришган, намойишчиларни тарқатиш учун дубинкалар, сув пуркагичларни ишга солишган, уларни калтаклашган, ўнлаб одамларни ҳибсга олишган.

Маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, қўлга олинганлар сони икки юзга яқин бўлиши мумкин.

Қатор Европа давлатлари ва АҚШ Александр Лукашенкони Беларуснинг қонуний президенти, деб тан олишдан бош тортишган.

Минскда танглик кучаймоқда

Жон Фишер таҳлили:

Би-би-си мухбирининг айтишича, қасамёд маросими ҳам намойишчилар ва ҳам хавфсизлик кучларининг руҳини ўзгартирган.

Намойишчилар кўпроқ қаршилик кўрсатишга ўтишган, йўлларни ёпишган, ҳатто милиция машиналарини қувиб солишгача боришган.

Ниқобда бўлган махсус милиция кучлари ҳам уларга қарши шу пайтгача кузатилмаган янгича тактикаларни ишга солишган, сув пуркагичларни қўллашган, намойишчиларни дубинкалар билан калтаклашган.

Telegram каналларига жойланган видеотасвирларда калтаклар зарбидан одамларнинг бошлари қонаб кетганини кўриш мумкин бўлган, улар эркагу аёлларни баробар калтаклашган.

Инаугурация маросимида қилган чиқишида Александр Лукашенко худди намойишлар тугагандек оҳангда гапирди, аммо бундай эмаслиги аниқ, дейди мухбиримиз.

Александр Лукашенко эса, ўзининг инаугурация маросими чоғида милиция кучларига хосан миннатдорчилик билдирган, давлат уларнинг хизматларини унутмаслигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek