Ўзбекистон: Президентни “ҳақорат этувчи” видео тарқалдими ва Қобил Дўсов суди - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Президентни "ҳақорат этувчи" видео тарқалдими ва Қобил Дўсов суди - шу кунларда ижтимоий тармоқда президент Шавкат Мирзиёев шахси ва сўз эркинлиги билан боғлиқ бир масала кўзга ташланди. Худди шу манзарада Ўзбекистон тарихида бу яқин йилларда кўрилмаган суд ишининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди:

Сурат манбаси, facebook

Ўзбекистон тарихида камдан-кам кузатилувчи ҳолат - кеча, 23 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судида Халқ таълими вазирлигининг собиқ депутат Қобил Дусов устидан киритган даъво аризаси бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Бундан аввал Халқ таълими вазирлиги Қобил Дусовнинг июнь ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатида халқ таълими тизимидаги ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи иддаоларни илгари сурганини таъкидлаб, собиқ депутат устидан судга арз қилганини маълум этган эди.

Июнь ойи сўнггида тарқалган видеомурожаатида Қобил Дусов халқ таълими тизимида коррупция авж олгани, таълим сифатининг паст экани каби иддаоларни илгари суриб, тизим раҳбарларини "хоинлик"да айблаган эди.

Даъво аризасида Халқ таълими вазирлиги Дусов ўз иддаоларини асослаши ёки айтганларига нисбатан тўла раддия бериши лозимлигини билдирган.

Айни вақтда айрим ўзбекистонликлар мазкур суд иши тафсилотларига эмас, балки вазирликнинг фуқарога нисбатан ўз норозилигини суд орқали билдираётганига эътибор қаратмоқдалар.

Одатда, Ўзбекистонда фуқаро бирор раҳбар ёки ташкилотни танқидга тутса, унга нисбатан босимлар бошланиши айтилади. Бироқ Халқ таълими вазирлиги ва Қобил Дусов масаласида бу ҳол кузатилмаётир.

Таниқли депутат Расул Кушербаев ҳам вазирликнинг ўз шаънини демократик принциплар асосида ҳимоя қилаётгани Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун ижобий ҳолат экани ҳақида ёзган.

Deepfake видео

23 сентябрь куни Ўзбекистон тарихида кузатилмаган янгилик бўлди. Шу куни мамлакат президенти БМТ юқори минбаридан туриб илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлади. Нутқ арафасидаёқ бу янгилик Ўзбекистондаги кўпчиликнинг олқишига сабаб бўлиб улгурди.

Бир вақтнинг ўзида эса, ижтимоий тармоқда президент Шавкат Мирзиёев шахси ва сўз эркинлиги билан боғлиқ бир масала кўзга ташланди.

Hook.report нашри журналисти Влад Авдеев ўзининг Telegram даги блоги чатига обуначилардан бири президент сурати асосида ишланган ҳазиломуз видеони ташлагани ва бунинг ортидан президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан ушбу видеони ўчириш талаби келгани, акс ҳолда, журналист маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирилганини айтмоқда.

Аслида, дипфейк - deepfake технологияси асосида президент Мирзиёев суратидан тайёрланган бу видео бирмунча вақт олдин Tik-Tok тармоғида тарқалган эди. Унда сурат мусиқага монанд равишда турли томонларга қараб ҳаракатланади.

Би-би-си билан суҳбатлашган Влад Авдеев агентлик маъмуриятининг кичик чатларни кузатишдан бошқа муҳим иши йўқми, деган савол ўзини ҳайратга солганини айтди.

Би-би-си Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига президент шахси не қадар дахлсиз ва deepfake технологияси асосида тайёрланган қисқа видео унинг шаъни учун ҳақорат ҳисобланадими каби саволлар билан юзланди.

Агентлик вакили тез орада бу саволларга жавоб берилиши маълум қилди.

IMEI можароси нега тугамаяпти?

Сурат манбаси, Getty Images

Аввалроқ мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишда бошқа фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари норозиликларга сабаб бўлган эди.

22 сентябрь куни бундай ҳолатларнинг олдини олиш йўлида IMEI кодларини рўйхатга олишнинг янги тартиби жорий этилаётгани расман маълум қилинди.

Расмий хабарга кўра, эндиликда, қурилманинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши керак.

Содда тилда айтилса, эндиликда, телефони IMEI кодини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган ўзбекистонликнинг мобил SIM картаси ҳам ўз номига расмийлаштирилган бўлиши талаб этилади.

Ушбу янги тартиб аввалгиданда жиддийроқ норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Таниқли блогерлар янги тартиб ноқулайликлар туғдириши, бюрократик характерга эга эканини таъкидлаб, тизим операторининг бутун мамлакат аҳолиси учун амал қиладиган янги тартиб жорий этишга қанчалик ҳақли эканини савол остига олмоқдалар.

Хусусан, таниқли ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев UzIMEI ни аҳолининг тинка мадорини қуритаётган тизим, ўлароқ тасвирлаб, жуда кўпчилик ўзбекистонликлар ишлатаётган телефон рақамлари ўзининг эмас, балки яқинларининг номига расмийлаштирилганини таъкидлаган.

"Энди ана ўша фуқаролар янги телефон олса, энг аввало мобил компанияларга бориб, рақамини ўзининг номига ўтказиб олиши керак бўлади. Аҳа, раҳмат сизларга, жуда ва жуда халққа енгиллик яратиб, ғамхўрлик қилаётганларингиз учун", дея ёзган у.

Худойбердиев, шунингдек, ушбу тизим прописка режимини эслатишини ҳам қўшимча қилган.

Ҳуқуқшунос Аббос Салайдиновнинг kun.uz нашрида эълон қилинган мақоласида IMEI кодларини рўйхатга олиш тартибига тизим оператори томонидан қонунчиликка зид равишда ўзгартириш киритилган бўлиши мумкинлиги, мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига дахлдор бу масала, албатта, жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши зарурулиги ҳақида сўз боради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek